Етакчи клубларимиз ўтган ҳафта ОЧЛ доирасида муҳим ўйинларни ўтказишди. Энг қувонарлиси, «Локомотив» ўзбек футболи моҳиятан бошқалардан кам эмаслигини исботлаб, барчамизга завқ улашди. Яна бир бор таъкидлаймизки, бу - қувончли воқеа. Аммо Вадим Абрамов шогирдларининг бир клубга сафарда 2:6 ҳисобида ютқазиб, айнан уни ўз майдонларида 5:0 кўринишида таслим қилишлари ташвишларга арзигулик ҳодисадир. Фикримизча, ҳар икки ҳисоб тасодиф тушунчасидан холидир ва бу ўринда Вадим Абрамовнинг қарашларига қўшилиш қийин. Мураббийларимиздаги муваққат тамойилларга тасодиф ёрлиғини ёпиштириш ҳеч қачон футболимизга наф келтирмайди. Шу боис, бугун асосан еврофутболга алоқадор мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашмоқчимиз. Зеро, ОЧЛ гуруҳ босқичи ва олий лига 4-тур доирасидаги учрашувлар жиддий мулоҳаза юритишга имкон бермади. Балки бунга «Локомотив»-«Бунёдкор» учрашувини томоша қилмай мулоҳаза юритаётганимиз ҳам сабаб бўлгандир. Майли, энди асосий мақсадга ўтайлик.
Маълумки, сўнгги «Эль-класико» бўлиб ўтгач, «Реал» ўйинида ўзгача кўтарилиш кузатилди. Тўғри, «Барселона» ҳам бу орада «Сельта» ва «Альмерия»ни мағлуб этди. Ҳатто, «Альмерия» Луис Энрике шогирдларига учрашувни йирик ҳисобда бой берди. Аммо ҳар икки баҳсда ҳам «Барселона» ижросидаги ўйин мазмуни мухлисларни қониқтирмади. «Реал» ўйинида ҳаяжон ва шукуҳ яққол кўзга ташланган бўлса, «Барселона» катта куч ва маҳорат бобидаги устунлик эвазига рақибларини енгди. Умуман олганда, «Эль-класико»дан сўнг жамоалар ўйинидаги мазмунда ўзаро алмашув содир бўлгандек туюлмоқда. Ўтган йилнинг сўнгги 3 ойида «Реал» шиддаткор ўйин услуби билан мухлисларни завқлантирганди, янги йилнинг дастлабки 3 ойида эса «Барселона» барчани ҳайратлантирди. Назаримизда, «Эль-класико» билан Карло Анчелотти шогирдларидаги «тин олиш» жараёни якунланди. «Барселона» ўйинида эса аксинча, зўриқиш ҳолати бошланди.
Айни шу жиҳатларга кўра, мухлислар Испания примеросининг 31-турини ғоят интизорлик билан кутишди. «Севилья»-«Барселона» учрашуви арафасида Месси ва Роналду ўртасидаги баҳс-мунозара, тортишув авжига чиқди. «Барселона» мухлислари Ғайрат Усмонов ижросидаги қўшиқни тинглаб рақсга тушишди. ЕЛ баҳсларида дадил одимлаётган «Севилья» ҳақиқатан ҳам, Каталония фахри учун жиддий рақиб ҳисобланарди. «Реал» мухлислари «Сельта» «Барселона»ни тўхтатишидан умидвор бўлишгани рост. Лионель Месси ва унинг жамоадошлари эса бир амаллаб бу синовдан ўтиб олишди. Унаи Эмери шогирдларига қарши кечган баҳснинг дастлабки ярим соатида «Барселона» шундай ўйин намойиш этдики, мухлислар беихтиёр «Класс барибир, ўз сўзини айтади», деб юборишди. Бироқ «класс ўз сўзини айтмади». Икки тўп фарқи билан ҳисобда олдинда бораётган «Барселона»нинг ўз дарвозасидан кетма-кет 2 марта тўп олиб чиқиши кўпчиликни таажжубга солди. Негаки, аксарият ҳолларда 2:0 ҳисобида рақибини енгаётган «Барселона»нинг илҳоми жўшади. Натижада мухлислар йирик ҳисоблар гувоҳига айланишади. Бу сафар эса бундай бўлмади. «Севилья» сурурбахш лаҳзаларни бошдан кечирётганини исботлади. «Барселона» ўйинида эса айнан сурур сезилмади. Хуллас, «Эль-класико»дан сўнг ҳорғин ва оғир ўйнаётган «Барселона» ниҳоят, 2 очко йўқотди. Мухлислар ва мутахассисларнинг тахминлари бир қадар ўзини оқлади. Энди «Барселона» ва «Реал» ўртасидаги чемпионлик кураши қизғин паллага кирди. Олдинда ҳар икки клубни 7тадан учрашув кутиб турибди. «Барселона» ўз майдонида «Валенсия», «Хетафе», «Реал Сосьедад», «Депортиво» клубларини қабул қилиб, «Эспаньол», «Кордоба» ва «Атлетико» майдонига боради. Таъкидлаш жоизки, Луис Энрике шогирдлари «Хетафе», «Депортиво» ва «Кордоба»ни мағлубиятга учратишда қийинчиликка учрамасалар керак. Ла-лиганинг АПЛдан битта фарқи шунда. Ана, «Челси» аутсайдер «КПР»ни енгиш учун қанча куч-ғайрат сарфлади?! Аниқроғи, тақдир ва Куртуанинг маҳоратигина «Челси»ни мағлубиятдан асради. Ла-лигада эса вазият бутунлай бошқача. Унда етакчилар аутсайдерларни енгиш учун кўп тер тўкишмайди. Ўйини қовушмаётган «Барселона» «Альмерия»ни 4:0, «Реал» эса «Гранада»ни кўтаринки руҳ билан 9:1 ҳисобида енггани ҳам фикримизнинг далилидир. Демоқчимизки, «Барселона»нинг юқорида номи тилга олинган 3та кучсиз жамоадан 9 очко тортиб олишига тўла-тўкис ишониш мумкин. Бироз тахминларга эрк берсак, «Реал Сосьедад» ва «Эспаньол» ҳам Каталония клубига жиддий қаршилик кўрсата-кўрсата охир-оқибат, унинг қошида бош эгади. Аён бўладики, олдинда «Барселона» учун «Валенсия» ва «Атлетико»га қарши 2та ўта қийин учрашув бор.
Хўш, «Реал»даги вазият қандай? Келгуси турларда «Малага», «Альмерия», «Валенсия», «Хетафе» жамоалари Мадридга боришади. «Реал» эса «Сельта», «Севилья», «Эспаньол» майдонида тўп суради. Кўриниб турибдики, Карло Анчелотти шогирдларининг рақибларидан фақат 2таси кучсиз. Сафардаги ҳар 3та рақиб «Реал» учун хавфли саналади. «Малага» ва «Валенсия»нинг ҳам «Сантьяго Бернабеу»га шунчаки, очко туҳфа айлаш учун сафар қилмаслиги аниқ.
Юқоридаги маълумотлардан хулоса чиқарсак, Ла-лига тақвимидаги вазият «Барселона» учун нисбатан қулайроқ. Бироқ Луис Энрике шогирдлари кайфиятсиз ўйнашмоқда. Карло Анчелотти шогирдларини олдинда ноқулай рақиблар кутиб турган бўлсада, уларнинг ўйинларида мазмун ва завқ ҳукмрон. Кўрамиз, якунда тақвимдаги қулайлик устун чиқадими ёки завқ ва ўйиндаги мазмун?! Бизнингча, Ла-лига ғолиблиги учун кураш жараёнига ҳар икки буюк клубнинг ЕЧЛ чорак финал учрашувларида қандай иштирок этиши ҳам ўз таъсирини ўтказади. Чунончи, «ПСЖ»нинг «Барселона»га, «Атлетико»нинг эса «Реал»га принцпиал рақиб эканлиги барчага аён. Ҳозир «ПСЖ» ҳам, «Атлетико» ҳам ЕЧЛ ғолиби бўлиш орзуси билан яшамоқда. Ҳар икки клуб таркибидаги футболчилар ЕЧЛ чемпиони бўлишга лойиқ эканликларини исботлаш ишқида ёнмоқдалар. «Барселона» ва «Реал» таркибидаги аксарият футболчилар эса аллақачон бундай завқни бошдан кечиришган. Унутмайликки, футболда, хусусан, топ-клублар иштирокидаги баҳсларда кучли иштиёқнинг ўрни беқиёс. Лоран Блан ва Диего Симеоне каби мураббийлар буни жуда яхши билишади. Тахминимизча, бугун ва эртага улар шу омилга кўпроқ суянишади.
Ана, «Манчестер дерби»сидаги натижа ҳам бир-бирига муносиб рақиблар ўртасидаги учрашувларда руҳият ҳал қилувчи аҳамият касб этишини тасдиқлади. Зеро, бу баҳсда «шаҳарликлар» аслида анча ёрқин ўйин намойиш этишди. Хусусан, Серхио Агуэро ғалаба йўлида астойдил интилди. Лекин Луи ван Галь шогирдлари, айниқса, Феллайнининг иштиёқи уникидан устунроқ эди бу ўйинда. Фикримизча, ЕЧЛ чорак финали доирасидаги учрашувларда асосан кайфиятлар тўқнашувига гувоҳ бўламиз. «Барселона» ва «Реал» шу учрашувлар орқали маълум маънода Ла-лига ғолиблигига мустаҳкам пойдевор ҳам қўяди.
Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси