"Манчестер Сити" футболчиларининг агентлари клуб молиявий қоидаларни бузганликда айбдор деб топилиб, қуйи дивизионга туширилган тақдирда шартномаларни бекор қилиш имконини берадиган асосларни изламоқда. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.
Манба маълумотига кўра, футболчиларнинг ҳеч бир шартномасида жамоа қуйи лигага туширилган тақдирда келишувни бир томонлама бекор қилиш имконини берувчи махсус банд мавжуд эмас.
Одатда "Манчестер Сити" футболчиларининг шартномалари уч қисмдан иборат: асосий маош, Чемпионлар лигасида иштирок этиш учун бонус ва мавсум давомида майдонда ўтказилган вақт фоизига боғлиқ қўшимча тўловлар.
"Сити"нинг сўнгги йиллардаги барқарор муваффақиятлари ҳисобга олинса, мазкур бонуслар амалда футболчилар даромадининг деярли кафолатланган қисмига айланган.
Қайд этилишича, айрим футболчиларда асосий маош умумий даромаднинг атиги 60 фоизини ташкил этади, қолган салмоқли қисм эса турли бонуслар ҳисобига тўғри келади.
Майдонда ўтказилган вақт учун бериладиган бонуслар фақат Премьер-лига, Чемпионлар лигаси ва Англия миллий кубок мусобақалари доирасида амал қилади.
Шу сабаб, агар "Манчестер Сити" қуйи дивизионга туширилса, ушбу тўловлар, шунингдек, еврокубокларда иштирок этиш учун бериладиган бонуслар ҳам бекор қилиниши мумкин.













