Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

«Ёввойи» итальян ёхуд Берарди билан танишинг!

Баҳо:
+ | -

Ўтган йили ёш ҳужумчи Доменико Берарди «Милан»га қарши учрашувда «покер»га эришиб, «Сассуоло»нинг ғалабасини таъминлаганди (4:3). Қарангки, 20 ёшли мерган бу сафар яна бечора «Милан»ни ўзгача ранжитди. «А» сериясининг 36-туридан ўрин олган «Сассуоло»-«Милан» ўйинида мезбонларнинг ғалаба қозонишлари учун Берардининг «хет-трик» қайд этиши кифоя қилди. Дарвоқе, яна битта кичик тафовут: Домениконинг ўтган мавсумдаги 4та голи «россонерлар» бош мураббийи Массимилиано Аллегрининг истеъфосига олиб келган бўлса, бу гал Филиппо Инзагига ҳозирча чиқиш эшиклари кўрсатилгани йўқ. Sovsport.ru сайти қуйидаги мақоласи айнан италиялик ёш иқтидор ҳақида. 

Эътиборли жиҳати шундаки, «Сассуоло»нинг 19 ёшли қанот ҳужумчиси томонидан 2014 йилнинг 12 январь куни амалга оширилган «покер»­да голлар бир-биридан кескин фарқ қилганди. Жорий йилнинг 17 майида ҳам ҳужумчи дастлабки голни олисдан берилган кучли зарба, иккинчисини икки ҳимоячи орасидаги бўшлиқдан унумли фойдаланиш, охиригисини эса жамоадоши узатмасидан сўнг бир тепиш усули билан дарвозага тўғрилаб қўйиш эвазига қайд этди.

Эндигина 20 ёшга тўлган Берарди «А» сериясида 27та гол уришга улгурди (36-турдан кейинги статистика). Жумладан, охирги мавсумда рақиблар дарвозабонини 14 марта ранжитиб, топ-чемпионатлардаги 21 ёшгача бўлган футболчилар орасида етакчилик қилмоқда. Тўпурарнинг сўнгги қаҳрамонлигидан кейин журналистлар табиий равишда ўртага Домениконинг келажаги хусусидаги саволни ташлашди. «Ҳаммаси июнда маълум бўлади. Лекин ўзимга қолса, «Сассуоло»да ўйнашда давом этардим», - дейди футболчи бу масалада.

Ди Франческо - Берардининг футболдаги отаси

Мана, 3 йилдирки, Доменико «Сассуоло»нинг асосий таркибида тўп сурмоқда ва ҳар мавсум 10тадан кўпроқ гол уряпти. 2012|2013 йиллар мавсумида  «В» сериясида 37та учрашувда қатнашиб, 11та гол ҳосил қилганди. Кейинги мавсумда «А» сериясидаги 29та беллашувда рақиблар дарвозасини 16 марта  нишонга олди. Жорий чемпионатда эса 30 марта майдонга тушиб, жамоа хирмонига 14та гол билан улуш қўшди. Ажойиб кўрсаткич!

Берардининг ёрқин фаолияти «Сассуоло» бош мураббийи Эусебио Ди Франческо раҳнамолигида қайд этилмоқда. Айнан шу боисдан ҳужумчи жамоани тарк этишни истамаяпти, чоғи. Чунончи, Ди Франческо 4-3-3 тактик услубининг ихлосманди, Доменико эса ўнг қанот ҳужумчиси позициясида тўп суради. Бундан ташқари, айнан Франческо ҳужумчига ишонч билдириб, унга элитада тўп суриш имкониятини яратиб берди.

Ўтган мавсум «Милан» дарвозасини 4 марта ишғол этган ҳужумчи голларидан бирини бош мураббийга бағишлаганди. Ўшанда Эусебио истеъфо хавфи остида турганди. «Бу голларимни яқин дўстим Франческо Ачерби, оила аъзоларим ва маъшуқам, устозим  - Эусебио Ди Франческога бағишлайман. Мазкур ғалаба унинг фаолиятига ижобий таъсир ўтказишидан умидворман», - деганди ўша оқшом Доменико. Ҳужумчи дўсти - Франческо Ачербини ҳам шу тариқа қўллаб-қувватлашга уринди - 2013 йилнинг охирида бу ҳимоячи иккинчи марта саратон хас­талиги хуружига учраганди. 2014 йилнинг баҳорида эса мухлислар ажойиб хушхабар эшитишди: «Ачерби иккинчи марта даҳшатли хасталикни енгди!» Айтганча, охирги мавсум Ачерби худди Берарди каби ўз жамоаси шарафини 30 марта ҳимоя қилди.

Берардининг ишлари юришиб кетишида «Сассуоло» ёшлар жамоаси устози Лучано Карлино ҳаттоки, Ди Франческодан ҳам кўпроқ роль ўйнаганини таъкидлаш ўринли. Ўз вақтида Доменико талаба акасидан хабар олиш учун Модена шаҳрига борганди. Тўпсиз туролмайдиган йигитча ўша ерда мини-футбол беллашувида майдонга тушиб, Карлино эътиборини тортди. Шу тариқа «Козенце»да шуғулланиб юрган Берарди «Сассуоло»дан таклиф олди. Иззатталаб жамоа ўзи каби интилувчан йигитчанинг парвозида қанот вазифасини бажарди, гўё. Наҳотки, ёш ҳужумчи энди шундай жамоани тарк этса?

15 млн. евро - «Ювентус» учун дастлабки баҳо

Ёзда Берардини харид қилиш ҳуқуқи аввало, «Ювентус»да бўлади. Бу борада икки жамоа ўртасида келишув мавжуд. Худди шундай шартномани томонлар ҳужумчи Симоне Заза хусусида ҳам имзолашган. Қишда «Сассуоло» спорт директори Нерео Болато шундай деганди: «Ёзнинг биринчи 10 кунлигида туринликлар учун Берардининг баҳоси 15 млн. евро бўлади. Кейин нарх 20 «лимон»гача кўтарилади. Зазани эса 15 млн. эвазига харид қилишлари мумкин».

17 май оқшомидаги «хет-трик»дан сўнг La Gazzetta delo Sport қуйи­даги сарлавҳа билан чоп этилди: «Берарди «Ювентус» учун анти-шайтон!» Дарҳақиқат, у - «акс-шайтон»! Боиси, «Милан»ни Италияда шундай тахаллус - «шайтон» билан ҳам тилга олишади. Берардини сотиб олиш билан эса, «Милан»га қарши ўйинларда муваффақиятни кафолатлаш мумкин. Шу пайтгача Берарди «россонерлар»­га қарши 4 марта майдонга тушган бўлса, улардан 3тасида унинг жамоаси ғалаба қозонган. Жумладан, охирги мавсумнинг биринчи даврасида ҳам «Сассуоло» «Сан Сиро»дан 3 очко (2:1) билан қайтган ва Доменико ҳар икки голга ассистентлик қилганди.

Хўш, бирданига юқори тезликка чиқа олиш хусусияти эвазига қанот ҳужумчиси позициясида ёрқин ўйин кўрсатаётган ҳужумчини Турин суперклубида нима хавотирга солиши мумкин? Ҳамма бало шундаки, «кекса  синьора»да бундай позиция йўқ. Наҳотки, Аллегри 20 ёшли йигитчанинг манфаати йўлида ўз ғояларидан воз кечади! Дарвоқе, тақдирнинг қалтис ҳазилини қарангки, ўтган йили Аллегрининг «жаллод»ига айланган ҳужумчи янги мавсумда унинг шогирди сифатида тўп суриши мумкин. Бу жиҳат ҳам Берардининг фойдасига ишламаса керак. Яна ким билади? Ахир бу - футбол! Балки Доменико иссиқ ўрнини совутмагани яхшироқдир?

Ҳиссиёт нафақат плюс,

балки минус ҳам

Берарди мавсум давомида 12 марта сариқ карточка олди, яна бир марта тўғридан-тўғри кўрсатилган «қизил» туфайли майдонни эрта тарк этди. Бу ҳужумчи учун жуда кўп. Боз устига, Доменико сариқ карточкалар сони бўйича ҳам ўз жамоасида етакчи бўлиб турибди. Ўтган мавсум 10 марта огоҳлантирилган ва бу борада ҳужумдаги шериги Симоне Заза билан клуб бўйича «пешқадам» бўлганди. Ҳа, эҳтирос яхши, усиз ўйнаш қийин. Аммо ортиқча эҳтирос баъзан зарар ҳам келтиради. Бунга исбот тариқасида Берардининг ҳаддан ташқари кўп сариқ карточка олаётганини айтиш мумкин. Лекин «А» сериясидаги 2 мавсумда 27та гол уришга улгургани, хусусан, 1та «покер» ва 3та «хет-трик» қайд этгани айнан эҳтиросни фойдаси бўлса, ажабмас. Берарди «Милан»га қарши баҳсларда голлар ёмғири ёғдиришдан таш­қари, ўтган мавсум «Фиорентина» (4:3) ва «Сампдория» (4:3) клубларини ҳам бирданига «хет-трик» билан «сийлаганди». Қисқаси, Доменико гол уриш ва эҳтиросга берилиш бобида ҳамон «ёввойи»дек таассурот қолдиряпти. Ҳа, «А» серияси ҳимоячилари унинг эҳтироси ва ташналиги олдида тез-тез ожиз қолмоқдалар.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 21:06, 05.06.2015.
Ўқилди: 4333 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.