Кириш Регистрация
07/05 00:00 Кристал Пэлас 4-0 Ман. Юнайтед
07/05 00:00 Лилль 3-4 Лион
07/05 18:00 Пахтакор 4-3 Металлург
07/05 19:00 ОКМК 3-4 Насаф
08/05 00:00 ПСЖ 0-1 Боруссия Д
09/05 00:00 Реал Мадрид - Бавария

Найнов, бақалоқ ёхуд 1 йил ичида атиги икки дақиқагина ўйнаган дарвозабон

Баҳо:
+ | -
Бўлим: ЕВРОПА

Футболда голкиперларнинг алоҳида ўрни бор. Зеро, дарвозабон - ярим жамоа, деб бежиз айтилмаган. Икер Касильяс, Жанлуижи Буффон, Давид де Хеа... Юксак иқтидори эвазига шуҳрат қозонган голкиперлар бисёр. Бугун сўз юритишни хоҳлаган номлар унчалик машҳур эмас. Бироқ ушбу дарвозабонларга тегишли бошқа жиҳатлар борки, уларнинг фаолиятларига қизиқишни кучайтиради.

ҲАМ ЮҚОРИДАН, ҲАМ ПАСТДАН

Одатда, дарвозабон жамоанинг энг бўйи узун ўйинчиси саналади. Тўғри, футбол тарихида бўйи паст бўлса-да, ажойиб сейв­ларни намойиш этган голкиперлар ҳам учраган. Шунга қарамай, барибир, бўйнинг узун бўлиши аҳамиятга эга. Мураббийлар ҳам асосан бўйи 180 сантиметрдан кам бўлмаган дарвозабонлар хизматига кўпроқ мурожаат этишади.

Ҳайбатли киперлар орасида алоҳида ажралиб турадигани - бу Крис­тоф ван Хутдир. 208 сантиметр бўйга эга ушбу посбонга баскетболчилар ҳам ҳавас қилишса ажабмас. Ушбу кўрсаткич орқали Гиннеснинг рекордлар китобига кириш Ван Хутнинг режасига кирмайди, аксинча, унинг биргина орзуси Бельгия терма жамоаси сафидан ўрин эгаллаш.

25 ёшли найнов Бельгия про-лигасидаги "Кортрейк" дарвозасини қўриқлайди. Айнан шу жамоа раҳбарлари ван Хутни экзотик персонаж эмас, балки маҳоратли дарвозабон сифатида қабул қилишди. Аксарият мураббийлар Кристоф тўпга отилишда қийналади, деган фаразни илгари суришди. Аммо "Кортрейк" бош мураббийи Хайн Ванхазебрук унга ишонч билдирди ва ке­йинчалик бу қарори тўғри экани аёнлашди. Ван Хут юқоридан ва пастдан келадиган зарбаларни бирдек маҳорат билан қайтара олади.

уни «Пицца» дейишади

Йерун Верхувеннинг вазни 109 килограмм, "Аякс"нинг собиқ дарвозабонининг бўйи ван Хутникидан 11 сантиметрга паст. Гарчи Йерун ўзининг ташқи кўриниши туфайли тезкор ҳаракатлана олмаса-да, позиция танлашда унга етадиганлар кам топилади.

Верхувен спортчилик фаолиятини ҳужумчи сифатида бошлаган. Болалар жамоаларида қанча кўп гол урса, бобоси уни шунга яраша голланд гульденлари билан тақдирларди. Футболчининг шахсий сайтидаги маълумотларда йиғилган пулларни нимага ишлатгани ҳақида хабар йўқ. Ҳойнаҳой, калорияли таомларга сарф­лаган. Акс ҳолда, мураббийлар бу пайтга келиб бақалоққа айланиб улгурган Верхувенни дарвозага қўйишга мажбур бўлишмасди.

"Аякс" академиясини якунлагач, жамоа унинг хизматларига эҳтиёж сезмаётгани ойдинлашди. Кейинчалик "Волендам" клубидан қўним топган Йерун кейинги олти мавсумни шу жамоа сафида ўтказди. Вақт ўтгани са­йин семиришдан тўхтамаган футболчи "Пицца" лақабини орттириб олди.

Асосий таркибдан ўрин эгаллаш учун Верхувенга италиялик Анжело Перуцци рақобат кўрсатарди. Ўз хусусиятларини чамалаган Йерун бор эътиборини тўғри позиция танлашга қаратди. Бунинг учун физика қонунлари, тўп йўналишини астойдил ўрганиш талаб этиларди. Верхувеннинг фаразлари амалга татбиқ этилди ва ҳужумчилар "Волендам" дарвозасини ишғол этишда кўп қийналишди.

Кейинчалик "Пицца" қадрдон "Аякс"­га қайтди. Аммо кейинги уч йил мобайнида клубнинг учинчи дарвозабони сифатида қайд этилди. 2011-2012 йилги мавсум якунлангач, Верхувен эркин агентга айланди.

«ҚУРУҚ» СЕРИЯ

Ван Хут ҳамда Верхувен ҳали-ҳамон майдонга чиқишаётган бўлса, учинчи қаҳрамонимиз Сиерд ван дер Берг мана 12 йилдирки, мураббийлик билан шуғулланиб келмоқда. Хўш, ҳозирда "Зволле" дарвозабонларига киперлик сирларини ўргатаётган ван дер Бергни қайси жиҳат машҳурликка етаклаган? Гап шундаки, у 11 йиллик фаолияти давомида расмий ўйинларда бирорта ҳам гол ўтказиб юбормаган. Фантастик натижа, шундай эмасми? Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор.

Леуварден шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи "Камбур" клуби аъзоси саналган ван ден Берг 11 йил ичида Голландия чемпионатининг биргина ўйинида майдонга тушган. Ўшанда ҳам ўйин тугашига икки дақиқа қолганда жароҳат олган асосий дарвозабон Вим Де Роннинг ўрнини эгаллаган. Бу борада ўзига хос рекорд ўрнатган Сиерд ўша ўйинда бирор зарбани қайтардими ёки йўқ? Статистика бу борада жим.

Шунга қарамай, ван дер Берг шу йиллар мобайнида машғулотларга виждонан ёндашди, жамоаси билан шаҳарма-шаҳар кезди, асосий дарвозабоннинг ўрнини эгаллашга доим тайёр турди. Шундай экан, уни ялқовга чиқариб қўйишга шошилмаслик керак. Унинг дарвозабонлик сифатларига фақатгина жамоадошларигина тўғри баҳо беришлари мумкин.

Фаолиятини якунлагач, ван дер Берг шу клуб дарвозабонларига мураббийлик қилди. 2004 йили Японияга бориб, номи кўпчиликка маълум бўлмаган "Оита Тринита" клубидаги голкиперларга футбол сир-асрорларидан сабоқ берди. Сиерднинг ишлаш услуби кунчиқар юрт вакилларига маъқул келгач, ўз тажрибасини бош­қалар билан баҳам кўриш мақсадида япон тилида китоб ҳам чоп эттирди.

Сиерд ван дер Бергнинг Голландияга қайтганига ҳам етти йил бўлди. Айни дамда шахсий дарвозабонлар мактабини бошқариш билан бирга "Зволле" клубида голкиперларга мураббийлик қилиб келмоқда. Ҳа, ўзига хос қуруқ серия қайд этган дарвозабондан Голландиянинг энг яхши мутахассисларидан бири етишиб чиқади деб ким ҳам ўйлабди?

Ўткирбек УМАРОВ

Манба: Sports.uz
Киритилди: 21:18, 05.05.2015.
Ўқилди: 5168 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.