Футболга қизиқадиган деярли ҳар бир ёш йигит ўйиннинг виртуал вариантига ҳам бефарқ қарамаса керак. Профессионал футболчилар орасида ҳам EA SPORTS FIFA ўйинларига меҳр берганлари жуда кўп. Ахир сафарларга кетаётган пайт улар нима биландир чалғишлари керак-да. Маълум бўлишича, «Бавария» вакили Давид Алаба ҳам PlayStation ихлосманди ва экран қаршисида туриб ўйнашга жуда уста экан. Австриялик ҳимоячининг Мюнхенда ўтказилган FIFA жаҳон кубоги-2015 тақдимотида асосий қаҳрамон сифатида танлангани ушбу фикрга яққол исботдир. Австрия миллий жамоаси ва «Бавария» клубининг универсал футболчиси яқинда FIFA.com сайти меҳмони бўлди. Сайт ижодкорлари веналик 22 ёшли ҳимоячига аввало, айнан виртуал ўйин хусусидаги саволлар билан мурожаат қилишди. Давид шунингдек, Янги Зеландияда давом этаётган ёшлар ўртасидаги ЖЧ хусусида ҳам тўхталди (айтганча, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси нимчорак финалда айнан Алабанинг юртдошларига қарши тўп суриб, уларни мусобақадан чиқариб юборди).
- PlayStation ўйинига нечоғли тез-тез ўтирасиз? Чунончи, бу борадаги маҳоратингиз ҳам чакки эмас экан...
- Ҳа, бу ўйинга қизиқишим бинойидек. Айтайлик, Венадан дўстларим тез-тез меҳмонга келишади. Одатга кўра, биз айнан виртуал футбол орқали баҳслашамиз. Ахир улар реал футболда менга тенг келолмайдилар-да (кулади). Жиддий айтадиган бўлсам, айниқса, ноқулай об-ҳаво шароитида уйга қамалиб олиб, PlayStation ўйинига бериламан.
- Яқинда махсус турнирда моҳир гаймер эканлигингизни исботладингиз. Хўш, «Бавария»даги дўстларингизнинг пульт билан ўйнаш бобидаги савиялари қандай?
- Клубимизда яхшигина гаймерлар бор. Мисол учун, Бастиан Швайнштайгер ва Томас Мюллер экран қаршисида ҳам тўпни ҳар куйга солишади. Лекин ўйлашимча, пульт ёрдамида ўйинни бошқаришда мен улардан кучлироқман (кулади).
- Мана, суратингиз FIFA туркумидаги ўйинлар муқовасига тушиб улгурди. Бу сизга қандайдир аҳамият касб этадими?
- Тўғриси, ўз ҳиссиётларимни тўла тасвирлаб беролмайман. Айтишим мумкинки, болаликдаги орзуларимдан бири ушалди. Зеро, ёшлигимда муқовадаги юлдузларга боқиб, уларга ҳавас қилардим. Қисқаси, FIFA ўйинлари «юзи»га айланиш ҳам алоҳида фахр ҳиссини уйғотади.
- Давид Алаба виртуал футболга ўйинчи сифатида танланган кунни эслай оласизми?
- Албатта. Менинг нусхам ўйинга қўйилганини эшитган куниёқ дарҳол компьютер қаршисига ўтиргандим. Ахир пульт орқали ўзингни назорат қилишинг - бу ўзига хос таассурот бағишлайди.
- Хўш, Алабанинг виртуал варианти асл Алабага ўхшашми?
- Мен жаҳондаги энг яхши клублардан бирида тўп суряпман. Асосийси, футболга содиқман. Бас шундай экан, PlayStation ижодкорлари барчасини ҳисобга олишган, дейиш мумкин.
- Қизиқ, экран қаршисида муайян бир ўйинни танлайсизми ёки бунинг фарқи йўқ? Дейлик, ЧЛнинг тарихий финаллари маъқулми ёки бўлажак ўйинлари?
- Бу борада танловим турлича. Дўстларим билан гоҳида тарихий ўйинлардан бирини ташлашимиз, баъзан эса бирор-бир муҳим бўлажак учрашувни олишимиз мумкин. Агар машғулотлар базасида бўлсак, рақибим билан мутлақо бошқа-бошқа жамоаларни танлаймиз. Яъни иккимиз ҳам «Бавария»ни олмаймиз.
- Умуман, виртуал футболдаги энг севимли жамоангиз қайси?
- Албатта, «Бавария».
- Футболчилардан кимни алоҳида эътироф этасиз?
- Франк Риберини. Ижодкорлар унинг нусхасини мукаммал даражада яратишган.
- Мессими ёки Роналду?
- Улар мутлақо бошқа-бошқа услубда тўп сурувчи йигитлар. Виртуал вариантлари ҳам шунга яраша. Мессининг нусхаси тўп билан ишлашда жуда кучли. Моҳир гаймер унинг ёрдамида рақиб жамоа ҳимояси жиннисини чиқариши мумкин. Масалан, мен «Месси» билан айрим ажойиб айланишлар ҳадисини олганман. «Роналду» ҳам жамоангизга кўп наф беради. У жуда тезкор, худди реал футболдагисига ўхшайди. Умуман, ҳақиқий футболда бўлгани каби виртуал ўйинда ҳам бу икки юлдузни ўзаро таққослаш ғоят мушкул. Ахир гап замонавий футболнинг тенгсиз икки намояндаси ҳақида кетяпти.
- Виртуал футболдан реал ўйинингизга қандайдир жиҳатларни олишингиз мумкинми?
- Бунинг имконияти бор, албатта. Зеро, FIFA туркумидаги ўйинлар тобора реаллашиб, такомиллашиб боряпти. Йилдан йилга янги вариантдаги ўйинлар чиқяпти. Ҳар сафар пультни қўлга олганимда, албатта, катта футболда тўплаган тажрибамга ҳам таянаман ва бунинг фойдаси бор.
- Энди реал футболга ўтсак, якунланган мавсумни қисқача қандай баҳолайсиз? Бинобарин, сиз 2 марта жиддий жароҳатга йўлиқдингиз...
- Ҳа, мавсум шахсан мен учун икки хил таассурот уйғотди: кўтарилиш ва пасайишлар. Табиийки, бир қатор ўйинларда бутун жамоамиз идеал даражада кўриндики, улар хотирамдан жой олди. Бироқ омадсизлик ҳам кузатилди. Нафақат мен, балки кўплаб жамоадошларим жароҳатдан азият чекишди. Ўзим аввалига ўнг тиззамдаги муаммолар туфайли ўйнолмадим, ке-йин чап оёғим панд берди. Табиийки, жароҳат сабаб, четда қолиш жуда оғир. Лекин нолимайман, чунки олдимга янги мақсадларни қўйганман. Уларга эришиш йўлида бор кучим билан ҳаракат қилишим тайин.
- Сир бўлмаса, ўша мақсадлар нималардан иборат?
- Аввало, спорт формамни имкон қадар тезроқ тиклаб, майдонга қайтишим ва жамоамга олдингидек ёрдам беришим керак. Умуман, бу борада ўзим учун аниқ йўналиш белгилаб олганман. Агар ҳаммасини тўғри давом эттирсам, натижа ўз-ўзидан келаверади.
- Якунланган мавсумда илк марта яқиндагина жаҳон чемпиони бўлиб қайтишган бир қатор футболчилар билан елкама-елка ўйнадингиз. Бу ҳол мундиалда иштирок этиш орзунгизни кучайтиргандир?
- Ҳа, маълум даражада. Албатта, ҳар бир футболчи ўз мамлакати миллий жамоаси сафида ЖЧда тўп суришни хоҳлайди. Австрия термасига келсак, бизнинг биринчи навбатдаги орзумиз - бу Францияда бўлиб ўтадиган Евро-2016 финал босқичига чиқиш. Бир қарашда, жуда қийин вазифадек, лекин жамоамизнинг ҳозирги ҳолати чакки эмас.
- Айни пайт Янги Зеландияда U-20 тоифасидаги ЖЧ ўйинлари давом этяпти. Австрия ёшлар термаси гуруҳ раундида чакки ўйнагани йўқ. Мамлакатингиз ёшлари ижросидаги ўйинларни кузатиб боряпсизми?
- Албатта. Ахир мен Австриянинг барча ёш тоифасидаги терма жамоаларида ўйнаб чиққанман ва бундай турнирлар ёшларнинг ўсишлари учун ниҳоятда муҳимлигини жуда яхши тушунаман. Умуман, Австрияда ёш футболчиларнинг ажойиб авлоди шаклланмоқда. Ҳарқалай, иқтидорли йигитларимиз кўп. Хусусан, Янги Зеландияга борган жамоа таркибидаги бир қатор йигитлардан ҳам умид катта. Уларнинг тўғри йўналишда ўсаётганларини кузатиш ёқимли.
- Хўш, жамоанинг кичик мундиалдаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида ҳар қандай натижа қайд этилиши мумкин. Бунга бир неча марта гувоҳ бўлиб улгурганмиз. Ўйлайманки, Австрия ёшлари ЖЧга тасодифан чиқишгани йўқ. Улар ўз меҳнатларига яраша, мундиалда ўйнаш ҳуқуқи билан тақдирланишди. Умид қиламанки, ёшларимиз ҳар қандай ҳолатда ҳам, юртдошларимизга фахр туйғусини бағишлайдилар.