Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Роналду зўрми, Месси? (ҳажвия)

Баҳо:
+ | -

Эшмат телефон қўнғироғидан уйғониб кетди. Истар-истамас телефони экранига қаради: «Кокил». Ошнаси қўнғироқ қилаётган экан. Сочини турлича турмаклаб юргани учун унга шундай лақаб қўйиб олишган. «Бирор зарил иши бўлса керак-да, бўлмаса, ярим тундаям қўнғироқ қиладими?» дея ўйлаган Эшмат яшил тугмачани босди:

— Эшмат, Месси зўрми, Роналдуми?
Эшматнинг миясига биров тўққизлик михни қўйиб, устидан болға билан туширгандек бўлди.
— Нима?! — деди бақириб. — Нима дединг?! Қайтар?!
— Месси зўрми, Роналду, шуни сўрамоқчи...

«Кокил» гапини тугатиб улгурмади. Эшмат ичидаги дардларини қўшиб, аламини олди:
— Бошқа пайт топа олмадингми сўрашга?! Мен қаердан биламан қайси бири зўрлигини?!
— Ахир сен футбол мутахассисисан-ку! Шунга...
— Нима, футболни билсам ухламаслигим керакми?

Эшмат телефонни жаҳл билан ўчирди. Бошини қайта ёстиққа ташлади, аммо уйқуси келмади. Телевизорни ёққанди, футбол бераётган экан. Яна «Реал» билан «Барселона» ўйнаяпти. Эшмат бир муддат футбол кўргиси келди, аммо...

Шарҳловчи тўп Роналдуга тегиши билан янада маҳмадона бўлиб кетди: «Тўп ҳозир Роналдуда. Аммо ундан тўпни Месси олиб қўйди. Интригани қаранг, Месси Роналдуни тўпсиз қолдирди. Хўш, шу ўринда савол туғилади, ким кучли, Роналдуми ёки Месси? Нима деб ўйлайсиз?»

Шу гапни эшитган заҳоти Эшматнинг бош оғриғи яна қўзғалди.
— Мен қаердан биламан? — дея бақирганча телевизорниям ўчирди-да, жойига ётиб, устига кўрпани тортди.
Шу куни уйқу ҳам татимади унга. У ёнига ағдарилса, Роналдуни, бу ёғига ағдарилса, Мессини кўради. Бир амаллаб тонг оттирди.

Эрталаб бўлиши билан одатий макони — чойхонага отланди. Чойхона улфатлари билан тўла экан. Бир тўда эркаклар тўпланиб, ниманингдир устида баҳслашишарди.
— Менга қара, — дерди Барот деган қассоб доирадек келадиган кафтини пеш қилиб, — кеча Мессининг ҳаракатларини кўрдингми? У рақибларининг энасини эмдирворди-ю...
— Бекор айтибсан, — унга қарши чиқди Парпи сартарош, — Ронининг зарбасини кўрмадинг, шекилли. Нақ замбаракнинг ўқи бўлди-ёв... Сен бўлсанг қаёқдаги Мессини...
— Нима?! Ким қаёқдаги?! Олдин ўша Мессидек бўл, хўпми?! Кейин карилла...
— Ие, ўзларичи, ўзлари?! — ўрнидан туриб, қассобга хезлана бошлади Парпи. — Олдин Роналдунинг чап бутсисига арзиб олинг-да, кейин гапиринг, майлими?!
— Сен мени камситяпсанми?! — бўш келмади қассоб ҳам. — Олдин қарзларингни тўлаб қўй-да, кейин жирилла! Мен сени боқадиганинг эмасман!
— Қанақа қарз?! Э, — чаккасини қашлади сартарош, — анави қирқ мингни айтяпсанми? Бераман ўшанингни! Ўзингчи, ўғлингни соч олдиришга жўнатиб, пулини бермабсан... Нима, мен шахсий сартарошингманми?

Бу ёғига Месси ва Роналду умуман эсланмади. Аксинча, қаёқдаги гаплар айтилди. Эшмат жанжалга аралашмоқчи эди, ўзининг ҳам қассобдан қарзи борлиги эсига тушиб, индамай қўя қолди. Секин ўрнидан турди-да, дуч келган томонга қараб жўнаб қолди. Муҳими, шу жанжалдан узоқлашса бўлгани.

Бир маҳал телефон жиринглаб қолди. Энг яқин ошнаси Тўхта қўнғироқ қилаётган экан.
— Қаердасан, ошна? — деди Тўхта салом-аликни кейинга қолдириб. — Тезда автомойкамнинг ёнидаги кафега етиб кел.
— Нега, тинчликми? — сўради чойхонадаги воқеадан кейин «еб-ичадиган» жойларга оёғи тортмай қолган Эшмат.
— Э, олдин етиб кел, кейин айтаман нега чақирганимни...
Эшмат кафега кирганида Тўхта бошини кафтлари орасига олиб ўтирарди.
— Нима гап? — деди Эшмат унинг ёнига ўтираркан. — Қовоғингдан бутун бир қишнинг қори ёғяпти.
— Эй, кеча «Барса» парот қилди. Ютқазди, ярамаслар!
— Шунга нима бўпти?
— Нима бўларди? Ўйиндан олдин оғайнилар билан гаров ўйнагандик «Роналду зўрми, Мессими?» деб. Мен оғзимни тўлдириб, «Месси зўр», девдим. Палакат шарманда қилди одамни!
Эшмат миясининг охирги ҳужайраларини ҳам безовта қилди, аммо, барибир, бунинг кафега нима алоқаси борлигини тушуна олмади.
— Хўш...
— Шунга оғайниларга зиёфат қилиб бердим... Нақ уч юз мингга тушдим ўзиям...
Эшмат бир сапчиб тушди.
— Қанча?! Уч... уч юз минг?!
Тўхта: «Ҳа», дегандек бош чайқади.
— Ғирт аҳмоқсан-да, ошна. Ўша уч юз мингга оилангга бирон нарса олиб борсанг бўлмасмиди? Хотинингга кўйлак совға қил, болаларингга кийим, ўйинчоқлар олиб бер... Сени қара-ю... Месси ким сенга? Оғайнингми? Укангми ёки жиянингми? Э...
— Менга қара, шу кафега тўлашга эллик минг етмаяпти. Бериб тур...

Эшмат шундагина гап нимадалигини тушунди. Аксига олиб, уйдан бунча пул олиб чиқмаганди. Шунинг учун оғайнисининг илтимосини рад этишга мажбур бўлди. У кафедан чиқаркан, Месси ва Роналдуни деб бир-бирининг кўнглига озор бераётган, бу футболчиларни оиласидан ҳам устун кўраётган оғайниларини кескин қоралади.

— Тавба, — деди у уйига қайтаркан, — буларга ҳеч тушунмайсан. Нима кераги бор сенларга арзимаган, қаёқдаги футболчиларни деб яқинларни хафа қилиш? Эй...
Телефонига SMS келмаганида ким билади у оғайнилари шаънига яна қандай «илиқ» гаплар айтарди? У SMSни очди-да, хабарни ўқиб, қувониб кетди:
— Ие, бугун Мессивойнинг туғилган куни экан-ку! Оббо, унутганимни қаранглар!
У шу топда ўзининг ақлига қойил қолиб кетди. Футбол хабарларига улангани учун ўзига раҳмат айтди. Бояги дилхираликлардан асар ҳам қолмади. Шартта дўконга кирди-да, таниш сотувчидан насияга ул-бул харид қилди. Уйига кириб борганида эса қўлидаги нарсаларни кўриб, аёлининг юзига табассум ёйилди.

— Унутмабсиз-а, дадаси? — деди Чарос эрининг қўлидаги нарсаларни оларкан.
— Сал қолса унутаёзибман, яхшиямки телефоним бор экан...
— Телефон, — ажабланди Чарос, — бунга телефоннинг нима алоқаси бор?
— Ие, агар мана шу телефон бугун Мессибекнинг туғилган куни эканлигини айтмаганида юрардик, муҳим янгиликдан бехабар бўлиб. Мана, бу кунни нишонлаш учун шунча нарса сотиб олдим. Бугун бир...

Шу маҳал Эшматнинг миясига бошқа фикр келди-ю, чеҳраси ёришиб кетди:
— Менга қара, нима, сен ҳам футболга қизиқадиган бўлиб қолдингми? Яна Мессига мухлислик қиляпсанми?
Аёлининг қоши чимирилганини ўзича тушунган Эшмат гапига изоҳ берди:
— Ахир ҳозиргина «Унутмабсиз-а, дадаси?» дединг-ку! Демак, бугун Мессининг туғилган куни эканлигини билгансан, шундайми?
Чароснинг юзи баттар тундлашди.
— Шу Роналду билан Месси туғилди-ю, мен балога қолдим! — деди авжга чиқар даражада бақириб. — Ахир бугун Мессининг эмас, менинг туғилган куним-ку, дадаси! Меники...
Эшмат довдираб қолди. Кейин эслади.
— Сен дунёдаги энг бахтли аёлсан, — деди кейин оғзига келган гапни қайтармай, сен мен учун энг қадрли, азиз инсонсан.

Мақтов ҳар қандай аёлни жаҳлдан туширади, дейишади. Рост экан. Чарос ҳам дарров ҳовуридан тушди.
— Ростданми? — деди у ёқ-бу ёғини тўғирлаганча эридан навбатдаги мақтовларни эшитишга тайёрланиб. — Нега?
— Нега? Негаки Месси билан бир кунда туғилгансан!
Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 15:52, 23.04.2015.
Ўқилди: 13365 марта.
Фикрлар: 22 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.