Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили

Яна ФИФА, яна Блаттер...

Баҳо:
+ | -

ДАЙК БИЛАН ГИЛЛ ЖУДА ХУРСАНД
АФА президенти Грег Дайк ҳамда УЕФА ижроия қўмитасининг вакили Дэвид Гилл ФИФА раҳбари қабул қилган қарордан хурсанд эканликларини яширишмаяпти. 

Грег ДАЙК: - Бу бутун футбол олами учун ажойиб янгилик. Энди ўтган йиллар давомида пуллар қандай сарфлангани ҳақида хабардор бўлишимиз ва ФИФАни чин маънода ишлашга мажбур қилишимиз мумкин. Ташкилотда обдон текширув ўтказиш керак. Келажакда бундай ҳолат такрорланмаслиги йўлида ислоҳотлар зарур. 

Дэвид ГИЛЛ: - Блаттернинг қарорини ҳурмат қиламан ва унинг кетишидан хурсандман. Энди бемалол ФИФАда янги ислоҳотларни ўтказса бўлаверади.

БЛАТТЕР ХОТИНБОЗМИ?
Испаниянинг «Эль Мундо» нашри «Блаттер ва аёллар» сарлавҳаси остида мақола тайёрлади. Унда ёзилишича, швейцариялик футбол амалдори аёлларнинг бошини айлантиришда анча-мунча одамга сабоқ бериши мумкин. Жумладан нашр ходимлари Зепп Блаттернинг россиялик топ-модель, Криштиану Роналдунинг собиқ маҳбубаси Ирина Шейкни ўзига оғдириб олишга ҳаракат қилганини ёздилар. Бундан ташқари ўша мақолада Блаттернинг Шейк билан танишгунга қадар польшалик теннисчи Илона Богускага қармоқ ташлагани ёрқин рангларда ёритилган. Қизиғи шундаки, Богуска Блаттернинг қизи Корин билан дугона.

ЖЧ-2018 ВА ЖЧ-2022 МЕЗБОНЛАРИ ХАВОТИРДА
Ҳа, охирги воқеалардан кейин бўлажак мундиалларнинг мезбонлари хавотирга тушиб қолганлар. Чунки ФБР ФИФАдаги коррупцион можаролар туфайли мундиал мезбонларини аниқлаш учун ўтказилган ўша сайлов натижаларини ўрганиб чиқишга аҳд қилган. Айтишларига қараганда, Англия ЖЧ-2022 ни ўзида қабул қилишга тайёр эканлигини билдирган. Қатарликлардан фарқли равишда руслар бу масалада унчалик хавотир олмаяптилар. Лекин Россияда шу масала юзасидан охирги пайтларда турли миш-мишлар тарқатилмоқда. Жумладан давлат думаси вице-спикери Игорь Лебедев бу борада шундай деди: «Блаттернинг кетиши муносабати билан ФИФА жаҳон биринчилигини Европадаги бошқа давлатга бериши ҳеч гап эмас». 

«АНРИНИНГ ҚЎЛИ» УЧУН ИФА ПОРА ОЛГАНМИ?
Ирландия футбол ассоциацияси шов-шувли баёнот билан чиқди. Маълумки, Ирландия терма жамоаси ЖЧ-2010 да иштирок этиш имконини берувчи йўлланмалардан бирига эга чиқиш йўлида плей-оффда Францияга қарши учрашган. 2009 йилнинг 18 ноябрида «Стад де Франс» стадионида бўлиб ўтган жавоб беллашувининг 102-дақиқасида Тьерри Анри ҳисоб меҳмонлар фойдасига 0:1 бўлиб турган паллада тўпни қўли билан ўзига тўғрилаб, кейинчалик уни Вильям Галласга оширган ва якунда «Учранглилар» ЖАРга бориш имкониятига эга бўлгандилар. ИФА бош директори Жон Дилэйнининг айтишича, шундай имконият Франция-га насиб этиши учун ирландлар ФИФАдан 5 миллион евро пора олганлар. Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2010 чоғида Франция Уругвай, Мексика ва ЖАР билан бир гуруҳдан жой олган ва якунда 4-ўринни эгаллаганди. Айтишларича, ИФАнинг шов-шувли баёнотидан кейин Франция терма  жамоасининг ўша пайтдаги бош мураббийи Раймон Доменек карахт аҳволга тушиб қолган ва шундай деган: «Агар Ирландия терма жамоасининг ўйинчиси бўлсам, раҳбариятга қарши бош кўтарган бўлардим. Умид қиламанки, энди ирланд футболчилари ЖЧда иштирок этиш имкониятини бу тариқа  бой берганлари учун ИФАдан пул талаб қиладилар».

КЕКСА ЗЕПП ҚАМАЛАДИМИ?
Эндиликда кўпчилик ФИФАда юзага келган коррупцион можаро туфайли Зепп Блаттернинг қамалиши мумкинлиги ҳақида гапирмоқда. Шундай фикрлаётганлардан бири АФА раҳбари Грег Дайкдир. «Ўйлайманки, орадан маълум вақт ўтганидан сўнг Блаттер қамалади,  - деди инглиз футбол амалдори. - Биз учун энг асосийси, эртага унинг ўрнини ким эгаллаши мумкинлигида. Ташкилотга ёш ва ҳалол етакчи керак. Ишқилиб, «Блаттер-2»га эга бўлмасак бўлгани».

УЕФА ЙИҒИЛИШНИ ҚОЛДИРДИ
Ўзингиз яхши биласиз, Зепп Блаттер ФИФА президентлиги учун ўтказилган сайловда ғалаба қозонганидан сўнг УЕФА ўтган шанба куни Берлинда ташкил этилган ЧЛ финали олдидан режадан   ташқари йиғилиш ўтказиш ниятида эканлигини маълум қилганди. Аммо охирги кунлардаги воқеалардан сўнг Европа футбол иттифоқи бундай йиғилишни бекор қилганини баён этди.

ЖЕК УОРНЕР СИРЛАРНИ ФОШ ҚИЛМОҚЧИ
Коррупцион можародаги асосий «қаҳрамонлар»дан бири саналаётган Жек Уорнер кутилмаганда ТВ орқали чиқиш қилиб, шундай баёнот берди: «Бу футболдаги цунами бўлади! Мен ўзим билган барча сирларни фош қилмоқчиман. Бунга қадар жим юришга мажбур эдим. Қолаверса, ҳаётимни хавф остида қолдира олмасдим. Энди ҳаммаси бошқача бўлади». 

Шу ўринда эслатиш керакки, яқинда қамалган 9 кишидан бири бўлган Жек Уорнер дастлаб полицияга таслим бўлганди. Аммо кейинчалик у қамоқхонани тез ёрдам машинасида тарк этди. Ҳозиргача полициячилар уни қидирмоқдалар.

Алексей СОРОКИН: «ФБРДАН ХАТ ОЛМАДИК»
ЖЧ-2018 ташкилий қўмитасининг раҳбари ҳисобланадиган Алексей Сорокин ҳам охирги пайтларда ОАВ вакиллари эътиборни ўзига тортмоқда. Маҳаллий журналистлар ундан асосан бўлажак мундиал Россиядан тортиб олиниши мумкинлиги ҳақида сўрамоқдалар. 

- Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан, ФБРдан бу борада ҳеч қандай хат олмадик, - деди Сорокин шу хусусда ўзидан сўраган мухбирларга жавобан. - Гарсия бошчилигида ФИФА комиссияси олиб борган текширувдан кейин бизда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Бошқа давлатлар вакилларининг Россияни жаҳон чемпионатидан маҳрум этиш ҳақидаги қарашларини муҳокама қилмайман. Қолаверса, шу масала юзасидан бирор-бир огоҳлантириш ёки хабар олганимиз йўқ.

Манба: arena.uz
Киритилди: 20:09, 10.06.2015.
Ўқилди: 9153 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.