Kun.uz: Айни вақтда “Ювентус” таркибида ҳаракат қилаётган аргентиналик ҳужумчи Карлос Тевес ўзининг АПЛдаги фаолиятини эслаб, фикр билдирди.
“Мен “Манчестер Сити”га ўтиб хато қилгандим. У ерда жамоа билан бир-биримизни тушунмасдик. Ўзимни жуда ёмон ҳис қилардим. АПЛ жамоаларига гол уриш жуда осон эди. Доим олдинга ўтиб кетаверардик, рақибларнинг яримҳимоя чизиғи жуда кучсиз бўларди ва фақатгина дарвозага гол киритиш керак эди”, дейди Тевес.
“Италияда эса ҳужумчилар 5 нафар ҳимоячи назоратида бўлади, бу ердаги жамоаларга гол уриш Англиядагидан анча қийинроқ”, деб ёзади ўз твиттерига Карлос Тевес.
Эслатиб ўтиш жоизки, Карлос Тевеснинг АПЛда ўтказган охирги мавсумларида “шаҳарликлар”нинг ўша вақтдаги мураббийи Роберто Манчини уни асосий таркибга туширмай қўйган, унга ўйиннинг охирги 10 дақиқалигида имкон берар эди.
Карлос Тевес Италияга келгач, ўзининг юқори спорт формасида эканини намойиш этди ва ҳар мавсумда “Ювентус”нинг асосий тўпурари бўлиб келмоқда. У жорий мавсумда А сериянинг 27 ўйинида майдонга тушди ҳамда 17 гол уриб, 8та голли узатмани амалга оширди.