Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Али Иброҳим ал Ҳусайн ФИФАни ўзгартирмоқчи

Баҳо:
+ | -

ФИФА Президенти лавозимига даъвогар. Халқаро футбол уюшмаси раҳбарлик курсисига даъвогарлик қилаётган Али Иброҳим ал Ҳусайн ESPN портали учун махсус интервью бериб, ўз дастури билан таништирди ва унинг айрим жиҳатлари хусусида батафсил тўхталди. Шаҳзода Али ҳозирда Иордания футбол ассоциацияси президенти ҳисобланади. Шунингдек, уни Осиёдан ФИФА вице-президентлигига сайлашган. Мана, 29 май санаси ҳам тобора яқинлашмоқда. Биласиз, шу куни ФИФА президентлигига сайлов ўтказилади. Агар шаҳзода Али ал Ҳусайн бу жараёнда ғолиб чиқишни уддаласа, дунё футболидаги энг олий ташкилотни бошқарадиган биринчи осиёликка айланади. Қитъадошимизнинг рақиблари ҳам жиддий - ФИФАнинг амалдаги раҳбари, 17 йиллик иш тажрибасига эга Йозеф Блаттер, португалиялик афсонавий собиқ футболчи Луиш Фигу ва голландиялик таниқли функционер Михаэль ван Прааг. Айтиш жоиз, иорданиялик номзод ўзининг сайловолди дастурини белгиланган муддатдан аввалроқ эълон қилди. Диққатга сазовор томони, хоҳлаган киши интернет орқали унинг матни билан бемалол танишиши мумкин.

- «Саховатли цикллар» иборасини кўп тилга оляпсиз. Унга кўра, ФИФА миллий федерацияларга бериладиган ёрдам ҳажмини ошириши, стадионлар, ўқув-машғулот базалари қурилиши, умуман, футбол тараққиёти  учун кўпроқ сармоя ажратиши керак. Сир бўлмаса, бунга қандай эришмоқчисиз?

- Моҳият шуки, бу цикллар (гап 2та ЖЧ оралиғидаги 4 йиллик давр ҳақида кетяпти) футбол тараққиёти учун нимадир бериши керак. Афсуски, ҳозирда даромаднинг катта қисми ФИФА ҳисоб рақамларида захира сифатида сақланмоқда. Албатта, бир тарафдан, бундай ёндашув мантиқан тўғри. Зеро, ҳар қандай ташкилот молиявий томондан етарли захирага эга бўлиши лозим. Бироқ жаҳон чемпионатининг дунё миқёсидаги катта мусобақа эканлигини эътиборга олсак, биз миллий федерацияларни кучайтириш учун кўпроқ пул ажратишимиз шарт. ФИФАнинг асосий мақсади миллий ассоциациялар билан ҳамкорликда иш юритиш экан, даромадни тақсимлашда муайян мувозанатни шакллантириш зарур. Биробарин, қачонки, жойларда футболнинг барқарор ўсишини таъминлай олсак, шунда ФИФАнинг иши ҳам гуркирайверади.

- Ҳа, ФИФА ғазнасида 1,5 миллиард долларга тенг маблағ захираси мавжуд. Дарҳақиқат, шунча пулни «қулфлаган» ҳолда сақлашдан қандай маъно бор?

- Энг муҳим масалалардан бири ҳам айнан шу. Демак, кимдир масъулиятни ўз зиммасига олиб, бу пулларни ҳаракатга тушириши зарур. Агар бизнинг ассоциация молиявий нуқтаи назаридан тўла таъминланса, бу футболнинг тараққиётига жиддий туртки беради. Дастуримнинг битта банди айнан шу масалага қаратилган ва энди уни зудлик билан амалга татбиқ этиш қолди.

- ФИФАни анчадан буён коррупцияда айблашади. Айниқса, охирги вақтларда бундай танқидлар кучайди. Амалда ҳаммаси жуда оддий - «Мана, мен футбол нуқтаи назаридан кичик мамлакат федерацияси вакилиман. Мамлакатим жамоасининг қачондир жаҳон кубоги финал босқичига чиқиши даргумон. Шундай экан, мен учун турнирнинг қаерда бўлиб ўтиши аҳамиятсиз. Ундан кўра, ўз мамлакатимда футболни ривожлантириш учун молиявий масалаларни яхшилаш ҳақида ўйлашим маъқул» («кичик» футбол ассоциацияларининг пора эвазига жаҳон чемпионати мезбонини аниқлаш жараёнига таъсир ўтказишига шаъма. Мисол учун, Россия ва Қатарни мезбон сифатида танланишига доир шундай айбловлар кўп янгради, янграмоқда)...

- Мен ҳам шундай «кичик» футбол ассоциацияси вакилиман. Ҳа, бу борада кўплаб турли саволлар келиб чиқиши тайин, лекин келинг, катта футболда виждони пок, ҳалол инсонлар ҳам борлигини унутмайлик. Бахтга қарши ҳозирги ҳолат шундайки, бу каби муаммолар ФИФАни жарликка етаклаяпти. Овоз бериш жараёнига боғлиқ коррупция бўйича кенг қамровли иш олиб бориш талаб этилади. Бунда кенг маълумотлар базасини яратиш муҳим. Ахир ниманидир аниқлаштирмасдан туриб, кимнидир айблай олмайсиз-ку. Энг ачинарлиси, муаммоларнинг илдизи ташкилот тепаси, унинг бошлиқларига бориб тақал­япти. Энди айни ҳолатни тезда ўзгартириш зарур. Айтганимдек, мамлакат ассоциациялари табиий равишда ўзларининг молиявий ҳолатлари ҳақида қайғуришади, ФИФАдан олинадиган ёрдам кўлами хусусида ўйлашади. Муаммонинг асосий моҳияти нимада? Мен кўплаб ассоциациялар вакиллари билан учрашдим ва уларнинг ҳозир ФИФАдан олинадиган суммага нисбатан ақл бовар қилмас даражада кўпроғига умид боғлашларини яхши тушунаман. Агарда даромадни тақсимлаш тизимини қайта кўриб чиқсак, фойдани ўйиннинг ўзига, жойларда тараққиётга эришиш лойиҳаларига йўналтирсак, барчаси анчагина изга тушади. Демоқчиманки, барча ассоциациялар эҳтиёжини қоплаш ва уларнинг молиявий томондан мустақил даражада фаолият юритишини таъминлаш зарур. Чунки ҳозирги кунда кўплаб ассоциациялар оддий базавий эҳтиёжга ҳам эга эмас.

Мен шунингдек, футболда кадрлар муаммоси юзага келмаслиги тарафдориман. Бу масала ҳам маълум сармоя киритишни тақозо этади. Дейлик, таълим-тарбия лойиҳаларини қувватлаш муҳим. Ахир футбол тепасида амалий ва назарий билими етарли инсонлар ишлашмаса, соҳани юксалтириш мумкинми? Ҳа, жамоалари ҳеч қачон жаҳон кубоги финал босқичига чиқолмаслигини тушунадиган ассоциа­циялар йўқ эмас. Лекин улар ЖЧга ўз ҳакамларини юборишлари мумкин-ку. Ёки ўша давлатлар футболчилари қачондир жаҳоннинг топ-клублари сафига қўшилишлари эҳтимоли йўқ эмас-ку. Бу ҳам ғурурланишга арзийдиган ҳолат, тўғрими? Ахир мундиалда ишлаган ҳакам ёки йирик клубда ўйнаган футболчи моҳиятан ўз мамлакатининг элчисига айланмайдими? Биз шундай ҳолатлар амалга ошишини тезлаштиришга қаратилган база барпо этмоқчимиз.

- ФИФАнинг ўзгармас қоидаларидан бири - бу миллий ассоциациялар ишига сиёсий ёки ҳукумат кучлари аралашувига йўл қўймаслик шарти. Агар шундай ҳолат кузатилса, ассоциация дарҳол ФИФА таркибидан четлаштирилади. Бироқ  барчага тушунарлики, ФИФАга аъзо 209та давлатнинг ҳаммасида ҳам  давлат тизими демократия ёки яхши бошқарув бобида намуна эмас. Сизнингча, ушбу қоида ўта ғарбча ёндашувдек кўринмаяптими? Ахир қаердадир ассоциация раҳбари сиёсий таъсир остида қолиши тайин-ку...

- Бу масалага икки ёқлама қараш мумкин. Бир томондан, ФИФА мустақил ташкилот сифатида мутлақ сиёсий мухторият бўлиши шарт. Бироқ иккинчи томондан олсак, миллий ассоциациялар ишига сиёсий аралашув ҳолатларини уни ФИФА аъзолигидан чиқариб ташламасдан ҳам бартараф этиш имконияти бор. Осиёдаги ўз тажрибамга таяниб шундай демоқдаман. ФИФАнинг муайян аъзоларига дисквалификация хавф солган пайт муаммони келишган ҳолда ҳал қилганмиз. Демоқчиманки, муаммони Цюрихда қарор чиқариш билан эмас, балки ўша жойнинг ўзида, маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда ҳал этиш мақсадга мувофиқ. Ушбу қоидада энг ёмон томони шуки, дисквалификация оқибатида нафақат футболчилар, балки мухлислар ҳам жабр чекишади. Қисқаси, сиёсий аралашувга боғлиқ муаммоларни ўз жойида ва ўз даражасида бартараф қилиш тарафдориман.

Шу жойда яна бир катта муаммо хусусида ҳам тўхталиб ўтай. Кенг тарқалган фикрга кўра, ФИФА маркетинг ва турли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича жуда кучли ташкилот саналади. Бироқ айниқса, кичик мамлакатларда бу нарса амалда кўринмаяпти. Гўёки, ФИФА барчасини назорат остига олган, ёрдам билан таъминлаётгандек, аммо аслида бошқача. Биринчи навбатда, жойларда ҳукуматни футбол тараққиётига қизиқтиришимиз зарур. Айнан шу мақсадда бутун жаҳон бўйлаб ФИФАнинг ҳудудий офисларини очиш ғоясини илгари суряпман. Мана, мисол учун, ҳозир Футболни ривожлантириш қўмитаси йилига икки марта йиғиляпти, холос. Бу мутлақо етарли эмас.

- Яна «Алмашиш дастури», деб номланган ғояни амалга татбиқ этмоқчисиз. Унинг моҳияти қандай?

- Биламизки, айни пайт бир қатор маъмурлар, мураббийлар, ҳакамлар турли сабабларга кўра, футболдан четда юрибдилар ёки ишламаяптилар. Шундайларни кадрлар муаммоси кузатилаётган бошқа давлатларда  ишлашга йўналтириш фойдадан холи эмас. Чунончи, фаолиятлари давомида маълум даражага чиқишган ва янги тажриба учун бошқа жойларга боришни хоҳловчи мутахассислар ҳам етарлича топилади. Нега энди уларга шундай имконият яратиб бермаслигимиз керак? Бўш юришган ёки шахсан ўзлари хоҳлайдиган мутахассисларнинг айниқса, футбол нуқтаи назаридан кичик давлатларга хизмат сафарлари катта наф берарди. Шу аснода жойларда кадрлар муаммосини ҳам ечиш мумкин. Хуллас, ФИФА ушбу дастурни тўла лойиҳалаштириши шарт.

- Айни вақтда шундай қараш борки, кўплаб ассоциациялар вакиллари сайловда ФИФАнинг амалдаги президентига овоз беришади, гўё. Зеро, улар ўз ассоциацияларида кадрлар масаласи бўйича «тўнтариш» бўлишига хоҳишманд эмаслар. Умумий ҳолатни қандай ўзгартириш мумкин?

- Бундай ёндашув Европа ташқарисидаги миллий федерацияларда бор ва бу табиийки, адолатсизлик... Юқорида айтдим, кўплаб федерациялар вакиллари билан учрашдим, улар асосан фақат футбол тараққиёти ҳақида ўйламоқдалар. Албатта, маълум тизимга, ўзинг билган одамларга таянишинг осонроқ. Ҳар­қалай, ҳар доим мутлақо янги нарсани танлаш жуда қийин. Бу узоқ вақтдан буён ФИФА президентлиги учун шундай сценарийда ўтадиган илк сайлов жараёнидир (Али Ҳусайн фикрининг моҳиятига кўра, кўпчилик Блаттернинг қайта сайланиши эмас, балки янги президент билан танишишга хоҳишманд). Тўғри, қандайдир «чўчиш маданияти» борлигини инкор этишдан маъно йўқ. Зеро, сенинг номзодинг ғолиб чиқмаса, ўз қароринг ортидан маълум даражада босимга дуч келишингни ўйлаб, хавотирга тушасан. Эшитганларим бўйича айтсам, олдинги сайловларда шундай ҳолатлар ҳам кузатилган. Бироқ ҳозир бутунлай бошқа вақт келди. Ҳарқалай, ғайрат-шижоат, ғурур, дадиллик ва эркинликка эга инсонлар менинг ғояларимни, фалсафамни устун қўйишларига ишонаман.

- «Чўчиш маданияти» хусусида  гапирдингиз. Аммо сиз ўз номзодингизни илгари суришдан олдин Осиё футболидаги муҳим шахс сифатида 5та қитъа ассоциациялари вакилларидан ҳам қўллаб-қувватлаш ҳақида розилик олишингиз зарур эди...

- Ҳа, шундай. Умуман, кимдир ўз нуқтаи назарини ошкора айтади, бош­қа биров фақат сайлов жараёнида қатнашиш билан чекланади. Яъни кимга овоз бергани сирлигича қолишини истайди. Нима бўлишидан қатъий назар, энг асосийси, 29 май кунги натижалар.

- Блаттер қатори Луиш Фигу ва Михаэль ван Прааг ҳам сизга рақиб саналишади. Улар ҳақида нима дея оласиз?

- Ҳар иккисига ҳурматим баланд. Ахир улар ҳам ўз дастурлари билан чиқишди, яъни шахсий фикрларини ошкора айтишдан чўчишмади.

- Дастурингизда жаҳон кубоги ТВ-ҳуқуқларини сотиш бўйича очиқ тендер (танлов) ўтказиш ҳам муҳимлигини қайд этгансиз. Лекин бу лойиҳанинг 2026 йилгача амалга ошмаслиги аниқ (ФИФА 2018 ва 2022 йилларда ўтказадиган мундиалларнинг ТВ-ҳуқуқларини очиқ савдосиз Fox компаниясига сотиб улгурган. Боз устига, келишув суммаси расман сир тутилмоқда. Матбуотда келтирилаётган суммалар эса шунчаки, тахмин).ФИФА ва энг даромадли саналган Шимолий Америка бозорини назорат қилувчи Fox ўртасидаги шартнома қандай тузилгани тушунарсиз. Умуман, ФИФАнинг ушбу келишув оқибатида кўп пул йўқотгани айтилмоқда...

- Ҳа, бу масалада нима бошқача бўлганини тушуниш учун барчасини ўрганиб чиқяпман. Чунки ушбу қарорни қабул қилган қўмита таркибида эмасдим. Ўйлашимча, ФИФА ва Fox ўртасидаги келишувни намуна сифатида кўрсатиш қийин. Гап кичик сумма эмас, балки катта маблағ ҳақида кет­япти. Моҳиятан, шу катта маблағ ташкилот ҳисобига тушиши ва порлоқ истиқбол ҳамда ривожланиш дастурларига сарф-ланиши мумкин эди. Демакки, бу ФИФА учун яхши келишув эмас. Бошқача талқин этсак, ташкилот томонидан кўр-кўрона, масъулиятсизлик билан ташланган қадам. Ваъда беришим мумкин, сайловдан сўнг, яъни янги ижроий қўмита шакллантирилганидан кейин ҳаммаси анча шаффофликка юз буради. Хулосам шуки, бошқарув услубларини ислоҳ қилишимиз, янгича қарашларни ҳаётга татбиқ этишимиз керак.

 

Али Иброҳим ал Ҳусайннинг Сайловолди дастури

А. Тараққиёт

1. Миллий ассоциацияларга ёрдам ҳажмини ошириш

2. Даврий молиявий лойиҳаларни амалга татбиқ этиш

3. Аёллар ва ёшлар терма жамоалари иштирокидаги жаҳон чемпионатларига кўпроқ сармоя ажратиш

4. Аёллар футболига кўпроқ сармоя ажратиш

5. Футбол тараққиёти билан шуғулланувчи ҳудудий офислар очиш

6. Амалий жараёнлар ривожини яхшилаш

7. Мураббийлик ишини ривожлантириш

8. Жойларда футболни ривожлантириш учун мамлакатлар ҳукумати билан ҳамкорлик қилиш

9. Нодавлат ташкилотлар (гуманитар лойиҳалар) билан алоқаларни мустаҳкамлаш

10. Футболнинг барча йўналишлари (футзал, пляж футболи ва ҳоказо)га кўпроқ сармоя ажратиш

В. Жаҳон чемпионати

- ФИФА қошида махсус қўмита тузиш;

- терма жамоалар ўйинлари тақвимини мувофиқлаштириш;

- ФИФА рейтинги учун балл ҳисоблаш тизимини қайта кўриб чиқиш;

- Футболда янги технологияларни жорий этиш, мавжудларини яхшилаш;

- турнирларга мезбон танлаш бўйича қитъалар ротациясини йўлга қўйиш;

- турнир иштирокчилари сонини ошириш имкониятини кўриб чиқиш;

- турнирларнинг тўғри тараққиёти;

- стратегик қарорлар қабул қилиш

С. Тижорат муваффақиятлари

1. Ҳозирги даромад манбаларини ҳимоя қилиш (сақлаб қолиш)

2. Даромадларни ошириш

Дастурнинг бошқа бандлари

- Футболчиларни эксплуатация (ишлаш ҳуқуқи меъёрларини бузилиши)дан ҳимоялаш;

- допингга қарши кураш;

- футболчилар ёшини аниқлаштириш бўйича тестлар;

- стадионларда хавфсизликни кучайтириш

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 08:49, 20.04.2015.
Ўқилди: 7192 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.