Франция терма жамоаси ва Мадриднинг "Реал" клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттириши мумкин. Унинг хизматларига "Ливерпуль" қизиқиш билдирмоқда.
TeamTalk нашри инсайдер Франсуа Гальярдога таяниб хабар беришича, мерсисайдликлар аллақачон футболчининг онаси Файза Ламари билан боғланган.
Манбага кўра, Мбаппе "Реал" кийиниш хонасида етарлича меҳр ва қўллаб-қувватлашни ҳис қилмаяпти. Бу эса футболчига жиддий ноқулайлик туғдирмоқда.
Бундан ташқари, Мбаппе Испания грандида ўтказган икки мавсуми давомида ҳали йирик соврин қўлга кирита олмаган.
Аввалроқ "Ливерпуль" келаси ёзда француз футболчисини 250 миллион еврога сотиб олиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Килиан Мбаппе 2024 йил ёзидан буён Мадриднинг "Реал" клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.













