Мирко Вичуничнинг ҳаётий ақидалари. Черногориялик ҳужумчи аввалига Италия футболида анчагина ёрқин из қолдирди ва кутилмаганда, Осиё, аниқроғи БААга йўл олди. Кейин эса кутилганидек, дарҳол «пулемётчи» - голеадорга айланди. Умуман, ҳужумчининг «Ал-Жазира»да бош ролни ўз қўлига олиб, тинмай гол ураётганидан сира ажабланмаслик керак. Зеро, у «А» сериясидаёқ энг нозиктаъб мухлисларни-да ҳайратга солувчи голларга муаллифлик қилганди. Маълум сабабларга кўра, февраль ойида «Ал-Жазира» таркибида Тошкентга келолмаган (ОЧЛ-2015 саралашининг «плей-офф» ўйинига) Вичунич тўхтовсиз равишда дарвозабонларни ожиз қолдириш баробарида (БАА про-лигасининг жорий мавсумида 20тадан ортиқ гол уриб, тўпурарлар пойгасида энг яқин таъқибчисидан деярли икки баравар олдинлаб кетди) чиройли ва очиқ-ошкора гапиришга ҳам уста. Мана, Sports.ru сайти Мирконинг эътиборли фикрларини бир жойга жамлади. Уларга қараб, ҳужумчининг характери хусусида муайян хулоса чиқариш мумкин.
ҚўрҚув ҳисси йўҚлиги ҳаҚида
2011 йилнинг кузида Черногория миллий жамоаси Евро-2012 саралаш босқичи доирасида англияликларни қабул қилди. Мирко Вичунич ўйин арафасида ўз фикрларини баён этиб, кучли рақибдан заррача чўчимасликларини алоҳида таъкидлади: «Ҳеч нарса бизни қўрқувга солмайди, Югославия тарқалиб кетгач, юзага келган уруш вақтида ҳам ҳеч кимдан чўчиганимиз йўқ. Шундай экан, нега энди ҳозир қўрқишимиз керак?» (Goal.com).
Пул ҳаҚида
2011 йили моҳир ҳужумчи даражасига чиққан Вичунич аср бошида Россия клубларидан манфаатли таклифлар олгани, бироқ бу мамлакатга йўл олиш варианти устида ортиқча бош қотирмаганини ошкор этди: «Шубҳа йўқки, пул жуда муҳим, аммо ҳозирги ҳаётда максимал даражада аҳамият касб этмайди. Муайян вазиятларда умумий ҳолатни назарда тутиб, барчасини ўйлаб кўриш мумкин. Айтайлик, Кака «Манчестер Сити» таклифи хусусида ўйлаб кўрса арзийди. Мисол учун, мен «Лечче»да ўйнаётганимда, Россиядан ўта манфаатли таклифлар олгандим. Аммо умумий ҳолат нуқтаи назаридан уларга қиё ҳам боқмаганман. Чунончи, Италияда қолиб, ўзимни юксак даражада кўрсатишни хоҳлаганман» (Gazzetta dello Sport).
Майдонда рақибни аямаслиги ҳақида
2007 йилнинг кузида «МЮ» ўз майдонида «Рома» (ЧЛ гуруҳ босқичи 2-тури)ни 1:0 ҳисобида енгди. Вичунич бу ўйинда Криштиану Роналдунинг юзига тирсаги билан зарба бергани туфайли ёдда қолди. Ўшанда португалияликнинг ўнг қоши ёрилган ва тиббий ходимлар жароҳатни 4та чок билан тикишдан ўзга чора тополмагандилар. Манкунианлар бош мураббийи Алекс Фергюсон учрашувдан сўнг черногорияликни жиддий танқид остига олди: «У қасддан шундай қилди». Футболчининг ўзи эса вазиятни оддийгина изоҳлади: «Майдонга тушдимми, ўзимни ҳам, рақибни ҳам аямайман. Қасддан зарба бериш ҳақида эса гап бўлиши мумкин эмас. Ҳаммаси ички туғёнлар самараси...» (Gazzetta dello Sport).
Жарималар ҳақида
«Рома» мавсум-2006|2007да айнан Мирко Вичунич голи эвазига азалий рақиби - «Лацио»ни 3:2 ҳисобида доғда қолдирди. Ўшанда Мирко «Рим дербиси»да илк марта гол урганиданми, хурсандчиликда меъёрни сал унутиб қўйганди. Яъни ўз муваффақиятини футболкасини ечиш билан нишонлади. Ушбу хатти-ҳаракат ҳужумчига 5 минг еврога тушди. Мирко кейинчалик моддий жаримага қуйидагича изоҳ берди: «Агарда муҳим голнинг баҳоси шунча бўлса, бундан кўпроқ тўлашга ҳам тайёрман. Албатта, турли жазоларга тортилиш мен учун ёқимсиз ҳолат. Умид қиламанки, мураббий мендан хафа эмас. Ахир тушунинг, «Рим дербиси»да гол уриш футболчига чексиз эҳтирос улашади» (Gazzetta dello Sport).
Яхшиликка яхшилик қилиш ҳақида
Ҳужумчи 2009 йилнинг ёзида Европанинг турли машҳур клубларидан манфаатли таклифлар олди. Бироқ якунда Римда қолишни маъ-қул кўрди ва ўз қарорини ажойиб тарзда шарҳлади: «Ҳа, гап-сўзлар кўп, уларнинг айримлари ҳақиқатга яқин. Бироқ мен Римда қоламан. «Рома» билан тузган шартномам барчасига далил. Бу клубни бежиз танламадим, шу ерда футболчи сифатида ўсишга эришдим ва энди фаолиятимни нега бошқа жойда давом эттиришим керак? Чунончи, «Рома» таркибидаги дебют мавсумимдан сўнг ўзимни ўзим жамоадан ҳайдашга тайёр тургандим. Лекин шундай ҳолатда ҳам клуб менга ишонди, имконият берди. Айнан шу ишонч туфайли халқаро даражадаги футболчига айландим. Буни унутишим жоиз эмас» (Rоmа Channel).
Ёввойи эҳтирос ҳақида
«Рома» 2008|2009 йиллар мавсумида «Кальяри»ни ўта кескин курашлар остида ўтган учрашувда мағлубиятга учратди - 3:2. Ғалаба голини охирги дақиқаларда айнан Мирко Вичунич урди. У ўша лазҳада ақлини бутунлай йўқотиб қўйди, гўё. Яъни ғалаба голи шарафига бу сафар нафақат футболкаси, балки ...трусасини ҳам ечиб ташлади. Табиийки, ҳакам буни эътиборсиз қолдирмади, аммо футболчига сариқ карточка кўрсатиш билан чекланди. Қаранг, шу ҳам Миркони ҳайратлантирди: «Ўйлайманки, «сариқ»қа тортадиган иш қилганим йўқ. Нега барча либосларимни, хусусан, трусамни ҳам ечиб ташладим? Гап шундаки, ўта омадсиз ўйин ўтказдим ва якунда гол уриш насиб этганидан сўнг ёввойи эҳтиросга берилдим. Бу голни бир умр эслаб қоламан. Ўта оғир оқшом бўлди. Мен 4та ёки 5та қулай имкониятни кўкка совурдим. Шунинг учун охирги аниқ зарба бемисл хурсандчилик тақдим этди. Ўзи 4 кун маш-ғулотларга қатнашмагандим ва бу билинди: улгудай чарчадим. Ҳакамлар баъзан ўйин жараёнида футболчиларни қуршаб оладиган ёввойи эҳтиросларни ҳам инобатга олишлари зарур» (Sky Sport Italia).
Мухлислар билан муносабат ҳақида
2013 йили «Ювентус»нинг очиқ машғулотларидан бири жараёнида нотаниш мухлис Мирко Вичунични ҳақоратлагандек бўлди. Болқонлик жиззаки йигит бунга чидай олмади ва унинг олдига бориб, муштлар ёрдамида орани очиқ қилишга уринди. Фақат жамоадошлари воқеани йирик жанжалга айланиб кетишига йўл қўйишмади. Яъни улар Миркони вақтида тўхтатиб қолишга улгуришди. Вичуничнинг бу воқеага изоҳи: «Аслида мухлислар билан муносабатим яхши. Аммо ҳақоратга сира тоқат қилолмайман. Шу - холос» (Gazzetta dello Sport).
Биринчи муҳаббат ҳақида
2011 йилнинг кузи. «Ювентус»ни «Милан»га қарши муҳим ўйин кутяпти. Шу вақтда Мирко қўққисдан болалик чоғи ...«Милан»га мухлислик қилганини эслаб қолди ва буни барчага айтишни маъқул кўрди. Мирко шу билан нафақат майдон, балки унинг ташқарисида ҳам кескинлик келтириб чиқаришга уста эканлигини исботлади: «Ёшлигимда дарҳақиқат, «Милан»нинг фанати эдим. Ўша вақтлар клуб сафида черногориялик Деян Савичевич тўп сурарди ва унинг ҳаракатларидан кўплаб ватандошларим каби мен ҳам лол қолардим. Энди эса «Милан»га қарши бўлажак ўйинда ғалаба қозониш иш-қида ёнмоқдаман ва умид қиламанки, ўзим севган жамоа дарвозасига гол ҳам ураман» (Football Italia). Айтганча, ўша учрашувда «Юве» 2:0 ҳисобида устун келган, аммо 88 дақиқа тўп сурган Вичунич майдонни голсиз тарк этганди.













