«Манчестер Сити» бош мураббий Пеп Гвардиола кетганидан сўнг таркибни тубдан янгилашни режалаштирмоқда. Fichajes.net нашри хабарига кўра, жамоанинг янги мураббийи Энцо Мареска аллақачон ёзги трансфер ойнаси учун устувор мақсадларни белгилаб олган. Клуб раҳбарияти таркибни кучайтириш учун 250 миллион фунт стерлинг ажратишга тайёр.
«Манчестер Сити»га ўтиши кутилаётган асосий номзодлар сифатида ярим ҳимоячи Эллиот Андерсон, «Челси» хавбеки Энцо Фернандес ва ҳимоячи Педро Порро тилга олинмоқда.
Манчестер клуби Маресканинг асосий хоҳишларидан бири бўлган Андерсон учун 100 миллион фунт таклиф қилишга тайёр. Яна 100 миллион фунт эса Аргентина терма жамоаси сафида Жаҳон чемпиони бўлган Энцо Фернандес трансферига йўналтирилиши режалаштирилган. Учинчи янги футболчи испаниялик ҳимоячи Педро Порро бўлиши мумкин, унинг трансфери тахминан 50 миллион фунтга баҳоланмоқда.
Таркибни янгилаш зарурати кутилаётган кадрлар ўзгариши билан боғлиқ. Жамоани аллақачон Жон Стоунз ва Бернарду Силва тарк этган бўлса, Рубен Диаш, Йошко Гвардиол, Тиджани Рейндерс, Савиньо ва Родрининг келажаги номаълумлигича қолмоқда.
Таъкидланишича, «шаҳарликлар» раҳбарияти янги футболчилар мавсумолди тайёргарлик бошланишидан олдин жамоага қўшилишлари учун музокараларни имкон қадар тезроқ якунлашни кўзламоқда. Шу тариқа, «Манчестер Сити» ёзги трансфер ойнасида энг фаол клублардан бирига айланиши ва Гвардиоланинг кўп йиллик фаолиятидан сўнг янги даврни бошлаши мумкин.













