Бугун Цюрихда ФИФА президентлиги учун навбатдаги сайлов бўлиб ўтади. УЕФА президенти Мишель Платини ушбу сайловда барча футбол федерацияларидан Иордания шаҳзодаси Али бин ал-Ҳуссайнни қўллаб-қувватлашни сўради.
«Эртага ассоциацияларнинг аксарияти шаҳзода Алига овоз беради. Одамлар энди Блаттернинг ФИФА президенти лавозимида қолишини исташмайди. Мен ҳам буни хоҳламайман. Бизга кучли ФИФА кераклигини ҳамиша таъкидлаб келганман. Бугунги ФИФА кучли эмас. Мен ҳамон Европанинг айрим ассоциацияларини ишонтиришга уриняпман, улар ҳали бир қарорга келишмаган. Лекин кўп ассоциацияларнинг фикри бутунлай ўзгарди. Биз бу масалада яна ишлашда давом этамиз.
Мен жаҳоннинг барча миллий ассоциацияларидан шаҳзода Алини қўллаб-қувватлашларини сўрайман. Мен буни чуқур қайғу ва кўзда ёш билан айтяпман. ФИФА бундай муносабатда муносиб эмас. ФИФА — футболнинг онаси. У бундай муносабатга лойиқ эмас», - дея Платинининг сўзаридан иқтибос келтирмоқда УЕФА расмий сайти.