Кириш Регистрация
26/01 01:00 Барселона 1-0 Реал Сосьедад
26/01 02:00 Осасуна 2-1 Севилья
26/01 23:59 Валенсия - Атлетик Бильбао
27/01 01:00 Реал Мадрид - Атлетико
27/01 22:30 Болонья - Специя
28/01 00:45 Лечче - Салернитана
28/01 01:00 Альмерия - Эспаньол
28/01 18:00 Кадис - Мальорка
28/01 19:00 Эмполи - Торино
28/01 20:15 Жирона - Барселона
28/01 22:00 Кремонезе - Интер
28/01 22:30 Севилья - Эльче

Блог

"Манчестер Юнайтед" мухлислари

"Қизил Манчестер"

Моррисон, Погба... Янузай?

Баҳо:
+0; -0

“Агар қачонки, қайсидир футболчининг мақоми мураббийдан кўра ҳам муҳимроқ даражага чиқса, клуб – тамом” (Сэр Алекс Фергюсон)

�Мавсум бошидан буён бўлажак юлдуз сифатида тез тез тилга олиниб келган Аднан Янузай ҳақидаги гап-сўзлар “Сандерленд”га қарши ўйиндан сўнг янада авж олди. Ўша ўйинда дубль қайд этган футболчининг “Манчестер Юнайтед” билан янги шартнома тузишга шошилмаётгани эса, янги фаразларни ўртага чиқара бошлади. “МЮ” билан янги шартнома тузмасдан, “Ювентус”га эркин агент сифатида ўтиб кетган Пол Погба воқеаси эслана бошланди, зеро Янузайнинг агенти футболчига “Барселона”, “Бавария”, “Ювентус” ва “Манчестер Сити” қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумот бераётганди. “Манчестер Юнайтед” ёшлари бўйича мутахассис Тони Парк ушбу вазиятни таҳлил қилди ва Янузай билан боғлиқ ҳолат Пол Погба воқеасига ўхшамаслиги ҳақидаги фикрларни асослаб берди. Эътиборингизга ушбу таҳлилий материални ҳавола қиламиз.

Девид Мойеснинг мавсумолди турнеси учун эълон қилган таркибида Жесси Лингард, Майкл Кин, Аднан Янузай каби исмларни кўриш мен учун ёқимли эди. Мавсум бошлангач, Лингардни таркибда кўпроқ кўрсам керак, деб ўйлагандим, аммо Янузайнинг парвози барчага соя ташлай олди. “Сандерленд”даги ўйиндан сўнг эса футболчи барча газеталарнинг бош саҳифаларидан жой олгач, жуда кўп мухлислар Пол Погбани эслай бошладилар. Бунинг устига “МЮ” академиясининг бошқа вакили Равель Моррисон “Вест Хэм” таркибида ажойиб гол ургач, ушбу ҳолатлардан қандайдир тенденция яратмоқчи бўлдилар.

“Биз Янузайни Моррисон ва Погбага ўхшаб йўқотиб қўймаслигимиз керак”, “Фергюсон Погба неча пул сўраса бериши керак эди”, “Юнайтед” Погба ва Моррисон билан боғлиқ ҳолатларда адашганди” – ушбу йўналишдаги фикрлар спорт блоглари ва ижтимоий тармоқларда тўлиб кетди.

Мен Фергюсон юқоридаги икки ҳолат бўйича тўлиқ ҳақ бўлган ва Янузайнинг ҳолати тамомила бошқача, деган фикрдаман ва буни асослашга ҳаракат қиламан.

Демак, Пол Погба. Келинг, асида қандай бўлганини бир бошдан хотирлаймиз.

1. Погбанинг бизга “Гавр”дан келиши бироз ноаниқ вазиятларда амалга ошганди. “Гавр” клубни футболчи юзасидан нотўғри иш олиб борганликда айблади ва УЕФА га шикоят ёзди. УЕФА шикоятни рад этди. Хуллас, Погбанинг аввалги клуби билан алоқаси у қадар яхши бўлмаган.

2. “МЮ” академияси таркибидаги ўйинларда ўзининг юксак салоҳиятини намойиш қила олди ва уни порлоқ келажак кутиб турганини таҳмин қила бошладилар.

3. Погба 2010/11 мавсумни ажойиб ўтказиб, жамоага Ёшлар ўртасидаги кубокни олишга ёрдам берди. У ва Моррисон жамоанинг энг истиқболли ўйинчилари сифатида қайд этила бошландилар.

4. Кейинги мавсум ўртачароқ кечди. Погба баъзи ўйинларда юқори савияни намойиш этиш билан бирга, баъзи ўйинларда ўртача, яна бошқа ўйинда эса майдонда умуман кўринмаган пайтлари бўларди. Барқарорлик –футболчининг савиясини белгиловчи энг муҳим омиллардан бири. Қанча талантларни биламиз, айнан шу хислатнинг йўқлиги туфайли юқори даражага чиқа олишмаган. 

5. Фергюсон футболчини энди юқори савияда, яъни асосий таркибда синаб кўриш вақти келганини англади ва асосий таркибга жалб қилди. Погба Лига кубоги доирасида уч ўйинда майдонга чиқади, ва айтиш жоизки, жалб қилувчи таассурот қолдирмади. “Лидс” ва “Олдершот”га қарши ўйинлар Погба бор иқтидорини намойиш қилиш учун яхши имконият эди, аммо у бундан фойдаланмади. Аммо баъзи эпизодлардагина унинг ростанам талантли футболчи эканини сезиш мумкин эди.

6. Энди ўша машҳур “Блекбэрн”га қарши ўйинга келамиз. Ўйиндан олдин матбуотда Полнинг қўйидаги фикрлари чқди: “Фергюсонга мени майдонга тушириши мумкинлигини айтдим”

Ўшанда таркибда жароҳатланганлар сони жуда кўп эди ва Фергюсон тажрибалироқ бўлган Пак Жи Сунни танлади. Ярим ҳимоя марказида эса Кэррикка шерик қилиб Рафаел майдонга тушиши бироз риск бўлди, албатта. Танаффусга келиб, қарор нотўғри бўлгани ойдинлашди ва босс жангга Андерсонни ташлади. Ўша паллада Погбанинг статуси фақат уч ўйинда захирадан майдонга тушган ва резерв таркибда ўртача ўйин намойиш қилган талантли футболчи эди холос. Мураббийда оғир кечаётган ўйинда уни майдонга тушириш учун мантиқий асос йўқ эди. Агар Ферги марказни Рафаелга ишонган бўлса, бундан энг аввало, Андерсон хафа бўлиши керак эди.

Шунингдек, 18 ёшли ўсмирнинг майдонга кимни тушириш кераклиги ҳақида фикрлаши мураббийга қандай таъсир қилгани ҳам алоҳида масала. Жамоага гол керак эди, Андерсондан сўнг, ҳужумда ҳаракат қиладиган Уилл Кинга ишонч билдирилди, Погбага навбат етмади. Фергюсондан бошқа ҳеч ким таркиб танлашда қандай режага амал қилинганини айтиб беролмайди. Балки шу орқали Фергюсон Погбани синагандир, балки у ҳали тайёр эмас, деб ҳисоблагандир.

7. Шунга қарамай, Фергюсон Погбага янги шартнома таклиф қилди. Футболчининг агенти эса футболчининг асосий таркибда майдонга тушишига кафолат талаб қилди. Ҳатто мавсумда минимум нечта ўйинда майдонга тушишигача шартномага қайд этилишини истади. Фергюсон, умуман дунёдаги ҳеч қандай тренер бунақа кафолатни бермайди, нега энди 18 ёшли футболчига истисно бўлиши керак? Футболда ҳеч нарсага кафолат йўқлигини исботлаш учунгина Фергюсон ўз вақтида Рунидек футболчини захирада олиб ўтирганини эсланг.

8. Погбага Англия чемпионатида ҳам, Европа Лигасида ҳам имконият берила бошланди. Март ойида у кетма кет уч ўйинда захирадан майдонга тушди. Шу орқали Фергюсон аста секинлик билан катта футолга олиб кириш жараёнини бошлади. Мураббий Погбага келаси мавсумда кўпроқ имконият беришини кўп бор таъкидлаган бўлса-да, футболчи шартномани узайтиришни истамади. Таъкидлаш жоиз, Погба майдонга тушган ўйинларда ёмон ўйнамади, иқтидорли футболчи эканини пайқаш қийин эмасди, аммо ўша ўйинларда бошқалардан кўра бошқачароқ муомала талаб қилиниши керак бўлган даражада зўр ҳам эмасди.

9. Мавсум сўнггида Погба бир нечта клублар билан музокаралар олиб борди ва “Ювентус” вариантида тўхталди.

10. Фергюсон Погбани фикридан қайтаришга уринди, лекин бу самара бермади.

Шунақароқ.

Бир футбол агенти билан шу масалада гаплашганимда унинг фикри шундай бўлганди: “Погбага нотўғри маслаҳатлар беришган. “Юнайтед”нинг таклифи эса шу ёшдаги, шу иқтидордаги футболчилар учун жуда муносиб эди”

Асосий таркибда майдонга тушириш кафолатига келсак, нима деб ўйлайсиз, Фергюсон муҳим ўйинга унга тайёр эмас, деб ҳисоблайдиган ўйинчини туширишга мажбур бўлиш керакми? Ёки айтайлик, клуб футболчига мавсумда 30 ўйинда майдонга тушириш кафолатини беради. Хўш, унинг спорт формаси тушиб кетса ёки ўсишдан тўхтаб қолсачи? Англия ва Италия чемпионати ўртасидаги фарқни пайқаш қийин эмаску? Қизиқ ҳолат. Ёки Погбанинг ўз даражасидан кўпроқ маош олиши клуб муҳитида ҳам тузатиб бўлмас муаммоларни келтириб чиқармайдими?

Ишга бўлган муносабат ҳақидаги гап-сўзлар ҳам қизиқ: Пол Скоулзнинг таркибга қайтишидан Погба хафа бўлган экан. Клеверли эса, ўзининг жуда хурсандлигини, тажрибали фтуболчидан ўрганиш имконияти пайдо бўлганини, айтганди.

Қисқа қилиб айтганда, Погбаннинг клубни тарк этганига сабаб, у ёки унинг агенти сабрсизлик билан клубга ўз шартларини қўймоқчи бўлишгани. Шартномага икки тараф рози бўлиши керак, Пол Погба эса рози бўлмаганди. Сенда бўлмаган нарсани асраб қолишнинг имкони йўқ – бизда эса Погба исмли футболчи бўлгани билан унинг садоқати йўқ эди. 

Хўш, энди Равел Моррисон. Мана буни ўйинчи деса бўлади. Ҳаммаси оддий.

Унинг ўйинларини кўриб, у аниқ “МЮ”юлдузи бўлади, деб ҳисоблардим. Мен шудай хулосани фақат уч футболчига қараб айта олганман: Норман Уатсайд, Райан Гиггз ва Пол Скоулз. 

Равел Моррисон – клуб системасидан ўтган энг иқтидорли ўйинчилардан бири. 7 ёшида бизга келган, ўзининг айтишича, “Арсенал”га мухлислик қиларди, Анри унинг кумири бўлган. Уни 13-14 ёшидан бошлаб кузата бошлаганман, ўшандаёқ у майдонда ҳамма нарсани қила оларди. Афсуски ёш иқтидорга футболдан ташқаридаги муаммолар салбий таъсир кўрсатди.

Равел қийин шароитларда ўсган, унинг ўсмирлик ҳаёти турли қилмишларга гувоҳ бўлган. Масалани чўзиш ниятим йўқ, ростанам қизиқсангиз, интернетни титиб кўришингиз ва Моррисоннинг ўсмирлиги, бандитлар орасидаги воқеалар, ўғриликлар-у, машғулотлардан қочиш – барчасини топишингиз мумкин.

Клуб бундай иқтидорли футболчини тўғри йўлга солиш учун қўлдан келган барча ишни қилди. У билан Рио Фердинанд суҳбатлар ўтказди, психолог қабулларини ташкил қилишди, ҳатто кўпчилик ундан хафсаласи пир бўлганда ҳам Фергюсон Равел учун курашди.

Аммо бундай хос муносабат жамоадаги бошқа футболчиларга ҳам таъсирини кўрсатмай қолмасди - “Нега мен машғулотларда қатнашамн-у, Моррисон келмаса ҳам бўлаверади?”. Клуб доим, ҳар қандай шахсиятдан устун бўлиши керак, шунинг учун ҳам Фергюсон уни бошқа клубга бериб юборишга мажбур бўлди. Муҳитнинг ўзгариши ҳамма учун фойдали бўларди. 

Хулоса қилиб айтганда, икки қобилиятли футболчининг “МЮ” асосий таркибидан ўрин олмагани бир бирига ўхшамаган сабаблар билан вужудга келган. Ҳар икки футболчига ҳам етарлича имконият берилган, таъкидлаш жоизки, Моррисон бу борада ишончлирок қўринганди. Энди, бугунги қаҳрамон – Янузайга ҳам етиб келдик.

Аввало айтиш керакки, Аднан Янузай Моррисон каби “кўча муаммоларидан” ҳоли ва Погбадан фарқли равишда ишга бўлган муносабати ҳам жойида. 2011 йилнинг март ойида, у жамоага келганида 16 ёшли нозик ўсмир йигитча бўлса-да, иқтидорини пайқаш унчалик меҳнат талаб қилмасди. Гавда қисми билан ҳаракатлар, юқори тезланиш, тўп назорати ва мукаммал совуққонлик – буларнинг ҳаммаси 50 йил олдин Манчестерга келган Белфастлик йигитни (Жорж Бест назарда тутилмоқда) эслатарди.

Янузай U18 жамоада муваффақиятли қатнашди, аммо 2011/12 мавсумни жароҳат туфайли эрта якунлашга мажбур бўлди. Кейинги йил ҳам у ўсишда давом этди, 2012 йилнинг декабридаги Ёшлар кубоги доирасида кечган “Бернли”га қарши баҳс эса бурилиш нуқтаси бўлди.�

“Юнайтед” жуда ёмон ўйин ўтказди. Ўйиндан кейин ечиниш хонасига кириб келган Фергюсон ўз ғазабини Янузай учун алоҳида сочди. Фергидан “шамол келса учириб кетади”, “иқтидорини ҳавога совуряпсан”, “мушукчага ўхшаб ўйнайсан” қабилидаги ва бошқа жуда кўп эътирозларни эшитган Янузайга ўша куниёқ, бутунлай тескари гап ҳам айтилди: “Сизни U21 га ўтказамиз ва бор имкониятингизни ишга солишингизни кутамиз” 

Тарбиявий соат ижобий таъсир қилганди, Янузай янги жамоада барқарор ўйин кўрсата олди. Мукофот куттирмади, баҳорда, Фергюсон клубдаги ўзининг энг охирги ўйини заявкасига 18 ёшли футболчини ҳам киритди.

Мана шу ерда Янузай ва юқорида тилга олинган икки футболчи орасидаги асосий фарқ ўртага чиқади – Янузай унга берилган имкониятдан фойдалана олди. У мавсумолди турнесида ҳам яхши томонларини кўрсатди, Фердинандга бағишланган ўртоқлик ўйинида ҳам, “Уиган”га қарши суперкубок баҳсида ҳам таассурот қолдира олди. “Сандерленд”га қарши жамоага учқун керак бўлганда эса, Янузай ўз ишини қилди. Унинг биринчи голи тўпсиз ҳаракатнинг ажойиб намунаси бўлса, иккинчи гол ижро маҳоратидан дарак берди.

Янузай уни рад қилиш учун ҳеч қандай имконият қолдирмади ва шартнома тузиш столига ўзининг энг асосий ва катта аргументини қўйди. Майдондаги ҳаракатлар, ишга бўлган муносабат Аднан ва унинг агентига “МЮ” билан музокараларда ҳал қилувчи устунликни тақдим этди. Энди у билан шунга мос гаплашадилар ва Аднан бунга ғақли эканини амалда ҳам исботлай олди. Айнан шу жиҳат Погба ва Моррисонда етишмаганди.

“МЮ” ўз ёшларини асосий таркибга жалб қилиш бўйича Англияда энг яхши кўрсаткичга эга. Мавсум охирида якунига етадиган Янузайнинг шартномаси вазиятга бироз босим бўлаётгани ва тезкорликни талаб қилаётгани табиий. Мана шу жиҳатдан кўпчиликнинг фикрига қўшиламан, “Манчестер Юнайтед” ва Мойес уни қўлдан чиқармасликлари шарт.

Сўзимнинг охирида эса, Пол Погба ва Равел Моррисонга ҳам омад тилаб қоламан ва уларга ўз иқтидорларини борича юзага чиқара олишлариги умид билдираман. Аммо улар энди бошқа клубларда тўп сурмоқдалар, “МЮ” мухлислари учун эса ортга қарамай, келажакни ўйлаш ва етишиб чиқаётган янги иқтидорлардан завқ олиш вақти келди.

Тони Парк



Киритилган сана: 10.10.2013 13:12. Ўкилди: 5566 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

Билдирилган фикрлар:


RESPECTUZ
Сана: 11.10.2013 07:44. RESPECTUZга ёзиш
+0; -0
Kimnidir iqtidori erta ochiladi, kimnikidir kechroq va yana kimlarnikidir umuman...

Ушбу фикрга жавобан


REDBULL
Сана: 10.10.2013 15:09. REDBULLга ёзиш
+0; -0
погба соткин эди буни олдиндан биламан

Ушбу фикрга жавобан


MENBUYUK
Сана: 10.10.2013 15:07. MENBUYUKга ёзиш
+0; -0
avvalo tartib intizom olg'a MU

Ушбу фикрга жавобан

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.