Афсуски, айрим жамоаларда фахрий футболчиларнинг ёш касбдошлари устидан зўравонлик қилиш ҳолатлари учраб туради. Одоб-ахлоқ мезонларига зид бўлган «дед»лар тазйиқи ҳатто энг машҳур футбол юлдузларини ҳам четлаб ўтмаган. Championat.сом сайтининг қуйидаги материали шундай салбий ҳолатларга бағишланган.
Калта пайпоқлар ишқибози
«Дед»лар ҳаракати ўта хавфли иллат. У ўз қурбонларини танлаб ўтирмайди. Ҳатто Зайниддин Зидандек машҳур футбол афсонаси ҳам ўз фаолияти давомида шундай нохуш ҳолатни бошидан кечирган. Зизу ўз интервьюларидан бирида шундай деганди: «Ювентус»да чинакам «дед»лик ҳукмрон эди. Мисол учун, ўшанда мен калта пайпоқда юришни хуш кўрардим. Италиядагилар эса деярли тиззагача етадиган узун пайпоқларда юришарди. Бир куни кийиниш хонасига кирсам, жавонимдаги майдалаб ташланган пайпоқлар ёнида шундай ёзувга кўзим тушди: «Яна шундай калта пайпоқларни киядиган бўлсанг, ўзингдан ўпкала!» Вазиятни кескинлаштирмаслик учун калта пайпоқлардан воз кечдим. Шунингдек, менинг овқатланишим ҳам кўпчилик учун кулгили эрмак эди. Ахир узун макаронларни оғизга жойлаштириш ноқулай эди-да. Шу боис, мен уларни майда-майда бўлакларга ажратиб, кейин истеъмол қилардим. Бу ҳам жамоадошларимнинг калакаларига сабаб бўларди».
Ҳа, жамоадош «дед»ларнинг тажовузидан аламзада бўлган Зизу бор аламини яшил майдонда рақиб футболчиларидан олиши сабаблари бироз ойдинлашгандек бўлди.
Сартарош Неймар
Афтидан, «Суини Тодд, Флит - стритлик иблис-сартарош» фильмидаги бош ролни Жонни Депп эмас, балки бразилиялик таниқли ҳужумчи Неймар ўйнаган кўринади. Ҳар ҳолда, 2013 йили «Сантос»га қабул қилинган 3 нафар янги футболчиларни чинакам иблисона соч турмаклари билан айнан шу Неймар тақдирлаганди. Таъкидлаш жоизки, Пальмери, Жубалю ва Энрикега омад кулиб боқди - Неймар уларнинг бошларини шунчаки электр машинка билан сийпалаб қўйди, холос. Шунга қарамай, ёш жамоадошларининг қиёфаси масхарабозникидан фарқ қилмайдиган бўлиб қолди. «Сантос» ижодкорлари томонидан яратилган роликда бахтиёр ўйинчилар янги соч турмагидан мамнун эканликларини изҳор этишган. Неймар эса ўта жиддий қиёфада дағдаға қилмоқда: «Сантос»га келган ҳар бир футболчининг бошига шу кўргилик тушади!».
Умуман, Неймар - шафқатсиз йигит. Тўғри, кўпчилик қилғиликларини у ҳазил тариқасида амалга оширади. Лекин «Барселона»даги машғулотлардан бирида у Луис Суаресни «дўппослади». Аниқроғи, жамоадошининг юмшоқ ерига шапатилаб қўйди. Ватандоши Дани Алвеш эса Неймарни олқишлаб қўйди. Уругвайлик ҳужумчи эса бразилиялик касбдошининг қилиғига эътибор ҳам бермади: «Барса»да ажойиб муҳит ҳукмрон! Биз шунчаки ҳазиллашяпмиз». Қизиқ, бу сўзлари учун Суаресни жазолашмаган бўлсин-да, ишқилиб.
Қўли гул Жон Терри
Футбол юлдузларининг бутсаларини тозалаш - жамоадаги ёш футболчилар учун одатий юмуш. Шу сабабли бундай икир - чикирларга тўхталмасликни лозим топдик. Лекин шунга ўхшаш воқеаларни жуда кўп эътироф этган Жон Терри яқинда бошқа янгиликдан хабардор этди: «Челси»даги етакчи ўйинчиларга жуда кўп хизмат қилганман. Улар учун чой ёки кофе тайёрлаш менга ўхшаган «ғўр» футболчиларнинг зиммасида эди. Ҳатто баъзан ўта бемаъни ишларни бажаришга ҳам тўғри келган. Масалан, қаҳратон қиш кунларида машғулот базамиздаги ҳожатхона унитазига ўтирган ҳолда, уни иситиб турардим. Шундан кейингина «дед»лар табиий эҳтиёжларини қондирар эдилар... Албатта, ҳозирда бу ишлар ғайри - табиийдек туюлади. Лекин ўша пайтларда бу ҳеч кимни ажаблантирган эмасди».
Қизиқ, Эден Азар ва Диего Костага ўхшаган юлдузлар ҳам фақат иситилган унитазларга ўтирадиларми? Улар учун ким бу ишларни амалга оширади?
Бекхэмнинг «Қизил иблислар»га Қилган Қилмиши
Бекхэм ўзининг Манчестерга келишини шундай таърифлайди: «У ердаги таомилга кўра, жамоага келган ҳар қайси футболчи маълум синовдан ўтиши шарт. У куйлаши, рақсга тушиши ёки шунга ўхшаш қандайдир топшириқни бажариши лозим. Бу борада омад мендан юз ўгирганди - фахрий жамоадошларим Скоулз, Гигз, Батт ва ака - ука Невиллар гувоҳлигида Клейтон Блэкмор («МЮ»нинг собиқ ўйинчиси)нинг портретини булғашим лозим эди. Бу воқеани ҳозир ҳам хижолат билан эслайман».
«МЮ» синовидан ўтган Робби Савиж ҳам Бекхэмнинг фикрларини тасдиқлайди! «Умуман, ёш футболчиларни турли-туман «тест» синовларидан ўтказиш оддий ҳол эди. Бундан нафақат Бекхэм, балки уни калака қилган Гари Невилл ҳам жиддий азият чеккан».













