Кириш Регистрация
01/06 19:30 Бунёдкор 0-3 Нефтчи
02/06 00:00 Боруссия Д 0-2 Реал Мадрид
02/06 19:00 Андижон - Пахтакор
02/06 19:30 Насаф - Локомотив
02/06 21:00 Аталанта - Фиорентина

Бахтиёр Ашурматов: “Керакли очколар қўлга киритилмаса истеъфога чиқишга тайёрман”

Баҳо:
+2 | -

Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган “Нефтчи” ва “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги учрашув якунлангач, “Навбаҳор” бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов ўзини ноқулай сезганлиги боис матбуот анжуманида иштирок эта олмаганди. Орадан маълум вақт ўтгач, Бахтиёр Аъзамович “Нефтчи”га қарши ўтган ўйин ва бошқа масалалар борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
 
- «Нефтчи» билан бўлган ўйиндан кейинги ўтказилган матбуот анжуманига кира олмаганим учун матбуот вакиллари ва мухлислардан узр сўрайман. Ҳар доим матбуот вакилларига ҳурматда бўлиб келганман ва кеча ҳам кирмоқчи эдим. Лекин, ўйиндан кейин жуда қаттиқ руҳий тушкунликка тушиб қолдим. Матбуот анжуманига кирганимда “Навбаҳор” жамоасидан ишдан бўшаш ҳақидаги фикрга келдим деб айтишим мумкин эди. Жамоа раҳбарлари шошилинч қарор қабул қилманг дейишгани учун озгина ўзимга вақт олдим ва матбуот анжуманига кира олмадим, - дея гап бошлади Ашурматов.

Шундан сўнг Ашурматов “Нефтчи” билан бўлиб ўтган учрашув борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди: - Авваламбор, «Нефтчи» билан бўлган ўйиндаги мағлубият учун жамоамиз номидан мухлисларимиздан узр сўрайман. Мухлисларимиз жамоамизни ажойиб даражада қўллаб-қувватлаб туришди. Лекин, афсус биз ўйинда мухлисларимиз кутган натижани кўрсата олмадик. Жамоамиз учрашувга муносиб тарзда тайёргарлик кўргандик. Йигитларга бу ўйин мухлисларимиз ва жамоамиз учун жуда ҳам керакли ўйин эканлигини таъкидлаб ўтгандим. Ўзим ҳам ўйиндан олдин жуда тушкун аҳволдаман, учрашувдаги ғалаба билан қайсидир маънода ёрдам бера оласизлар деб илтимос қилган эдим. Футболчиларимиз ҳаракат қилишди. Бироқ, баъзи футболчиларимиз ўз имкониятлари даражасида ўйин кўрсата олишмади. Нимагадир «Нефтчи» жамоаси биз билан бўлган баҳсларда ўзининг энг яхши ўйинини намойиш қилса, жамоамиз ўз имкониятидан паст даражада ўйин курсатади. Рижко “Металлург” билан бўлган ўйиндан кейин уйига кетиб вақтида етиб кела олмаганлиги сабабли битта ойлик маоши миқдорида жаримага тортилди. Агар жамоамиз биринчи даврани ўзидаёқ ўз ўйинини тиклаб, биринчи даврани камида олдинги саккизта ўриндан бирида тугатмаса, футболчилар келишилган кўтарма пулининг иккинчи қисмидан маҳрум бўлишади. Агар жамоа йил якунига кўра ўтган йилги натижани яхшиламаса мавсум охирида олиши керак булган кўтарма пулини олишмайди. Биз селекция ишларини жамоани ўтган йилгидан кучлироқ қилиш ниятида олиб бордик. Мавсум олди йиғинида ўзини яхши томондан кўрсатган Георгиев чемпионат бошлангач бўш ўйин кўрсатди. Бобожонов жароҳат олган бўлса Мамадалиев эса биринчи турларда асосий таркибга кира олмади. Худо хоҳласа бу йигитлар ва жамоа ўз ўйинини топиб олади ва жамоа мухлислари кутган ўйинни намойиш этишади. 

Жамоа чемпионатни муваффақиятли бошлай олмаганлиги боис мухлислар жамоанинг ўйинидан норози бўлишмоқда. Мураббий ишқибозларнинг ҳолатини ҳам тушуниб турганлигини билдириб ўтди: - Мухлисларимизни ҳам тўғри тушуниш керак ва улар қачон жамоа ўз ўйинини топар экан деб кутишни хоҳлашмайди. Тезроқ жамоада мураббийлар штабида ўзгариш бўлишини исташади. Шуларни инобатга олиб агар жамоа навбатдаги учта турда вазиятни ўнгламаса ва керакли очколар қўлга киритилмаса истеъфога чиқишга тайёрман. 

Бахтиёр Ашурматов “Навбаҳор” жамоасида айни пайтда юзага келган муаммолар хусусида ҳам фикр юритди: - Жамоадаги муаммолар тўғрисида гапирар эканмиз молиявий вазият тўғрисида ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Йил бошида жамоага автобус олинади деб ваъда берилганди. Лекин, автобусдан дарак йук. “Нефтчи» билан бўлган ўйинга жамоа аъзолари билан енгил машиналарда ўйингоҳга кириб келар эканмиз, ўйингоҳ олдида турган «Нефтчи»нинг автобусини кўриб ҳавасимиз келди. Жамоа футболчилари ва ходимлари декабр ойидан бери ойлик олишгани йўқ. Яхшиям ўтган йили ёрдам қўлини чўзган ҳомийимиз кўмак бериб турибди. Уларнинг ёрдамида футболчиларга ваъда қилинган кўтарма пулларининг биринчи қисмини бердик. Лекин, мураббийлар штаби вакиллари ва бошқа ходимлар тўрт ойдан бери ойлик олишгани йук. Йигитларга ҳам бир томондан қойил қолиш керак. Футболчилар шу пайтга пул бўлади дегани учун бирорта жамоа раҳбарига пул қачон бўлади деган саволни беришгани йўқ. Қолмишига йўқ ойликни футболчини интизомни бузгани учун жаримага тортамиз. Буни айбдор бўлганлиги сабабли тўғри қабул қилади. Тўғри вилоят ҳокимлиги ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Лекин, жамоа ўз автобуси ва қароргоҳига эга бўлмаганлиги сабабли, жамоа бутун йил давомида хоҳ Наманганда, хоҳ Тошкентда бўлсин меҳмонхоналарга пул тўлаб яшамоқда. Шу билан биргаликда автобуслар ҳам ижарага олинмоқда. Бу эса ортиқча сарф харажатни талаб қилади. Яхшиям клуб директори Ғанишер ака Исмоилов меҳнаткаш ва футболга жонкуяр инсон. Бу инсон маблағ йўқ пайтда ҳам жамоага шароит яратиб бермоқда. Кейин клуб ҳисоб рақамига маблағ тушса қарзларни тўлаш билан машғул бўламиз. Вилоят ҳомийлари ўтган йил ҳисобидан клубга беришлари лозим бўлган ҳомийлик маблағини беришмани учун биз футболчилар олдидаги қарздорликни “Кито Интернационал” бу йил учун бериши керак бўлган маблағ ҳисобига ёпдик. Ростини айтсам жамоа билан ниятларим катта эди. Биз ишлаган пайтда жамоа ўз автобусига эга бўлади, жамоа базаси футболчилар ихтиёрига топширилади. Шу билан биргаликда машғулот ўтказиш учун захира майдони таъмирдан чиқарилади деб ўйлагандим. Наманганда мухлислар футболни севишини эътиборга олиб Федерациямиз раҳбарлари ёрдам қўлини чўзиб, “Навбаҳор”га ҳомий топиб беришди. Жамоа базасини ва захира ўйингоҳини таъмирлаш учун кетадиган маблағнинг ярмига ёрдамлашамиз дейишди. Лекин, база ва захира ўйингоҳи Наманганга керак эмас шекилли. Бошланган иш бошланмасдан ҳам тўхтаб қолди. Агарда вилоят раҳбарлари озгина ҳаракат қилишганида Наманган футболининг келажак авлодига автобус, футболчилар учун база, машғулот ўтказишлари учун захира майдони қоларди. Ўз навбатида бу ишлар келажак авлоднинг соғлом муҳитда камол топишларига туртки бўларди. “Навбаҳор” жамоасини етакчи клублар қаторига киришида мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтаб берарди. Фикримча бу ишлар Намангандаги фаолиятимга тўғри келмаса керак. Чунки яқин турларда жамоа ижобий натижаларга эришмаса истеъфога чиқаман. Бу муаммоларни жамоани муваффақиятсиз иштирокини оқлаш учун эмас, балки ҳақиқат гапирилса шу масалалар ўз ечимини топар деган мақсадда айтяпман. Ҳозир ўрнимга кўз тикиб турган мутахассислар, ишдан кетишими хоҳлаётган мухлислар бор. Агар ишдан кетишим тўғри қарор бўлганида йил бошидаёқ бу масала кўриб чиқилганди. Шу сабабли аниқ айтишим мумкинки, ўрнимга келадиган мураббийга осон бўлмайди. Тўрт ойлаб ойлик олмаган жамоада тартиб-интизомни сақлаб туриш, йигитларни ўйинга тайёрлаш, ҳозир жамоада ҳукм сураётган ажойиб муҳитни сақлаб туриш ҳеч қайси мураббийга осон бўлмайди. Айни пайтда жамоада юқори вазифаларни бажара оладиган ажойиб йигитлар йиғилишган. Жамоа мавсум бошидаги муваффақиятсиз ўйинлардан кейин руҳий тушкунликка тушиб қолган. Йигитлар бу вазиятни тезроқ енгиб ўтишса албатта яхши натижаларга эришилади. Ўзим ҳам шундай вазиятдаман. Агар мухлислар ва жамоа раҳбарлари ҳозироқ мураббийларни алмаштирадиган пайт келди ва кутишга хожат йўқ деган фикрга келишса эртагаёқ истеъфо масаласи бўйича раҳбарлар билан кўришиб бу масалани муҳокама қилишга тайёрман. Мухлисларга эса худо хоҳласа суюкли жамоаларининг чиройли ўйинлари ҳали олдинда деб қоламан. Мухлислар доимо соғ бўлишсин. 

Ашурматов “Нефтчи”га қарши ўтган ўйинни бошқарган нафақат мамлакатимизнинг балки жаҳоннинг ҳам энг яхши ҳакамларидан бири Равшан Эрматов хусусида ҳам сўз юритди: - “Нефтчи” билан бўлган ўйиндаги ҳакамлик тўғрисида тўхталиб ўтишни истардим. Равшан Эрматов учрашувни ажойиб даражада, профессионалларга хос тарзда ўтказди. Одилона ва холис ҳакамлик учун жамоа номидан ҳакамларга ташаккур айтаман. Бундай ҳакамлик ўйинларни безайди ва чемпионатга ўзгача шукҳ бағишлайди. Бошқа ҳакамлар ҳам ўйинларни шундай одилона бошқаришса чемпионатимиз янада кучайиб боради.

Манба: pfcnavbahor.uz
Киритилди: 00:43, 06.04.2015.
Ўқилди: 6147 марта.
Фикрлар: 35 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.