Футбол оламининг сўнгги кунлари шов-шувларга бой ўтмоқда. Халқаро футбол федерациялари ассоциацияси (ФИФА)да юз бераётган коррупция билан боғлиқ можаролар шу қадар авж олдики, гўё миллионлар ўйинига қизиқувчи ҳар бир кишида ушбу ташкилот порахўрлар маконига айланиб қолгандек тасаввур уйғотаётганди. Бу каби бошоғриқ Йозеф Блаттернинг тинкасини қуритди, чоғи, янги муддатга сайланиб улгурмай, ўз ўрнини бўшатишга тайёр эканини таъкидлади.
УЕФА БУНДАН ХУРСАНД
Ҳа, ФИФА президенти Зепп Блаттер Цюрихда бўлиб ўтган матбуот-анжуманида истеъфога чиқаётгани ҳақида хабар берди. Унинг айтишича, яқин орада ушбу ташкилот раҳбарлиги учун янги сайловлар ўтказилади. Бу сафар унинг номини номзодлар рўйхатида кўрмаймиз, аммо сайловларга қадар ФИФА президенти зиммасидаги вазифаларни айнан Блаттернинг ўзи бажаради. «Гарчи ФИФА аъзолари президентлик мени қайта сайлаб, янги мандат топширишган бўлса-да, бу қарор ҳаётини футболга бағишлаган ишқибозлар, клублар, ўйинчилар... умуман бутун футбол олами томонидан қўллаб-қувватланмади, - деди Зепп Блаттер ўз нутқида. – Шу боис, фавқулодда конгресс чақириб, зиммамдаги вазифаларни топширишга қарор қилдим. Галдаги президентлик сайловларини иложи борича тезроқ ўтказишга ҳаракат қиламиз». УЕФА президенти Мишель Платини буни энг тўғри қарор сифатида қабул қилди. «Бу – энг мушкул ва ўз навбатида, жасоратли ва тўғри қарор бўлди», - деди Платини. Блаттернинг кетиши ҳақидаги хабарни эшитган Англия футбол ассоциацияси раҳбари Грег Дайк қувончини яшириб ўтирмади. «Бу кун жаҳон футболи учун ажойиб кун бўлди! Бу кун – миллионлар ўйинида янгиликлар учун дебоча ясайди», - деди Дайк ўз интервьюсида. Шуни унутмаслик керакки, Блаттер ФИФАдаги ишларини дарҳол якунлаш ниятида эмас. Унинг таъкидлашича, мазкур нуфузли ташкилотда мавжуд тузилмани ўзгартириш лозим ва бу масала билан шахсан ўзи шуғулланишга тайёр. Бу борада асосий урғу ФИФА ижроқўми таркиби ва сонини кўриб чиқишга қаратилади.
БЛАТТЕРНИНГ РЕЖАЛАРИ
«Ижроқўмда фаолият юритувчилар сонини қисқартириш, аъзолар эса ФИФА конгрессида сайланиши, уларнинг ҳалоллик ва тартиб борасидаги сифатлари текшируви билан конфедерациялар эмас, балки ФИФАнинг ўзи шуғулланиши керак, - дея ўз фикрларини баён этди Зепп Блаттер. – Биз нафақат президентлик, балки ижроқўм аъзолиги муддатларини қисқартиришимиз шарт. Мен узоқ муддат шундай ўзгаришлар учун курашдим, аммо бу уринишларим тўсиққа дуч келаверди. Бу сафар режамни амалга ошираман». Зепп Блаттер ФИФА президентлигига илк бор 1998 йили сайланганди. ФИФАнинг ўтган ҳафта порахўрлик ва бошқа жиноятлар билан боғлиқ можаролар гирдобида қолиши Блаттернинг обрўсига ҳам салбий таъсир ўтказмай қолмади. Шунга қарамай, жума куни бўлиб ўтган сайловлардан кейин Блаттернинг ўз лавозимида қолиши ойдинлашганди. Бироқ сўнгги кунларда ҳомийлар, миллий футбол федерациялари ва ишқибозлар АҚШ ҳуқуқ-тартибот органи томонидан ўтказилаётган тергов-суриштирув ишлари муносабати билан ФИФАни мунтазам босим остида ушлаб туришди.
ЯНГИ АЙБЛОВЛАР
2 июнь куни АҚШ оммавий ахборот воситаларида Зепп Блаттернинг ўнг қўли, ФИФА бош котиби Жером Валькега қўйилган янги айбловлар ҳақида хабарлар тарқалди. Эмишки, ФИФАнинг банкдаги ҳисобига келиб тушган 10 млн. доллар маблағ америкалик терговчилар эътиборини ўзига тортган. Прокурорларнинг таъкидлашича, ушбу сумма ФИФАнинг собиқ вице-президенти Жек Уорнер назоратидаги ҳисобга келиб тушган, бу Жанубий Африка Республикаси номзодини қўллаб-қувватлаш учун «ҳадя» бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. Пора 2004 йили, Жаҳон чемпионати-2010 мезбонини аниқлаш пайтида таклиф қилинган, аммо охир-оқибат ЖАР бу каби йирик суммани ўз вақтида тўлай олмаган, дейилади терговчилар қайдномасида. Шу боис ФИФА Жанубий Африкадаги мусобақани ўтказишга ёрдамлашиш мақсадида 2008 йили Жек Уорнер бошчилигидаги гуруҳга маблағ ажратган. Прокурорларнинг таъкидлашларича, Уорнер ташкилот томонидан йўналтирилган пулларнинг кўп қисмини шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаган. Жек Уорнер ўзига қўйилаётган бу айбловларнинг барчасини инкор этмоқда. Номи сир тутилган америкалик мансабдорлар ва баъзи ишончли манбаалар New York Times, Wall Street Journal ва Рейтер агентлигига хабар беришларича, айблов хулосасининг 192-параграфида қайд этилган «обрўли мансабдорлар»ни пул билан таъминлаш вазифаси айнан ФИФА бош котиби Жером Вальке зиммасига юклатилганди.
«ҚОНУНИЙ ЛОЙИҲА»
Тўғри, айблов хулосасида Валькенинг номи жавобгар сифатида келтирилмаган. Қолаверса, у мазкур маблағнинг пора эканлигидан бехабарлиги таъкидлаган. Валькенинг New York Times га жўнатган хабарида ушбу пул ўтказмасига рухсат бермагани, бундай ваколатга эга бўлмагани ҳақида ёзган. Унинг айтишича, тўлов молиявий қўмитанинг собиқ раҳбари Хулио Грондона бошчилигида амалга оширилган. Эслатиб ўтамиз, Грондона ўтган йили вафот этган. ФИФА муаммолар кўчасига олиб кираётган мазкур 10 млн. доллар маблағ Африка диаспорасини қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилган қонуний лойиҳага йўналтирилганини таъкидлаган. Жанубий Африка Республикаси вакилларининг ҳам бу борадаги фикрлари якдил. «Бош котиб Жером Вальке ёки ФИФА раҳбарияти аъзоларидан ҳеч бири мазкур лойиҳани амалга ошириш ишларига жалб этилмаган», дейилади федерациянинг ёзма баёнотида.
Ўткирбек УМАРОВ
Абдуқодир Ҳусанов «ПСЖ» дарвозасига гол урди (видео) [6550]
«Ланс» - «ПСЖ» ўйинида Ҳусановга неча балл қўйилди? [4268]
Ана холос! Бир кунда уч мураббий... [3378]
"Реал" футболчиси жамоани тарк этади, сабаби... [2525]
Зидан фақат иккита жамоада ишлашга тайёр [2493]
"Манчестер Юнайтед" учта футболчи учун 200 миллион евро сарфлаши мумкин [2445]
АПЛ. Тўққизта гол урилган ўйинда «Ливерпуль» сафарда «Тоттенҳэм»ни таслим этди [2319]
Флик ортиқ "Барселона" юлдузига ишонмайди [2165]
Левандовски "Атлетико"дан учралган мағлубият сабабини айтди [1973]