Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Энрикенинг 10та ютуғи

Баҳо:
+ | -

Ўз тарихида бешинчи бор ЧЛ кубогини боши узра баланд кўтарган «Барселона» учун сўнгги муваффақиятнинг алоҳида аҳамияти бор - бир жамоага 5 марта насиб этган нуфузли соврин қолган умрини клуб музейида ўтказади!

Эътиборли жиҳати, шундай унутилмас натижани Луис Энрике Каталония грандидаги фаолиятининг илк мавсумида қайд этди. Хўш, бунинг учун иқтидорли мураббий қандай ишларни амалга оширди? Мавсумнинг биринчи ярмида барчанинг кўнглидан қолган мутахассис қандай қилиб ўзини ўнглаб олди?

Чиндан ҳам атиги бир мавсум давомида Луис Энрике мураббий билан юз бериши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатларни таътиб кўрди. Январь ойида мухлису-мутахассисларнинг унга нисбатан нафрати ошкора тус олганди. Табиийки, унинг кейинги фаолияти катта шубҳа остида қолди. Чунки жамоа астуриялик мутахассиснинг ғояларига ишонмай қолганди. Ана шу фитнанинг бош сабабчиси Лионель Месси эди. Оқибатда жамоага келган янги футболчилар ўйин услубига мослаша олмаётган, Луис Суарес майдонга туша бошлаган бўлса-да, ҳали ўз голлари ҳисобини очмаганди. Азалий рақиб - «Реал» эса тобора шиддатни ошириб борарди. Хуллас, Каталония грандининг имкониятлари кун сайин пасайиб борди. Бироқ орадан 5 ойдан сал кўпроқ вақт ўтгач, вазият 180 градусга ўзгарди - жамоа Хосеп Гвардиола давридан кейин илк марта «олтин требл»ни қайд этди. Боз устига, машҳур ўтмишдошидан фарқли ўлароқ, Энрике ўз шогирдларини нафақат сермаҳсул, балки сермазмун ўйин кўрсатишга ўргатди. Норасмий сўров натижаларига кўра, ўйиннинг сифати бўйича Энрике жамоаси Гвардиоланинг «тики-така»чиларидан ўзиб кетди. Бунинг учун янги бош мураббий 10та асосий ишларни амалга оширди.

1. Месси билан тил топиша олди

Каталония суперклубининг ёзилмаган қонуни: «Барса» билан муваффақият қозониш учун инқилобий ғояларнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун мураббий аввало жамоа тарихидаги энг зўр футболчи билан тил топа олиши шарт. Аксига олиб, Лео Энрикенинг ташрифини хушламай қаршилади. Муносабатларнинг энг кескин палласи январь ойига тўғри келди. Жамоа Аноэтада «Сосьедад»га имкониятни бой бергач, эртасига очиқ машғулот ўтказганди. Тоби қочганлигини баҳона қилган Месси машғулотга келмади. Шу боис бош мураббий ундан қаттиқ ранжиди. Лекин ҳеч қандай жазо чорасини кўрмади. Мессининг нафратига дучор бўлган киши олдида 2 йўл - кетиш ёки можарони тинч йўл билан ҳал қилинишини «Камп Ноу»дагилар яхши билишади. Испания матбуоти Лучонинг истеъфоси ҳақида бонг ура бошлаган бўлса-да, айни паллада асосий ижрочиларнинг пинҳона учрашуви бўлиб ўтди: кейинги мавсумда ҳам президентлик қолиш илинжида бўлган Бартомеу аразчиларни яраштириб, умумий муваффақият йўлида бирлашишга чақирди. Шундан кейин футбол юлдузи билан мураббий ўртасидаги келишмовчиликлар барҳам топди.

2. Дебютантлардан катта самара олди

Ўтган ёзги трансфер мавсуми «Барселона» учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эди. Маълумки, жамоа учун қўлланган трансфер чеклови ҳали бекор қилинмаган, кадрлар масаласида пухта иш олиб бориш талаб этиларди. Андони Субисарета етакчилигидаги мутахассислар олисни кўзлаган ҳолда савияли харидларни амалга оширгандилар. Жамоанинг энг заиф нуқтаси марказий ҳимоя чизиғи бўлиб, унда Жерар Пике ёш Марк Бартро ва аслида таянч ярим ҳимоячи бўлган Хавьер Маскеранодан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Жамоа Матс Хуммельс, Тиаго Сильва ҳамда Маркиньосни ҳам кўз остига олганди. Бироқ баскониялик бошқарувчи сифатдан кўра сонни афзал билиб, 35 млн. эвазига Томас Вермален билан Жереми Матьёни харид қилди. Тўғри, қолган позицияларда ўз ишининг усталари - Иван Ракитич ва Луис Суарес келишди. Лекин жамоа барқарор ва самарали ўйинни кўрсатолмади. Суарес кўпроқ тўп сураётган бўлса-да, гол уриш борасида омади келмасди. Вермален мавсум охиригача майдонга тушолмайдиган бўлди, Матьё аҳён-аҳёнда ўзининг «Валенсия»даги ёрқин ўйинларини намойиш этарди. Иван Фабрегас ўрнини босишга қийналган бўлса, Месси мураббий билан чиқишолмаётган, бош директор эса истеъфога чиқарилганди.

Мавсумнинг ҳал қилувчи босқичига қадар Луис Энрике барча оғриқли нуқталарни қайта кўриб чиқди. Дани Алвеш юксак савияда ўйнай бошлади, Матьё «класико»да гол уришни уддалади ва ҳимоя чизиғида қўшимча имкониятларни яратди. Ракитич бир неча ой ичида Сескнинг бир йилдаги самарасидан кўпроқ наф келтирди. Ниҳоят Суарес ҳам нафақат гол урди, балки ассистентликни ҳам ўрнига қўя бошлади. Неймар ўзининг янги қирраларини «кўз-кўз» қилган бўлса, муддатидан анча аввал сафга қайтган Вермален ўз ҳисобига битта ўйин ва 2та совринни ёзиб қўйди.

3. Суарес учун муносиб жойни топа олди

Нима бўлганда ҳам, Суаресни Каталонияда турлича қарши олишганди: спортчиларга хос бўлмаган қилиғи учун ФИФА томонидан дисквалификация қилинган тишлоғич бир неча ой давомида жамоага ёрдам бера олмади. Бу ҳам етмагандек, «Сантьяго Бернабеу»да Неймарнинг голига ассистентлик қилган бўлса-да, ижобий баҳога эришолмади. Бунинг асосий сабаби шундаки, худди аввалги касбдошлари каби Энрике ҳам ҳужум чизиғининг марказига Мессини тушираётганди. Суарес эса «Ли-верпул»­да айнан шу нуқтада сермаҳсул ўйин кўрсатганди. Мураббий эса янги йилга қадар ўз қарорини ўзгартирмади. Кутилмаганда «от айланиб қозиғини топди»: «Ёдимда учрашувлардан бирида мен марказда тўп сура бошладим. Буни кўрган Лео «ўша ерда ўйнайвер» деди. Чунки жамоамиз ўйини анча жонланиб қолганди. Шундан кейин мен ўнг қанотни тарк этдим». Ҳа, шу йўл билан икки ҳужумчи мураббийни хижолатдан халос этишди.

4. Бошқарув марказини ҳужумга кўчирди

Жамоани Гвардиола қабул қилган даврда у асосий эътиборни тўпга эгалик қилишга қаратганди. Чиндан ҳам Пеп мисли кўрилмаган прессинг футболда ўзига хос инқилобни амалга оширди. Унинг ўйинларида «Барса» рақибларига 25-30 фоиз вақт қоларди. Ажо-йиб ижрочиларни жамлаган жамоа ўйин тақдирини асосан майдон марказида ҳал этарди. Мартино даврида очиғи, жамоа ҳар томони кўпинча мухлислар учун мавҳумлигича қолиб кетарди. Уни ҳатто футболчилар ҳам тушунолмасдилар. Луис Энрике ўз шогирдларини Гвардиола ғояларидан фориғ этиш учун оз мунча тер тўкмади. Тўғри, «Барселона» ҳозир ҳам тўпни ўз ихтиёрида олиб юришга қарши эмас. Лекин мақсад - сермазмун ва самарали ўйин кўрсатиш!

5. «МСН» учлигидан унумли фойдаланди

«Барса»нинг жорий мавсумдаги қаҳрамонлари сифатида Жанубий Америкадан келган ҳужумчилар триосини кўрсатиш жоиз. Месси, Суарес ва Неймарлар ўз рақибларига қарши қилган хизматларини бошқача ифодалашнинг иложи йўқ. Бошқачароқ айтганда, «Реал» тўпни Роналдуга етказиш хусусида бош қотирса, «Барса» шунчаки олдинги чизиққа етказа олса, бас ундан унумли фойдаланиш «МСН»нинг зиммасида. Мавсум давомида жанговар учлик 122та голни қайд этиб, испан футболи тарихида янги рекордни ўрнатди! Аввалги юқори кўрсаткич 118га тенг бўлиб, «Реал» вакиллари - Роналду, Игуаин ва Бенземаларга тегишли эди.

6. Ҳимояга уюшқоқлик бахш этди

«Ҳужум-забт этишнинг энг яхши усули!» - буюк қўмондон Александр Македонскийнинг машҳур иборасини ҳозирда футболга нисбатан бемалол қўллаш мумкин. Шубҳа йўқки, ўйин давомида ҳукмронлик қиладиган Гвардиола жамоаси дарвозасини забт этиш ўта мушкул вазият эди. Аммо Энрике бу усулдан воз кечди. Демак, энди нафақат ўзгалар дарвозасини забт этиш, балки ўз дарвозаси дахлсизлиги ҳақида ҳам ўйлаш лозим. Бу борада янги бош мураббий аъло даражада ишлай олганига жамоанинг 23 (!) ўйин­да гол ўтказиб юбормагани яққол далил бўлди. Бу борада нафақат Клаудио Браво, балки ҳимоячилар ҳам катта ҳисса қўшдилар. Лучо бу чизиқ вакилларига юксак уюшқоқликни бахш этди. Натижада жамоа чемпионатни ўз дарвозасидан 21та гол ўтказган ҳолда якунлади. Гвардиола даврида бундай кўрсаткич бир марта қайд этилганди.

7. Стандарт вазиятлардан  самарали фойдаланиш юксак даражага кўтарилди

Гвардиола даврида католонияликлар жамоанинг стандарт вазиятлардан унумли фойдалана олиши билан мақтана олмасдилар. Бунинг асосий сабабларидан бири футболчиларнинг паст бўйли эканликлари бўлиб, жарима зарбалари даврида яхши самарага эришиб бўлмаслигини Пеп яхши биларди. Эндиликда жамоа бу борада яхши имкониятларга эга бўлди, «иккинчи қават»да ҳам ишончли ўйнай бошлади. Масалан, Матьёнинг стандарт вазиятларда олдинга ўтиши Сельта ва Мадриддаги муҳим ғалабаларни келтириб, чемпионлик масаласи ҳал бўлди. Тўғри, бу борада Энрике билан биргаликда унинг ёрдамчиси - Хуан Карлос Унсуэнинг хизматларини алоҳида таъкидлаш лозим. Стандарт вазиятлардаги мураккаб комбинацияларни айнан у ўйлаб топган.

8. Ҳал қилувчи босқичга жамоани тетик ҳолда олиб келди

Ҳар қандай жамоада ҳам мавсум давомида ижодий пасайишлар кузатилади, бусиз мумкин эмас, қаторасига 21та ғалабага эришган «Реал» қишги танаффусдан кейин ўз ўйинини йўқотиб қўйгани фикримиз исботи. Луис Энрике жамоаси эса тамоман қарама-қарши натижани қайд этди. Асосийси, марра кўриниб қолган паллада энг юқори тезликни таклиф этди. Бундай манзарани ўта тажрибали енгил атлетикачилар мусобақаларида кузатиш мумкин.

9. Хавига ғолиб сифатида кетиш имкониятини яратди

Ўтган йили Хавининг «Камп-Ноу»­даги фаолияти жиддий хавф остида қолган, Бразилия мундиалидаги омадсизлик уни тушкун ҳолатга солиб қўйганди. Яқинда 35 ёшли футболчи унга айнан Энрике ишонч бахш эта олгани, шундан кейингина у яна «Барса» сафида тушганини тан олди. Пуйоль ва Валдесдан жудо бўлган жамоа учун Хави жиддий йўқотиш бўлишини сезган Лучо уни жамоада сақлаб қолди. Энди тажрибали футболчи нуфузли соврин билан истаган жо­йига йўл олиши мумкин.

10. Мунир ва Сандрога имкон берди

«Барселона» ёшлар жамоасини 3 мавсум бошқарган Энрике ёш футболчиларнинг имкониятларини яхши биларди. Шу боис катта таваккалга қўл уриб бўлса-да, Мунир ал Ҳаддоди ва Сандро Рамиресларни таркибга қўшди. Оқибатда ёш футболчилар ёрқин ўйин кўрсатишди. Асли келиб чиқиши марокашлик бўлган Мунир ҳатто Висенте Дель Боскедан Испания терма жамоасига таклиф олди.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 18:33, 18.06.2015.
Ўқилди: 6368 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.