Кириш Регистрация
23/11 01:00 Хетафе 2-0 Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик 0-1 Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон 3-0 Динамо
23/11 17:30 Лестер 1-2 Челси
23/11 18:00 Валенсия 4-2 Бетис
23/11 19:00 Верона 0-5 Интер
23/11 20:00 Борнмут 1-2 Брайтон
23/11 20:00 Арсенал 3-0 Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла 2-2 Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон 0-0 Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм 1-4 Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико 2-1 Алавес
23/11 22:00 Милан 0-0 Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити 0-4 Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас 2-3 Мальорка
23/11 22:30 Жирона 4-1 Эспаньол
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна - Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон - Ливерпуль
24/11 19:00 Торино - Монца
24/11 19:00 Комо - Фиорентина
24/11 20:15 Севилья - Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич - Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи - Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио - Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао - Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе

Марат Бикмаев: «Локомотив»даги энг яқин дўстим — «Локомотив» жамоаси»

Баҳо:
+ | -
Сайтимиз орқали "Локомотив" ҳужумчиси Марат Бикмаев мухлислар томонидан электрон почтамизга йўлланган саволларга жавоб қайтаргани ҳақида хабар бергандик. Аммо баъзи ишлар билан бўлиб, савол-жавобларни сайтга ўз вақтида қўя олмадик ва бунинг учун бизни тўғри тушунасиз ҳамда маъзур тутасиз деган умиддамиз. Мана энди ҳечдан кўра кеча деганларидек, савол-жавобларни интервью шаклида эътиборингизга ҳавола қиламиз.   Мухлис саволи: - Вақти келиб Нукуснинг "Орол" жамоасидан таклиф бўлса ўйнармидингиз? Фақат шуни айтишим керак, жамоа ўтган йилнинг ярмини маошсиз ўйнади. Бу ҳолда сизга қийин бўлса керак? Бикмаев: - Савол учун раҳмат. Ҳозирги кунда "Локомотив" билан шартномам бор. Шундай экан, ҳеч қаёққа кета олмайман. Мабодо кечинчалик шунақа таклиф тушиб қолса, ўйлаб кўришим мумкин. Лекин иккинчи томондан Нукус Тошкентдан анча узоқ. Менинг оилам шу ерда, уларни ташлаб кета олмасам керак.   Мухлис саволи: - Футболчининг зарбаси кучли бўлади. Реал ҳаётда, яъни футболдан ташқарида шу зарбадан фойдаланиб кўрганмисиз? Бикмаев: - Ҳозирча кўчада ҳеч уришмаганман-у, лекин тўғри келиб қолса уришишим мумкин. Ҳаётда анча босиқман. Унча-бунчага жаҳлим чиқмайди. Агар жаҳлим чиқадиган бўлса, қараб турмайман.   Мухлис саволи: - Хайрия ишлари ҳам қилиб турасизми? Бикмаев: - Имкон қадар хайрия ишлари қилиб тураман. Тўғрисини айтсам, бу мухлисимиз жуда яхши савол берибди. Ўз вақтида Чилонзордаги Оқтепа томонда болалар уйига ёрдам бериб турганман. Аммо ҳозир бироз вақтим бўлмаяпти. Лекин бўш қолдим дегунча албатта болалар уйига бориб, хайрия ишларини амалга ошираман.   Мухлис саволи: - Агар Ўзбекистон Кубогидан ўрин олган "Орол" - "Шўртан" учрашувига таклиф қилсак келасизми? Бикмаев: - Агар олий лигада танаффус юзага келиб, биз дам оладиган бўлсак, чақиришса боришга ҳаракат қиламан. Лекин ўйин пайтига тўғри келиб қолса, унда боришим мушкул.   Мухлис саволи: - Терма жамоага чақирилган футболчилар мабодо ютқазиб қўйиб ўз клубига қайтса, ҳеч хафа бўлгандек кўринмайди. Сиз буни қандай изоҳлайсиз? Бикмаев: - Энди одамнинг характери ҳар хил. Мағлубиятни ҳар ким турлича қабул қилади. Лекин шуни айтишим мумкин, терма жамоа мағлубиятга учраса, ҳар бир футболчи барибир хафа бўлади. Аммо кимдир буни сездиради, кимдир эса ичига ютади.   Мухлис саволи: - Терма жамоада бирор футболчи хато қилса, унинг хатосини юзига айта оласизми? Бикмаев: - Айта оламан. Шунга зарур бўлиб қолса, албатта айтаман. Лекин бундай ваколат аввало бош мураббийда бўлади, бошқаларда эмас.   Мухлис саволи: - Сиз Миржалол Қосимовнинг олдига бориб, мени ҳам терма жамоага чақиринг, ўзини кўрсатаман дея оласизми ёки қачон чақиришса шунда бораман қабилида иш тутасизми? Бикмаев: - Футболда унақа нарса йўқ. Яъни, ҳеч ким бош мураббийнинг олдига бориб мени чақиринг демайди. Бу ўринда мен учун бирдан бир имконият клубда ўзимни кўрсатиш. "Локомотив" сафида кўпроқ майдонга тушиб, гол уриб турсам яна терма жамоага таклиф этишса ажаб эмас. Мен фақат ишлашда давом этишим керак.   Мухлис саволи: - Бир интервьюнгизда Ўзбекистон чемпионатига 35 ёшдан кейин қайтаман дегандингиз. Лекин ўша интервью чиққанидан сўнг орадан кўп ўтмай, ўзимизнинг чемпионатга қайтдингиз. Буни қандай изоҳлайсиз? Бикмаев: - Тўғри, интервьюда шу гапларни айтганман. Аммо жароҳат олганимдан сўнг олдинги клубга керагим бўлмай қолди. Натижада бироз муддат жамоасиз қолиб кетдим. Бу орада "Локомотив" мени ўз сафига чорлади ва жароҳатим бўлишига қарамай, шартнома имзолади. Бунинг учун клубимиз раҳбариятига алоҳида миннатдорчилик билдираман. Мана энди ҳозир югуряпман, майдонга тушяпман, буларнинг ҳаммаси "Локомотив" берган имконият туфайли. Ким билади дейсиз, балки жароҳат олмаганимда ҳамон Қозоғистонда ўйнаётган бўлармидим.   Мухлис саволи: - Қозоғистонда футболчи жароҳат олса, клубга кераги бўлмай қоладими? Бикмаев: - У ерда фақат мен билан эмас, балки кўпчилик билан шундай бўлган. Маҳаллий футболчи бўлса майли, лекин легионер жароҳат олиб узоқроқ муддатга сафдан чиқадиган бўлса, раҳбарият ва мураббийлар штабининг дарров боши қотиб қолади. Қўпол қилиб айтганда, жароҳат олган футболчининг ҳеч кимга кераги бўлмай қолади. Ўзи футболнинг аччиқ қоидаси шу экан: яхши ўйнаб гол уриб турсангиз, ҳамма сизни мақтайди, агар жароҳат олиб кўзга кўринмай қолсангиз, секин-аста унутишни бошлашади. Футболчи кучли эканлигини ҳар куни исботлашиб туриши керак. Мухлис саволи: - Сизда қандай тоифадаги ҳужумчилар билан тандем бўлиш ёқади? Тезлиги баланд ўйинчи биланми ёки техникаси юқори ҳужумчи биланми? Бикмаев: - Менга кўпроқ техникаси юқори футболчи билан ўйнаш ёқди. Чунки техникаси яхши футболчи қийин вазиятда қолган бўлишига қарамай, тўпни бу ёқда "очиқ" турган шеригига етказиб бера олади. Ва ўз навбатида менга ҳам шундай ўйинчилар билан бирга тўп тепиш ёқади.   Мухлис саволи: - "Локомотив"да энг яқин дўстингиз ким? Бикмаев: - "Локомотив"да менинг энг яқин дўстим бу - "Локомотив" жамоаси. Худога шукр, ҳамма билан яхши муносабатдаман ва ҳеч кимни алоҳида ажратиб кўрсата олмайман.   Мухлис саволи: - Тошкентнинг қайси туманида истиқомат қиласиз? Шахсий авто машинангиз русуми қанақа? Бикмаев: - Мирзо Улуғбек туманида яшайман. Шахсий авто машинамнинг русуми "Ласетти Жентра".   Мухлис саволи: - Жамоа машғулот ўтказиб бўлганидан сўнг якка тартибда шуғулланасизми? Жарима тўплари устида ишлайсизми? Бикмаев: - Албатта, шуғулланаман. Лекин жарима зарбаларини бериш устида унчалик ишламайман. Чунки сафимизда мендан яхши тепадиганлари етарлича топилади. Шунинг учун ҳам машғулотдан сўнг кўпроқ этиборни кучга қаратаман.   Мухлис саволи: - Ҳужумчи бўлишингизга қарамай, терма жамоада 32та ўйинда майдонга тушиб, атиги иккита гол ургансиз. Бу нима билан боғлиқ? Бикмаев: - Яхши биласиз, мен терма жамоада кўпинча чап қанот ярим ҳимоячиси сифатида ўйнаганман. Қосимов қўли остида ҳам, қолаверса "Алания"да ҳам. Умуман, олдинги ҳамма клубларда. Фақат Вадим Абрамов мени ҳужумчи сифатида кўради ва ҳужумга қўяди. Ўйлашимча, терма жамоада кўп гол урмаганим шу билан боғлиқ бўлса керак.   Мухлис саволи: - Оилангиз ҳақида гапириб берсангиз? Нечта фарзандингиз бор? Оилангизда сиздан бошқа спортчилар борми? Бикмаев: - Икки нафар фарзандим бор: бир қиз, бир ўғил. Энди спортчиларга келадиган бўлсак, дадам ҳам ўз вақтида футбол ўйнаган ва мени ҳам футболга кириб келишимга энг асосий сабабчи бўлганлар. Оиламиздан биринчи мендан ўн ёш катта акам футболга борган. Аммо кунларнинг бирида акам оёқ кийимини йўқотиб келган ва бунинг учун дадамдан гап эшитган. Шу-шу бошқа футболга бормай қўйган. Орадан вақт ўтиб дадам мени Чиғатойдаги футбол мактабига берганлар. Дадам футболнинг ашаддий ишқибози. Жамоамиз қаерда ўйнаса, ўша ёққа кетаверадилар. Мухлис саволи: - Жароҳат туфайли узоқ вақт майдонда кўринмадингиз. Ўзи аслида қандай жароҳат бўлганди? Бикмаев: - Тиззамдан жароҳат олувдим ва операциядан сўнг олти ой тўп тепмаслигимга тўғри келди. Биринчи марта жароҳат олганимдан сўнг майдонга қайтиб энди ўйнай бошлагандим, яна жароҳат олдим. Кейин яна танаффус қилишимга тўғри келди. Хуллас уч марта операция столига ётишга мажбур бўлдим.   Мухлис саволи: - Футболга энди кириб келган пайтда руҳий тушкунликка тушиб, футболни ташлаб кетмоқчи бўлганмисиз? Бикмаев: - Шунақа ҳолатлар ҳам бўлган. Кўп қийинчиликларни бошдан кечирганман. Лекин ҳар доим сабр қилиб келганман. Бунақа ўй айниқса жароҳат олган пайтингизда хаёлга келаверади. Лекин майдонга қайтгандан сўнг ҳаммаси ўтиб кетади. Агар оилам ва ўртоқларим қўллаб-қувватламаганида футболни ташлаб юборишим ҳеч гап эмасди.   Мухлис саволи: - Ёшликда ҳеч мендан футболчи чиқмаса керак деган фикрга борганмисиз? Бикмаев: - Йўқ, чунки яхши ўйнаб кета олишимга ҳар доим ишонганман. Бунақа хаёл миямга умуман келмаган. Ўзимга ўзим мендан ҳам яхши футболчи чиқади деб доим айтиб келганман.   Мухлис саволи: - Фаолиятингизда алоҳида ажратиб кўрсатса бўладиган учта гол қайси? Бикмаев: - Биринчиси, бу ОЧЛда "Зоб Ахан"га урганман. Ўшанда Кошелевнинг зарбасидан сўнг тўп киритганман. "Актобе" таркибида "Динамо" Кутаисига узоқдан зарба бериб гол муаллифи бўлганман. Ўша ўйинни 1:0 ҳисобида ютгандик. "Спартак" Нальчикда эса бурчак тўпидан тўғри "Сатурн" дарвозасига гол урганман. Мана шу голлар эсимда қолган.   Мухлис саволи: - Ҳужумда ким билан ўйнаш сизга осонроқ? Бикмаев: - Санжар Шоаҳмедов билан бир-биримизни яхши тушуниб ҳаракат қиляпмиз. Санжар тўпни олиши билан олдинга қарайди ва биринчи навбатда мени қидиради. Шу боис менга у билан ўйнаш ёқяпти.   Мухлис саволи: - Футболчиларнинг чекиш ва ичишига қандай қарайсиз? Бикмаев: - Энди ҳаётда ҳамманинг ўз танлаган йўли бўлади. Шу боис бошқалар ҳақида фикр билдира олмайман. Мен фақат ўзим ҳақимда гапиришим мумкин, умуман ичмайман ва чекмайман. Доим қатъий тартибга амал қиламан.   Мухлис саволи: - Ҳеч "юлдузлик касалига" чалинганмисиз? Бикмаев: - Йўқ. Мен доим эътиборимни футболга қаратганман. Ўзимни ҳеч қачон осмонда ҳис қилмаганман.   Мухлис саволи: - Олий лига юлдузлари Сардор Рашидов билан Жамшид Искандеровнинг ўйинига қандай баҳо берасиз? Бикмаев: - Олий лига юлдузлари? Бу икки футболчи ҳали ёш ва меҳнат қилишда давом этса келажакда яхши футболчи бўлиб етишади. Уларга омад тилайман.   Мухлис саволи: - Марат, сиз Россия ва Қозоғистонда тўп тепгансиз. Уларнинг ўйинчилари бақувват кўринади. Улар тренажёр залида алоҳида ишлашадими? Бу нарса "Локомотив"да ҳам йўлга қўйилганми? Бикмаев: - "Локомотив" базасида тренажёр зали бор. Кўп нарса мураббийларга боғлиқ. Кимдир футболчиларни тренажёр залига олиб боради, кимдир фақат майдонда шуғуллантиради. Ўзим ҳақимда гапирадиган бўлса, тренажёр зали менинг иккинчи уйим бўлиб қолган ва кўп вақтимни шу ерда ўтказаман.   Эътиборингиз учун раҳмат! "Локомотив" футбол клуби матбуот хизмати.
Манба: lokomotiv.uz
Киритилди: 16:32, 24.04.2015.
Ўқилди: 4465 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.