Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Легионер мураббийлар қаерда ва қандай ишлашяпти?

Баҳо:
+ | -

Охирги йилларда хорижлик мутахассисларга талаб нисбатан пасайди. Аммо айрим жойларда чет эллик мураббийларни ҳали ҳам етарлича учратиш мумкин. Хусусан, Осиё ва Африка мамлакатларида. Биз ХХI асрда яшаяпмиз ва айтайлик, энди қорбобо борлигига ишонувчилар ҳаттоки, болалар орасида ҳам йўқ, ҳисоби. Шунга қарамай, кўпчилик «Хориждан мураббий таклиф этиш билан жамоадаги муаммоларни дарҳол ҳал қилиш мумкин»,-дея ҳисоблайди. Аслида эса ундай эмас, албатта. Махсус таҳлил натижаларига қарасак, легионер мураббийларнинг ғалабалари фоиз ҳисобида маҳаллий мутахассисларникидан камроқ экан. Ҳа, кўп йиллар илгари бошланган мураббийларнинг ташқи миграцияси жараёни ҳамон давом этмоқда, гарчи охирги вақтларда депсиниш даврига юз тутган бўлсада. Умуман, битта мамлакат чемпионатида ўз ўрнини топган мутахассис камдан-кам ҳолатда бошқа жойга йўл олади. Жозе Моуриньо каби мураббийлар эса, бу масалада истисно ҳолатидалар. Демак, қуйида легионер мураббийларнинг жорий мавсум якунлари бўйича йиғма портретларини яратишга уриниб кўрамиз.

Европа клублари

Европанинг элит дивизионларида иштирок этувчи жами 646та клубда 119 нафар легионер мураббий бош устоз вазифасини бажармоқда. Яъни 18,4 фоиз клуб чет эллик  мутахассис қўл остида ўйнамоқда. Легионер мураббийларнинг кўплари хориж чемпионати танловида географик ва лингвистик шароитларни ҳисобга олишади. Аниқроғи, қўшни мамлакатлар ва тил муаммоси билинмайдиган ҳудудларда ишлашни маъқул кўришади. Бошқа бир факт янада қизиқарли: хорижликлар турмуш шароити умумевропа ўртача меъёрларидан юқори бўлган мамлакатларга ҳеч қандай иккиланишсиз йўл олишади. Шу маънода айтсак, Европанинг ўзида ҳам турмуш тарзи юқори даражада бўлган мамлакатларда хорижлик мураббийлар сони кўп. Дейлик, Германия ва Англия элит лигасида 8 нафардан, Бельгияда эса 6 нафар хорижлик бош мураббий бор. Европада аҳоли бошига тўғри келадиган даромад бўйича биринчи ўринда бораётган Люксембургда ҳам элитанинг 6та клуби хорижлик мутахассис бошқарувида. Тўғри, Қозоғистон премьер-лигасида 7 нафар легионер мураббий ишлаяпти, аммо улардан 5 нафари собиқ иттифоқ ҳудудидан эканлигини ҳисобга олиш жоиз. Россия, Озарбайжон ва Кипр каби мамлакатларда эса футбол соҳасидаги маош миқдори маҳаллий турнирларнинг реал савиясига нисбатан анча баланд ва шунинг учун уларда ҳам хорижлик мутахассислар кўп.

Энди экспорт хусусида. Айни пайт германиялик ва голландиялик мутахассисларга талаб кучли. 8 нафардан немис ва голланд мутахассиси Европанинг элит дивизионларида фаолият юритмоқда. Голландия мураббийлик мактаби битта жиҳати билан алоҳида мақтанишга ҳақли: унинг вакиллари бутун дунё бўйлаб кенг тарқалишган ва шунинг баробарида эредивизионнинг 18та жамоасида фақат маҳаллий мутахассислар иш олиб боришяпти! Боз устига, охирги 3та мавсумда Нидерландияда атиги бир нафар реал хорижлик ишлади - инглиз Стив Макларен. «Маҳаллий» легионерлар Небойша Гудель ва Йон-Даль Томассонни ҳисобга киритмаймиз - улар анчадан буён голланд футболи ичидалар. Эътибор беринг, гап атиги 17 млн. аҳолиси бор давлат ҳақида кетяпти!

Легионер мураббийларнинг ўртача ёши 48,2га тенг, бу маҳаллий мутахассисларникидан паст. Фақат Англияда бошқачароқ. Ўзи туманли ўлкада хорижлик тажрибали мураббийларни ўзгача қадрлашади. Шундай экан, 60 ёшдан ошган легионер мутахассисларнинг 33 фоизи айнан премь­ер-лигада нафақага ҳозирланаётганидан ажабланмаслик керак. Голландиядан ташқари, яна Сербия, Черногория ва Болгария каби бой бўлмаган давлатлар чемпионатларида ҳам хорижлик мутахассис йўқ. Шунингдек, европалик мураббийлар қитъанинг шимолига унча талпинишмайди. Швеция, Исландия ва Уэльснинг 40та клубига атиги бир нафар хорижлик мутахассис тўғри келмоқда (у ҳам норвегиялик). Жанубий европалик мураббийлар нисбатан фаол - гастролёр мутахассисларнинг 33 фоизи Испания, Португалия, Италия ва собиқ Югославия ҳудудидан. Европанинг элит дивизионлари клубларида қитъа ташқарисидан келган мураббийлар сони эса атиги 8 нафар. Қизиғи, Литва чемпионатида ҳаттоки, анголалик мутахассис ҳам бор. Россияликларга келсак, уларни хориждаги сони немислар ва голландлар билан тенг - 8 нафар. Фарқи шуки, Сергей Андреевни ҳисобга олмаганда, қолганлари Қозоғистон, Литва ва Эстонияда ишлаш билан чекланишяпти.

Ўзига хос хулоса: юқори савияли чемпионат учун хорижда ишлаш тажрибасига эга 43-49 ёшли немис ва голланд мутахассиси жуда мос. Идеал мисол - «Аякс»ни бошқараётган Франк Де Бур. Нисбатан пастроқ савиядаги чемпионат учун эса аввало, жамоада тартиб ўрнатишга қодир 46-52 ёшли серб ёки хорват муносиб. Идеал мисол - «Бешиктош»ни бошқараётган Славен Билич.

Терма жамоалар

Таҳлил учун энг рақобатбардош ҳудудлар - Европа, Жанубий Америка, Осиё ва Африка олинган. Биринчи навбатда, айтиш жоиз, терма жамоаларни клубларга нисбатан хорижликларга кўпроқ ишониб топширишади. Рақамларга қараймиз, УЕФА таркибидаги термаларнинг 24,1 фоизини хорижлик мутахассис бошқараётган бўлса, Африка ва Жанубий Америкада бу кўрсаткич 50 фоиз, ОФК ҳудудида эса 53,2 фоизга тенг. Иккинчидан, терма жамоалар мураббийларининг ўртача ёши клублардаги ҳамкасблариникидан 5 йилга катта. Демак, терма жамоада энг муҳими - тажриба.

Собиқ Югославия ҳудудларидан чиққан мураббийларга талаб кучли эканлиги асосан сербларга боғлиқ. Сербия айни пайт ҳам Европа клублари, ҳам «кўҳна қитъа», Осиё ва Африка миллий жамоаларини мураббий билан таъминлаётган жаҳондаги ягона мамлакат! Серблар биргина Жанубий Америкада йўқ, у ерда аргентиналиклар «ҳукмрон»лик ўрнатишган. КОНМЕБОЛ таркибидаги 10та терма жамоанинг ярми - 5таси хорижлик мутахассис қўл остида ва уларнинг ҳаммаси аргентиналикларга ишониб топширилган. Агарда шу ҳолатда ҳам «альбиселестлар»ни хорижлик коуч бошқарганида мантиққа зид бўларди, тўғрими? Қисқаси, Жанубий Американинг 10та жамоасидан 6таси аргентиналиклар қўл остида!

Умуман, Осиё ва Африка - европалик мутахассислар учун жаннат. Осиёнинг Сингапур, Гонконг, Мальдив ороллари, Шри-Ланка, Индонезия каби мамлакатларига асосан «сайёҳ» - мураббийлар йўл олаётган бўлсалар (улар ёқимли иқлим шароитига эга мамлакатларда йилига атиги 60-65 кун бўлиш билан чекланишади), Африка ҳамон романтик ўйин тарафдорлари, яъни миссионер-мутахассислар учун муносиб ҳудуд. Мисол тариқасида, Руди Гутендорф ва «Оқ сеҳргар» - Клод Леруани айтиш мумкин. Африка футболи яна ҳамон франциялик мураббийларнинг кучли таъсири остида турибди. У ерда нақ 9та мамлакат термаси айнан французларга ишониб топширилган. Натижа шунга яраша - бутун дунёга мураббий экспорт қилиш бўйича Франция 1-ўринда! Терма жамоалар миқёсида немисларнинг мавқелари ҳам баланд - Африкада 3та, Осиёда 4та миллий жамоани германиялик мутахассис бошқаряпти. Европанинг ўзида эса, Бернд Шустер Озарбайжон термасидан кетгач, хориж миллий жамоаларида бирор-бир немис мутахассиси қолмади.

Умуман, «кўҳна қитъа»да назорат ҳамон итальянлар қўлида. «Скуадра Адзурра» бош мураббийи Антонио Контедан ташқари, яна 3 нафар италиялик мутахассис УЕФА таркибидаги терма жамоаларга устозлик қиляпти. Энди эътиборни тортадиган битта факт: ФИФАнинг май ойидаги рейтингида Европанинг легионер мураббий қўл остидаги 13та термасидан ҳеч бири кучли 20таликка киргани йўқ, боз устига, шундай жамоалардан 7таси ҳаттоки, топ-100 рўйхатидан ҳам ташқарида турибди. Ҳа, бу хорижлик мураббийларни ёқламайдиганлар учун катта асос.

Ўзига хос хулоса: юқори савияли терма жамоалар учун 65-70 ёшли тажрибали итальян ёки голланд мутахассиси мос. Қанчалик ғалати туюлмасин, идеал вариант - бу Фабио Капелло. Нисбатан кучсиз миллий жамоалар учун эса 60-67 ёш оралиғидаги француз ёки немис мураббийи муносиб. Бунга 15 йил давомида Австралия, Уммон, Ироқ, Беларусь, Сингапур ва Кипрда ишлашга улгурган саёҳатчи Бернд Штанге идеал мисол. Бундайлардан алоҳида натижалар кутиш ярамайди, аммо кутилмаган совғалар (Беларусь термаси «Стад де Франс»­да французларни 1:0 ҳисобида енггани каби) учраб туриши эҳтимолдан холи эмас.

 

Факт

Европанинг элит дивизионлари клубларида 39 миллатга мансуб хорижлик мураббийлар ишлаяптилар.

 

Хорижда мутахассисларига талаб юқори бўлган мамлакатлар  (Европа клублари + Европа, Жанубий Америка, Африка ва Осиё терма жамоаларида)

1. Франция - 17 нафар мураббий

2. Германия - 15 нафар мураббий

3. Сербия - 12 нафар мураббий

4-5. Голландия - 11 нафар мураббий

4-5. Аргентина - 11 нафар мураббий

Абдураҳмонхўжа АҲМЕДОВ тайёрлади, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 20:17, 29.05.2015.
Ўқилди: 4410 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

“Рома” Шомуродов борасида бир қарорга келди [8739]

“Барселона” ҳужумни кучайтириш учун 5 футболчи номзодини кўриб чиқмоқда [3434]

"Барселона" ва "Манчестер Юнайтед" ҳужумчилар алмашинувига тайёргарлик кўрмоқда [2800]

CIES тадқиқоти: Абдуқодир Ҳусанов — 21 ёшгача бўлган футболчилар орасида жаҳоннинг энг яхши марказий ҳимоячиси! [2615]

Ҳусанов Лига1'да энг тезкор футболчилар рейтингида бор [2438]

"Реал Мадрид" "Ливерпул"нинг икки юлдузи билан шартнома имзолаши мумкин [2035]

“Рубин” клуби икки ўзбекистонлик футболчини сотишга тайёр. Уларга араб ва Австралия клубларидан таклифлар бор [2033]

Нкунку ўзи учун янги клуб танлади [1938]

Неймарнинг отаси: "Реал"нинг таклифи "Барселона"никидан уч баробар кўп эди" [1768]

Роналдуни Мессидан яхши деган аргентиналик собиқ дарвозабон энди Марадонанинг Леодан устун томонини айтди [1684]

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.