Ушбу мавсум аввалида ўзбекистонлик кўплаб футбол мухлислари Осиё чемпионлар лигасига йўлланамаларимиз сони ортганидан жуда хурсанд бўлишганди. Аммо қитъамиздаги клублар миқиёсидаги энг нуфузли мусобақа экваторига яқинлашиб, гуруҳ босқичи якунлангач эса ўша қувонган ишқибозларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Боиси гуруҳ босқичини нақд тўртта жамоа билан бошлаган Ўзбекистондан плей-оффга бирорта ҳам вакил йўл олгани йўқ.
Гуруҳ босқичидан кейиноқ мусобақа билан хайрлашган жамоалар орасида Тошкентнинг “Локомотив” клуби ҳам бор. Ўз тарихида илк бор Чемпионлар лигаси гуруҳ раундида иштирок этган “темирйўлчилар” сафидаги етакчилардан бири саналадиган Арманистон терма жамоаси ҳужумчиси Руслан Корян билан ОЧЛ таассуротлари борасида суҳбатлашдик.
- Осиё чемпионлар лигасида илк бор тўп сурдингиз. Мусобақадан қандай таассуротлар қолди?
- Таассуротларим фақат ижобий. Бундай йирик кўламдаги нуфузли мусобақада илк бор иштирок этдим ва менда ундан ажойиб хотиралар қолди, деб айта оламан. Чемпионлар лигасида ўйнаш кишига катта масъулият юклашини ҳам таъкидлашим лозим.
- Мусобақа даражаси ҳақида қандай фикрдасиз? Унда иштирок этаётган жамоалар тўғрисида-чи?
- Шубхасиз, Осиё чемпионлар лигаси – жуда нуфузли турнир. Унда оддий жамоалар иштирок этмайди. Буни гуруҳ баҳсларида бизга рақиблик қилган жамоалар мисолида ҳам кўрдик. Қатнашчи клубларнинг бюджети, улар таркибида тўп сураётган ижрочилар ҳамда машҳур номларнинг ўзиёқ турнир даражасидан далолат бериб турибди, назаримда.
- Қандай фикрдасиз, “Локомотив” нима сабабдан гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалай олмади?
- Биласизми, аввалбошдан биз мухлисларимизни хушнуд этиб, ушбу мусобақада яхши ўйин намойиш этишга аҳд қилгандик. Бунинг учун ҳаракат қилдик ҳам. Ҳар бир учрашувда мазмунли ўйин кўрсатишга интилдик. Баъзан буни уддаладик, баъзан эса йўқ. Нима ҳам қила олардик, ахир бу – футбол… Ҳайронман, жамоамизга нима етишмади экан. Балки халқаро мусобақалардаги тажриба етишмагандир…
- Турнирдаги ўз ҳисобингиздаги голлар сонини очиб олишга муваффақ бўлдингиз. Тўп киритган пайтингизда нималарни ҳис этдингиз?
- Чемпионлар лигасида тўп киритиш – кишига ўзгача завқ бағишлайди, албатта. Аммо айнан бир гол ҳақида кўп ўйлаш ҳам яхши эмас. Янада яхшироқ ўйин кўрсатиб, кўпроқ голлар уришга ҳаракат қилиш лозим. Шу сабабли ўша куниёқ бу гол билан “хайрлашиб”, энди киритишим керак бўлган янги голлар тўғрисида ўйлашни бошлаб юборганман.
- Жамоангиз Чемпионлар лигасидан чиқиб кетди. Энди клуб олдида қандай вазифалар турибди?
- Ҳа, афсуски Чемпионлар лигасини ўзимиз ўйлаганимиздан анча эрта тарк этдик. Аммо ҳаёт бу билан тўхтаб қолмайди. Эндиги мақсадимиз – ички мусобақаларда фақат олға юриб, мамлакат чемпионлигини қўлга киритиш. Йил сўнггида чемпионликни тантана қилиб, мухлисларимизни хурсанд қилмоқчимиз.
Зоҳирбек Акрамхонов суҳбатлашди