Агар “Манчестер Сити” молиявий қоидабузарликлар сабабли АПЛ томонидан жиддий жазога тортилса ва Эрлинг Ҳоланд жамоани тарк этса, “Барселона” ушбу ҳужумчини ўз сафига қўшиб олиш имкониятини қўлдан бой бермоқчи эмас.
“Манчестер Сити” ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд 2027-йилнинг ёзида Каталониянинг “Барселона” клубига ўтиши мумкин. Бу ҳақда El Nacional нашри хабар бермоқда.
Қайд этилишича, агар Англия Премьер Лигаси молия қоидаларини бузгани учун “шаҳарликлар”га жиддий жазо қўлласа ва бунинг натижасида норвегиялик ҳужумчи клубни тарк этишга қарор қилса, Каталония клуби бу вазиятдан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади.
Манбага кўра, ҳозирда каталонияликлар вингери Рафинья марказий ҳужумчи позициясида муваффақиятли ўйнаб, мунтазам гол ураётганига қарамай, клуб спорт директори Деку классик ҳужумчи сотиб олиш ғоясидан воз кечмаган. Клуб ёзда “Атлетико” форварди Хулиан Алваресни ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилиб кўрди, аммо якунда футболчи Мадрид клубида қолишга қарор қилди. Шу боис энди ушбу позиция учун асосий номзод сифатида Эрлинг Ҳоланд кўрилмоқда.
Бироқ келаси йилнинг ёзида “Барселона”нинг ўзида ҳам молиявий қийинчиликлар юзага келиши кутилмоқда. Ҳоланднинг трансфери реалликка айланадими ёки йўқ, бу бевосита клубнинг келгуси ёздаги иқтисодий ҳолатига боғлиқ бўлади.
Маълумот ўрнида, “Манчестер Сити” АПЛ молиявий регламентини бузиш бўйича айбдор деб топилган. АПЛ 2023-йил феврал ойида “Манчестер Сити”га 2009/10–2017/18-йиллар оралиғидаги давр бўйича 115 та айблов қўйган. Клуб аниқ молиявий маълумотларни тақдим этмаслик, футболчилар ва мураббийларга тўланган товон пуллари бўйича нотўғри маълумот бериш, шунингдек, Премьер Лиганинг фойдалилик ва барқарорлик қоидаларини бузганликда айбланган.













