Равшан Ҳайдаров устозлигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳозирда Янги Зеландияда ўтадиган U-20 Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасидаги сўнгги йиғинни ўтказмоқда.
Терма жамоамиз сафида етакчилардан бири саналадиган иқтидорли ярим ҳимоячи Миржамол Қосимов нуфузли мусобақа олдидан SPORTS.uzга ўз таассуротларини бўлишиб, кичик мундиалдан нималар кутаётгани ҳақида гапириб берди.
- Терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёни қандай кечди?
- Мусобақага тайёргарлик кўриш жараёнида ташкил этилган йиғинлар аъло даражада ўтди, деб айта оламан. Боиси бизга яхши ҳозирлик кўришимиз учун барча шароитлар яратиб берилди. Яхши спарринг-рақиблар билан назорат баҳслари, хорижда ва юртимизда ўтказилган йиғинлар биз учун анча фойдали бўлди. Айниқса, Уругвай, Португалия ҳамда Янги Зеландия каби терма жамоаларга қарши ўртоқлик учрашувлари ташкил этилгани айни муддао бўлганини таъкидлай оламан. Сабаби бу терма жамоалар бизга гуруҳда рақиблик қиладиган жамоаларга яқин ўйин кўрсатишади. Уларга қарши ўтган беллашувларда биз нималарга алоҳида эътибор қаратишимиз керак эканини билиб олдик. Умуман олганда, мусобақага тайёргарлик жараёни кўнгилдагидек ташкил қилинди.
- Терма жамоадаги йигитларнинг кичик мундиал олдидан кайфиятлари қандай?
- Барчамизнинг кайфиятимиз аъло даражада. Ҳамма Жаҳон чемпионати бошланишини интиқлик билан кутмоқда. Насиб қилса, турнирда ўзимизни ҳар томондан кўрсата оламиз ва мухлисларимизни хушнуд этган ҳолда, яхши натижалар қайд этиб қайтамиз. Барча йигитлар Жаҳон чемпионатига яхши кайфиятда йўл олишмоқда.
- Тайёргарлик жараёнида гуруҳдаги рақиблар ҳам ўрганилгани тайин. Нима деб ўйлайсиз, терма жамоамиз гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалай олармикан?
- Биласизми, бу – футбол. Унда олдиндан бирор нимани аниқ башорат қилиб бўлмайди. Гуруҳимиздан яхши савиядаги жамоалар ўрин олган. Табиийки, ҳар бир жамоа плей-оффга йўл олишга ҳаракат қилади. Шу жумладан биз ҳам гуруҳдан чиқиш учун уринамиз. Умид қиламанки, биз бу вазифани уддалай оламиз.
- Терма жамоамиз олдига аниқ бир вазифа қўйилдими?
- Бизнинг олдимизда юксак вазифалар турибди. Терма жамоамиз ҳар бир учрашувда ғалаба қозонган ҳолда имкон борича узоқроққа боришга ҳаракат қилади. Асосий мақсадимиз – мазмунли ўйин намойиш этиб, бизга мухлислик қиладиган юртдошларимизни хушнуд этиш. Насиб қилса Жаҳон чемпионатидан ортга, албатта, ижобий натижаларни қўлга киритиб қайтамиз.
- Миржамол, сиз ва шерикларингизга кичик мундиалда зафарли одимлар тилаймиз!
- Ташаккур! Биз ҳам бор куч-ғайратимизни ишга солган ҳолда, халқимиз ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз!
Зоҳирбек Акрамхонов суҳбатлашди