Кириш Регистрация
02/07 00:00 Португалия 0-0 Словения
02/07 06:00 АҚШ 0-1 Уругвай
02/07 06:00 Боливия 1-3 Панама
02/07 21:00 Руминия 0-3 Нидерландия
03/07 00:00 Австрия 1-2 Туркия
03/07 06:00 Бразилия - Колумбия
03/07 06:00 Коста-Рика - Парагвай

Капеллонинг РФИ билан имзолаган шартномаси можаролари

Баҳо:
+ | -

Россия терма жамоасининг ЖЧ-2014даги қониқарсиз иштирокидан сўнг италиялик бош мураббий учун белгиланган маош хусусида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган «сериал» бошланди. Бир неча ой давомида иш ҳақини вақтида беролмаган РФИнинг мутахассис олдидаги қарзи қай тариқа кўпайиб бораётганини фуқаролар худди валюталар курсини кузатгандек ўрганиб боришди. Можаронинг нафақат Россия, балки бутун дунёда қизғин муҳокама қилиниши Капелло билан тузилган келишувни сирли жумбоқ даражасига олиб чиқди. Кейинчалик мутахассиснинг бошқа даромад манбалари хусусида миш-мишлар юзага келди. Охир-оқибат, «Новая Газета» таҳлилчилари Европанинг турли мамлакатларидаги касбдошлари билан ҳамкорликда ана шу манбаларни аниқлашга уриниб кўришди. Тадқиқотлар журналистларни серқуёш Монако ва серёмғир Лондондаги айрим компаниялар, уларнинг латвиялик ҳамда Жанубий кореялик раҳбарларига рўпара қилди... Демак, «ССФ» маълумотлари асосида тафсилотлар билан танишиб чиқамиз.

Можаронинг бошланиши

2014 йилнинг 24 январида РФИ Фабио Капелло билан янги шартнома тузди. Ана шу келушув мисли кўрилмаган можарони келтириб чиқарди. Натижада нафақат йирик спорт амалдорлари, балки таниқли давлат арбоблари ҳам ўз нуқтаи-назарларини баён қилишдан тийилишмади. Жумладан, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ўз фикрини билдирди, бир пайтлар ўзаро маслакдош сифатида ишлашган спорт вазири Виталий Мутко ва РФИ президенти Николай Толстих қарама-қарши позициялардан жой олишди. Улар ўртасидаги келишмовчилик айнан Капеллонинг янги шартномаси масаласида юзага келди. Бир қатор интервьюлар мазмунидан келиб чиқадиган бўлсак, Мутко италиялик мутахассис билан ҳамкорликни давом эттириш тарафдори эди. Толстих эса терма жамоанинг Бразилиядаги натижаларини кутиш ва кейингина бир тўхтамга келишни таклиф қилди. Биласиз, терма жамоа мундиалда омадсизликка учради. РФИда эса молиявий муаммолар бош кўтарди. Қайд этилган натижалар ва бош мураббий олдидаги қарзларга келганда, спорт вазири ва РФИ президенти масъулиятни бир-бирларига ағдара бошладилар.

Капеллони Россияга ким таклиф этганлиги хусусида ҳеч қандай чалкашлик йўқ. Гарчи бу жараённи кўпчилик, шу жумладан, мураббийни жалб қилган шахснинг ўзи ҳам аллақачон унутиб юборган бўлсада... «Россия терма жамоасига мени спорт вазири Виталий Мутко таклиф этди. Ўша пайт Римда ташкил этилган конгрессда иштирок этаётгандим. Тез орада Москвага учиб келдим. Эрталаб Мутко билан учрашдим. Суҳбатимиз асосан ЖЧ-2018 ҳақида кечди. У мени турнирга тайёргарлик кўриш жараёнига жалб қилмоқчи эканлигини билдирди» - мазкур гаплар италиялик мутахассиснинг 2012йил июлида бўлиб ўтган матбуот анжуманидаги чиқишидан олинган. Бу даврда Толстих ҳали РФИ президентлигига сайланмаган, янги шартнома имзоланмаганди. Капелло эса, келишув муддати узайтирилишига аниқ ишонган ҳолда, Россия мундиалига тайёргарлик хусусида хотиржам фикр билдирганди.

Расмий шартнома

Капелло олдидаги қарзлар учун ким жавоб беради? Бу саволга жавобни илк марта ошкор этилаётган шартноманинг ўзидан олиш мумкин. Мазкур келишув OCCRP (Коррупция ва жиноятчиликни тадқиқ этиш маркази - Шарқий Европа мамлакатлари журналистларининг уюшмаси) ҳамда Россия меҳнат ва бандлик масалалари бўйича федерал хизмати ходимлари ҳамкорлигида РФИ фаолия­тини текшириш жараёнида тақдим этилди. 2014 йилнинг 24 январида имзоланган шартнома 2018 йилнинг 25 июлига қадар амал қилади. У нафақат расман иш берувчи ҳисобланадиган Николай Толстих, балки бир қатор саҳифаларда спорт вазири Виталий Мутко томонидан ҳам имзоланган. Аниқроқ айтсак, вазирнинг имзоси «келишилган» ёзуви туширилган саҳифада бор. «Спорт ҳақидаги» қонун айнан шуни талаб этади. Лекин келишувнинг бошқа банд­лари, жумладан, молиявий шартлар саҳифасида ҳам унинг имзоси йўқ эмас.

Хўш, шартноманинг тўлиқ бажарилишида Виталий Мутко ҳам жавобгарми? Спорт вазирлигининг матбуот котибаси Людмила Деревянконинг маълум қилишича, Мутко хусусидаги барча саволлар РФИ фаолиятига тааллуқли: «Бизда бош­қа ҳеч қандай изоҳ йўқ».

Келишувга кўра, Капеллонинг йиллик иш ҳақи 7 млн. еврога тенг. Бразилия мундиалига тайёргарлик кўриш ва у ердаги иштирок чоғида (24 январдан 25 июлга қадар) мураббийга 4,5 млн. миқдорида иш ҳақи берилган. Бундан ташқари, шартномада терма жамоанинг муваффақиятли иштироки учун алоҳида бонуслар бериш назарда тутилган.

Умуман олганда, шарт­нома билан танишиб чиқишган ҳуқуқшунослар «Томонлар манфаатлари ва мажбуриятлари адолатли тарзда тақсимланган эмас»,-деган хулосага келдилар. Уларнинг айтишларича, келишувда РФИ ҳуқуқлари поймол этилган ва кўп масалалар Капелло фойдасига хизмат қилади. РФИ ижроқўми аъзолари ҳам айни шу жиҳатга эътибор қаратишди. Масалан, Сергей Степашин бундай шартномага кўнишган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш кераклигини таъкидлади: «Қандай кишилар шунақа келишув тузадилар? Унда ҳеч қандай мажбурият йўқ. Мен ҳисоб палатасида 13 йил ишладим. Унгача ИИВ ва ХФХда ишлаганман. Буни шунчаки, эслатиб қўймоқчиман. Шунга ўхшаш найранглар бошқа ташкилотда амалга оширилганида, аллақачон жиноий иш қўзғатиларди. Сармояларнинг самарадорлиги қаёқда қолди, ўртоқлар?»

РФИнинг бир нечта қўмитаси аъзоси, адвокат Василий Гришак ҳам Степашинни қўллаб-қувватлади: «Қандайдир қария жентльмен юмшоққина ўриндиқда бир неча йил ўтирсаю, натижалардан қатъий назар, мўмайгина даромадни олаверса. Токи унинг ўзи бундан воз кечмагунча! Қоидага кўра, узоқ муддатга мўлжалланган келишувларда чекланган тўловлар банди ҳам бўлиши шарт. Келишувни муддатидан аввал бекор қилиш зарурати юзага келса, томонлар бундан азият чекмасликлари керак, ахир. Бу ҳужжат эса шартнома эмас, РФИ Капеллога тўлаши шарт бўлган векселга ўхшайди».

Дарҳақиқат, РФИ италиялик мутахассисни турли тазйиқлар, жумладан, хорижий давлатлардаги мусодара ташкилотларидан ҳимоялаш мажбурия-тини ўз зиммасига олган. Бироқ агар Капелло ташаббуси билан шартнома бекор қилинадиган бўлса, мураббий бир евро ҳам зарар кўрмайди. Яъни федерация шартномада белгиланган маблағни тўлашга мажбур. Қўшимчасига, иш берувчи айрим камчиликларга йўл қўйган тақдирда, Капеллонинг ўзи шартномани бузиб, товон пули талаб қилиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, у истаган пайти биргина шифокор маълумоти билан терма жамоани тарк этиши мумкин. Бундай ҳолда ҳеч ким ундан товон пули талаб қилолмайди.

Василий Гришак яна НиколайТолстихнинг шундай шартнома остига имзо чекканидан ҳайратда  эканлигини яширолмади: «Уни 20 йилдан бери биламан. Шу сабабли, аниқ айта оламанки, ҳар қандай ҳужжат, айниқса, меҳнат шартномасига имзо чекишдан аввал жиддий текширув ўтказарди. Шу пайтгача Толстих имзолаган келишувларнинг бирортаси мантиққа зид келган эмас. Ҳарқалай, шартномани бекор қилиш зарурати туғилганида, иш берувчига жиддий зарар етиши олди олинарди. Бу гал эса у ўзини гўёки, боши берк кўчага олиб кирибди. Балки кимнингдир ваъдасига ортиқча ишониб юборгандир...?»

Хуфёна келишув

OCCRP гуруҳи аъзолари Капеллонинг шартномасидан ташқари, бошқа бир келишув нусхасини ҳам қўлга киритишди. Балки бу ҳужжат италиялик мутахассис фаолиятини молиялаштиришга алоқадордир? Тад­қиқотчилар мазкур ҳужжатни бир-бири билан боғлиқ бўлмаган икки манбадан олишган. Хуллас, РФИ ва Фабио Капелло ўртасидаги умумий қиймати 32,5 млн. еврога тенг шартнома расман имзоланган 2014 йилнинг 24 январида кимдир иккита хорижий компания - Буюк Британиядаги Ches­tersen Ltd ва Монакодаги Faro Management Ltd ўртасидаги келишувга асос сол­ган. Унга кўра, британияликлар князликдаги компания Фабио Капеллога хизмат кўрсатиши учун 10 млн. евролик шартнома тузишган. Қизиғи, бу келишув ҳам 2018 йилнинг 20 июлига қадар амал қилади! Келишувда тўловлар графиги ҳам акс этган ва ҳозирга қадар Faro Мanagement британияликлардан 2,5 млн. евро олган бўлиши керак. Текширувчилар Капеллонинг ўғли, шунингдек, унинг адвокати ҳисобланмиш Пьерфилиппо билан суҳбатлашишга муваффақ бўлишди. Бироқ кичик Капелло отасининг юқорида зикр этилган компаниялар билан алоқадор эмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, дон Фабио худди Анчелотти, Гвардиола, Моуриньо ва ван Галь каби йирик шартнома соҳиби, холос. У Россияда белгиланган 13 фоизли солиқларни вақтида тўлаётган экан. Пьерфилиппо шунинг­дек, отасига ортиқча маблағ ҳам, можаролар ҳам керак эмаслигини алоҳида айтиб ўтди.

Мазкур компаниялар вакиллари текширувчилар билан ҳамкорлик қилишни истамадилар. Бироқ хуф­ё­на келишувни фош этишга астойдил бел боғлашган журналистлар секин-аста керакли ҳужжатларни тўплашда давом этмоқдалар. Жумладан, Faro Mana­ge­ment италиялик таниқли ҳакам Роберто Розеттининг Россияда иш билан таъминланишида воситачилик қилган экан. У РФИ Ҳакамлар департаментига раҳбар этиб тайинланган ва йилига 1 млн. евро миқдорида маош олганди. Компанияга эса агентлик хизмати учун 200 минг евро берилган. Қисқаси, Фабио Капеллонинг Россиядаги антиқа фаолияти тобора ойдинлашиб бормоқда. Муҳими, бу ишни ўз ҳолига ташлаб қўйишмаяпти. Қин­ғир ишнинг қийиғи эса, 40 йилдан ке­йин ҳам албатта, чиқади...

Янги шартнома бўйича Капеллонинг йиллик маоши (бонусларсиз) шунча.

Шартномада белгиланган алоҳида сумма. Агарда Капелло РФИ томонидан истеъфога чиқарилса, унга шу сумма юзасидан компенсация тўланади. Дейлик, мураббийга бугун жавоб берилса, янги шартнома тузилган вақтдан буён олган маоши (1 йилу 2 ойлик) 32,5 млн. евродан айириб ташланади ва қолган сумма берилади.

Фабио Капелло бир йилда камида шунча вақт Россияда бўлиши шарт.

РФИ мураббийни персонал ассистент ва иш хонаси билан таъминлайди, рус тили бўйича индивидуал дарслар ташкиллаб беради, юқори қулайликларга эга автомобиль ажратади ва хизмат сафарлари учун «бизнес класс» тоифасидаги авиачипталар олиб беради.

Капелло ҳар йили шунча вақт таътил ўтказишга ҳақли.

Капеллонинг икки йиллик маоши миқдоридаги маблағ эвазига 10000 сиғимли стадион қуриш мумкин ( мисол учун, Бурятиядаги «Марказий» стадионига 13 млн. евро кетган).

Капеллонинг йиллик маоши эвазига «Волга» клубининг барча футболчиларини (6,18 млн. евро) сотиб олиш мумкин. Бу маблағ «Газовик» (7,15 млн. евро) ёки «Балтика» (7,10 млн. евро)нинг барча футболчиларини харид қилишга ҳам деярли етади.

- Шартнома шунчалик нафислик билан тузилганки, уни бузиш мумкин эмас. Агар бузсанг, балога қоласан. Владимир Абрамов (спорт агенти).

Капеллонинг йиллик маоши (7 млн. евро) Россия термасининг 3 нафар футболчиси - Игорь Смольников, Алексей Ионов ва Виктор Файзулиннинг жами трансфер нархига тенг.

- Шартномада унинг тафсилотлари сир тутилиши алоҳида қайд этиб қўйилган. Қизиқ, у қандай қилиб, матбуот  «ўлжа»сига айланди...? Пьерфилиппо Капелло (Фабио Капеллонинг ўғли ва агенти).

- Агар шартномадаги маълумотлар тўғри бўлса, бу тоза санъат! Шунингдек, бутун Россия футболини камситиш ҳам! Айбдорлар барча масъулиятни ўз зиммаларига олишлари ва шартномани бекор қилиб, Россия термасини маҳаллий мутахассисга топширишлари керак. Андрей Кобелев (россиялик собиқ футболчи ва мураббий).

- Шартнома иш берувчиларни ўта ноқулай аҳволда қолдиради, зеро, у спорт натижаларига умуман боғлиқ эмас, шунингдек, молиялаштириш манбаи кўрсатилмаган. Ушбу келишувни тавсифлаш учун «Қарол» иборасидан яхшироғи йўқ... Вячеслав Колосков (рфининг собиқ президенти).

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:54, 10.05.2015.
Ўқилди: 3512 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.