Ҳа, жорий мавсумда ҳам Франция чемпионатининг олтин медаллари пойтахтдан ташқарига чиқмаслиги деярли аниқ бўлиб қолди. Лекин мусобақа давомида чемпионга муносиб рақобат кўрсата олган «Лион»нинг ёрқин иштирокини эътироф этмаслик адолатсизлик бўларди. «ПСЖ»га бир дам бўлса-да ўзини хотиржам ҳис этиш имкониятини бермаган, ҳатто баъзан етакчиликни тортиб олган жамоада, айниқса 7 нафар футболчи фаол ҳаракат қилди. Марҳамат, улар билан танишинг.
1. Самюэль Умтити
Тажрибали ҳимоячи Милан Бошевац февраль ойида жароҳат олиб, ҳанузгача сафга қайтмади. Бакари Коне билан Линдея Розега барқарорлик етишмаяпти. Шундай мураккаб вазиятда ёш Самюэль бутун масъулиятни ўз зиммасига олди. Ҳимоячининг ҳаракатларини кузатар экансиз, унга фақат озгина тажриба етишмаётганига амин бўласиз: тезлик, жисмоний қувват, техника - юксак даражада. Тезкор қарши ҳужумлар асоси бўлмиш биринчи узатмани ҳам Умтити ўта аниқлик билан амалга оширади. Сербиялик ҳимоячини ҳозирданоқ АПЛда тасаввур қилишмоқда. Шунингдек, Мадриднинг 2 гранди ҳам унга бефарқ эмас.
2. Нобиль ФаҚир
2007 йили жамоа Фақирни сотиб юборган, лекин 4 йилдан сўнг қайтиб шартнома имзолаганди. Ўтган мавсумда Нобиль асосий жамоада ўз дебютини нишонлади. Бу йил эса «Лион» жароҳатлар туфайли Гренье ва Гуркюффдан жудо бўлгач, ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида ўзини кўрсатиш имконига эга бўлди. Бироқ Фақирдаги тараққиёт барчани лол қолдирди: бир йил ичида у нафақат ўз жамоасининг, балки Франция чемпионатининг суперюлдузи даражасига кўтарилди. Тезкор, ҳар қандай рақибни алдаб ўта оладиган кучли зарбалар соҳибини Эден Азарга қиёслашаётгани бежиз эмас. Дидье Дешам эса Нобилдан Евро-2016 турнирида янада ёрқинроқ ўйинларни кутмоқда.
3. Жордан Ферри
23 ёшли марказий ярим ҳимоячи ўз позициясидаги ҳар қандай топшириқни талаб даражасида уддалай олади. Тўпни рақибдан олиб қўйиш, жамоадошларига аниқ етказиб беришга қаратилган ҳаракатларини кузатар экансиз, шу митти йигитча шундай ишларга қодир эканлигига ишонгингиз келмайди. Жордандан тўпни тортиб олиш ҳам жуда қийин. Ферри Толиссо, Гоналон ва Фақир билан самарали ҳимкорликда тўп суради. Ўтган мавсумда айнан унинг кучли зарбаси «ПСЖ» мағлубиятини таъминлаганди.
4. Корентен Толиссо
Жорий мавсумда энг кўп тўп урган «Лион» вакили. 20 ёшли академия битирувчисининг айтишича, у шунчаки асосий таркибдаги дебюти жамоадан мустаҳкам ўрин олишига имкон беришидан умид қилганди. Амалда эса ёш футболчи етакчилардан бирига айланди. Буларнинг барчасига Феррининг универсаллиги сабабчи: Фурнье ёш шогирдининг хизматларидан асосан марказий ярим ҳимоячи позициясида фойдаланса-да, зарур пайтда қанотларга ва ҳаттоки ҳимоя чизиғига тушира олади. Шунга қарамай, Корентен мавсумда 7та гол уриб улгурди ва миллий терма жамоа номзодлари сафидан жой олди.
5. Максим Гоналон
Бу футболчи ҳам «Лион» тарбияланувчиси. Таянч ҳудудида тўпни рақибдан тортиб олади, ўйин суръатини назорат қилади, қўшимчасига ҳимояга ҳам улгуради. Гоналон эндигина 26 ёшга чиққан бўлса-да, Фурньенинг «Ёш мушкетёрлар»и ичида энг тажрибали ва обрўли футболчилардан бири. Керак бўлса Гуркюффнинг ўйинларини танқид қилиши, Фақир ёки Лаказетт трансфери хусусида бемалол фикр билдириши мумкин.
6. Александр Лаказетт
«Лион»нинг энг ёрқин юлдузи, Франциянинг энг яхши тўпурари. Златан Ибрагимовичдек супер мерган ҳам бу мавсумда ўз мағлубиятини тан олишга мажбур - қолган 2та учрашувда 7 голдан иборат фарқни йўққа чиқариш учун швециялик ҳужумчига шахсан ибн Хаттоб ёрдам бериши, айни пайтда Лаказеттнинг оёқлари боғлаб қўйилган бўлиши талаб этилади. Қизиқ,ўтган йили Александрни «Ньюкасл» сотиб олмоқчи бўлганди. Энди «Ливерпул»нинг ғазнаси ҳам озлик қилмоқда. Мунтазам равишда рақиб ҳимоячилари орасидаги бўшлиққа интиладиган тиришқоқ ҳужумчи 27та голдан ташқари яна 8 марта асистентлик вазифасини ҳам уддалади. Борди-ю, «Лион» уни сотиб юборишга қарор қилса,трансфер бобидаги рекордни янгилаши аниқ. «Ибрагимовичдан кўп гол уришимни тасаввур қилолмаяпман. Лекин буни уддалашга уриниб кўраман», - камтарлик билан берилган ваъдани Лаказетт ишонарли тарзда бажарди!
7. Юбер Фурнье
Бош мураббий жамоани ўтган йилнинг май ойида Реми Гард истеъфосидан кейин қабул қилиб олганди. Бунга қадар номдор жамоани бошқаришга улгурмаган мутахассиснинг «Лион»даги фаолияти ўта омадсиз бошланди: дастлабки 4та учрашувнинг 3тасида мағлубият, саралаш босқичидаёқ ЕЛ турнири билан хайрлашув... Бироқ Юбер аста-секин вазиятни ўнглаб олди. унинг 4-3-1-2 тактик схемаси эса Лаказетт етакчилигидаги «мушкетёрлар»нинг кўтаринки руҳда жавлон уришларига замин яратди. Натижада «Лион» бутун мавсум давомида қудратли «ПСЖ»ни таъқиб этди. Жамоанинг асосан академия тарбияланувчиларидан шакллангани ҳисобга олинса, унинг иштироки чинакам жасорат эканлигига шубҳа қолмайди.