Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Ниманидир ўзгартириш керак, хўш нимани?

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий жамоасининг 5 кун оралиғида Эрон ва КХДР термаларидан қабул қилиб олган 2та мағлубияти мухлислар, журналистлар, умуман, кенг жамоатчиликда жиддий эътирозлар туғдирди. Терма жамоамизга ишончсизлик кучайди. Яқиндагина Япония термасига йирик (1:5) ҳисобда  ютқазганди, ахир. Қисқаси, мағлубият устига мағлубият. Табиийки, ЖЧ-2018га боришимиз ҳақидаги орзуларга ҳам соя тушди. Тўғри, эндигина битта ўйин ўтказдик, олдинда ҳали учрашувлар кўп. Лекин унутмаслик керак, муносабат ўзгармаса, сентябрь ойидаги баҳсларда ҳам Миржалол Қосимов жамоаси осонгина ғалабага эришолмайди. Қаранг, аутсайдер сифатида қараётганимиз - Филиппин термаси 2та ўйинда ғалаба қозонди. Навбатдаги учрашувимиз 3 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтади. Хулоса чиқариш учун вақт етарли. Қуйида эътиборингизни ҳамкасбларимизнинг охирги икки мағлубият юзасидан билдирган фикрларига қаратмоқчимиз. Уларга 2та савол билан мурожаат қилдик.

1. Терма жамоамизнинг кетма-кет икки мағлубиятида қайси омиллар улуши кўп?

2. Мағлубиятда футболчилар ва бош мураббий айбининг нисбати қандай?

Аброр Имомхўжаев (журналист): 1. ЖЧ-2018  2-саралаш босқичи 1-турида гуруҳ етакчиларининг дам олишлари исталган рақиб билан ўртоқлик учрашуви ўтказиб, кўнгилдагидек тайёрланиши учун яхши имконият эди. Лекин масаланинг нозик томони, 2-тур баҳси сафарда эди, демак, ўртоқлик учрашувини бўлажак рақиб ҳудуди атрофида ва ўйин услуби унга яқин жамоага қарши ўтказиш мақсадга мувофиқ келарди. Лекин учун ана шу шартлар бўйича спарринг-рақиб топиш осон кечмади. Масалан, Ўзбекистон терма жамоаси учун энг идеал вариант Жанубий Корея ёки Хитой бўлиб, йиғинни ўша ерда ташкил этиш, мезбон жамоа билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш, сўнг Шимолий Кореяга йўл олиш энг мақбул вариант эди. Бироқ Жанубий Кореяда яқиндагина ўртоқлик ўйини уюштирилди, Хитой варианти эса аввалги турнирдаги салбий оқибатлар туфайли ишончсиз эди. Эрон термаси ЖЧ саралашини Туркманистонда бошлар ва унгача Тошкентда ўртоқлик учрашувида майдонга тушиш форслар учун мақбул эди. Хуллас, азалдан ноқулай рақиб ҳисобланган Эрон термаси билан яна бир бор куч синашишга тўғри келди. Бу ЖЧ-2018 саралаши олдидан сўнгги назорат ўйини бўлгани учун икки мураббий ҳам захира имкониятларидан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қилди. Бизникилар мухлислар қаршисида ҳужумкор ўйин кўрсатишга ҳаракат қилдилар. Схема ҳам шунга яраша, 4-3-3 кўринишида бўлди. Зоҳир Қўзибоев марказий ҳужумчи вазифасини бажарди, қанотларда  Игорь Сергеев ва Сардор Рашидов ёрдам бердилар. Шунингдек, термага илк марта таклиф қилинган Икром Алибоев асосий таркибдан ўрин олди. Форслар иккинчи рақам остида ўйнаган бўлсалар-да, уларнинг қарши ҳужумлари анча хавфли кўриниш олди. Шу куни Миржалол Қосимов битта мажбурий ўзгариш қилди - жароҳат туфайли Зоҳир Қўзибоев ўрнига Санжар Турсунов майдонга туширилди. Ўйин тизгинини ушлаб турувчи ва ўз чемпионатларида мавсумни якунлашган Виталий Денисов, Азиз Ҳайдаров ва Одил Аҳмедовни ортиқча уринтирмаслик олдиндан режалаштирилган бўлса, Баҳодир Насимов ҳужумни кучайтириш учун майдонга туширилди. Хуллас, икки мураббий ҳам ўз режаларини амалга оширган баҳс дуранг натижа билан якунланса, адолатли бўларди. Бу ҳақда ўйиндан сўнг меҳмонлар мураббийи ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Лекин жамоаларимизга хос касаллик - футбол 90 дақиқа эмас, ҳакам ҳуштаги чалингунча давом этишини ҳис этмаслик яна мағлубиятга олиб келди...

Шимолий Корея билан ўйинни тўлиқ кўролмаганим учун аниқ фикр билдиролмайман. Лекин биринчи бўлимнинг ўзида 4та гол қўйиб юборилганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Битта ёки иккита гол тасодифан урилиши мумкин, лекин 4та эмас! Агар ёшлар ёки ўсмирларимиз ўйнашганида, мухлисларга лиқ стадион ёки ўзгача муҳит каби сабабларни келтириш мумкин эди. Лекин ЖЧ саралаши ва Осиё кубоги финал босқичида тобланган футболчиларнинг бундай саросимага тушишлари мени ҳайрон қолдирди. Тўғри, майдон сунъийлиги учун маҳоратни тўлиқ намойиш қилишнинг иложи бўлмагандир. Лекин ўтказиб юборилган тўплар-чи?! Бунга сунъий майдоннинг нима алоқаси бор?

2. Мағлубиятнинг асосий айбдори футболчилар дейиш, фикридан йироқман. Лекин нега улар ўз клубларида етакчилик қиладилар-у, терма жамоага келганда, ўртамиёнага айланадилар - шуни тушунишга ақлим ожиз. Иордания термаси билан ўйинда шу саволни ўзимга бергандим, энди яна...

Мен Миржалол Қосимовни мамлакатимиздаги энг кучли мураббийлардан бири, деб биламан. Гап унинг ўтмишда қандай ўйнаганида ҳам эмас. Муҳими, у мураббийликка жамоа маъмури ёки ҳайдовчиликдан (шундайлар ҳам бор) эмас, яқин 10 йил давомида босқичма-босқич кириб келди. Аввал клуб, сўнг олимпия терма жамоасида ёрдамчи, кейинчалик эса бош мураббий сифатида тажриба орттирди. «Бунёдкор»нинг оламшумул натижаларида унинг эмас, клубнинг имкониятлари ҳал қилувчи роль ўйнагани хусусидаги фикрларга қўшилмайман. Ўша имкониятлар билан дунёга машҳур Зико ва Сколари эришолмаган натижаларга айнан Қосимов эришди-ку. Бу - факт. Гап ҳозир унинг кетиши ёки қолиши ҳақида ҳам эмас. Асосий масала -  унинг ўрнига ким келиши. Хорижлик варианти ўз-ўзидан йўққа чиқади. Биринчидан, бу ҳақда ЎФФ президентининг ўзи қатъий таъкидлаган. Иккинчидан, келадиган мураббий футболимизни ўргангунича вақт тўхтаб турмайди. Учинчидан, у қандай машҳур мутахассис бўлмасин, жамоамизни ЖЧга олиб чиқишига кафолат йўқ. Фабио Капелло бунга ёрқин мисол.

Шахсан мен Миржалолга яқин инсон сифатида йиллар давомида юқори босим уни ғоят чарчатганини билганим учун ҳам, озгина дам олишини истардим. Лекин Жалолнинг Ватан учун ҳамма чарчоқни унутиб, борини бериб ишлашини ҳам яхши биламан. Термадан кетишни ёлғиз ўзи ҳал қилмайди. Бу борада ЎФФ раҳбарияти қарорини кутамиз. Лекин Пхеньяндаги аламли мағлубиятга қарамай, терма жамоамиз у бошчилигида гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалайди, деб ишонаман!

 

Фазлиддин Абилов («Халқ сўзи» газетаси шарҳловчиси):

1. Ҳа, 2018 йили Россияда ўтадиган жаҳон чемпионати саралаши мағлубият билан бошланиши кўпчилик мухлисларни ранжитди. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Биринчидан, шу пайтгача терма жамоамиз КХДРга қарши ўйинларда мағлубиятга учрамаганди. Яна ўйинда қайд этилган натижа. Очиғини айтиш керак, жамоамиз иштирокидаги сўнгги ўйинларни назарда тутиб айтсак, салбий натижалар одатий ҳолга айланиб қоладигандек туюляпти. Негаки, миллий термамизда яққол етакчи кўзга ташланмаяпти. Буни форс­ларга қарши ўртоқлик ўйинида Сервер Жепаровнинг майдонга тушмаганидан ҳам кўпчилик билди. Шу жиҳат КХДР билан ўйинда ҳам сезилди. Тўғриси, бу ерда мураббийлар штабининг катта хатоси бор. Айтайлик, масъулиятли ўйинда Икром Алибоевни майдонга туширмаслик керакмиди? Ахир у бундай жиддий синовларга тайёр эмасди. Бундан таш­қари, ҳатто «Локомотив»­да асосий дарвозабон ҳисобланмаган Игнатий Нестеров танлови ҳам хато. Чунки унда ўйин амалиёти етарли эмасди. Буни КХДРдан қайтиб келгач, Қосимовнинг ўзи ҳам айтди. Ҳимоя чизиғига келсак, Егор Кримецга ишонч билдирадиган вақт аллақачон келган. У «Пахтакор» таркибида анча ишончли ўйнамоқда. Хуллас, мамлакатимизда яхши футболчилар кўп. Фақат уларни бир мақсад сари бирлаштирадиган мутахассис етишмаяпти.

2. Миржалол Қосимовни кўпчилик яхши футболчи сифатида ҳурмат қилади. Аммо мураббий сифатида унинг ҳали кўп ўқиб-изланиши керакка ўхшайди. Мана, у 2012 йилдан буён терма жамоада ишлаётган бўлса, айтарли бирон-бир натижага эришолмади. Демоқчиманки, терма жамоага янги мураббий тайинлаш вақти келди. Негаки, битта мутахассисга шунча кўп имконият берилиб, бунга яраша натижа олинмаслиги тушунарсиз ҳолат. Қаранг, жамоамиз Миржалол Қосимов бош мураббийлигида 2014 йили 13та ўйин ўтказиб, 6та ғалаба, 4та дуранг, 3та мағлубият қайд этибди. 2015 йилнинг айни пайтига қадар эса 8та учрашувда атиги 2та ғалаба... Ана шу беллашувларда футболчиларимиз рақиблар дарвозасига 9та гол уришган ва 16та тўп ўтказиб юборишган. Шу рақамларнинг ўзи жамоага замонавий билимларга эга мураббий кераклигини кўрсатиб турибди.

 

Темур Аъзам («Ўзбекистон овози» газетаси бўлим мудири):

1. Терма жамоамизнинг сўнгги пайтларда кўрсатаётган ўйинлари ҳар бир мухлис қалбини хуфтон қиляпти. Охирги натижаларга шармандалик, дея баҳо бериш тўғри бўлса керак. Японлардан кучли эмасмиз, тўғри. Лекин 1:5 ҳисобида ютқазадиган даражада кучсиз ҳам эмасдик. Эронликларга ўз майдонимизда ютқазиб қўйганимизга турли сабаблар келтириш мумкин. Яратилган вазиятлардан фойдаланолмаслик - зўр баҳона. Бироқ қачонгача шу ашулани айтиб юраверамиз? КХДР билан ўйин тўғридан-тўғри кўрсатилмади. Фақат 1-бўлим якунида 0:4 ҳисобида ютқазаётганимиз маълум бўлди. Тўғриси, «шок»ка тушиб қолдим. Бу қанақаси, ахир? Ке-йинчалик ўйин намойиш этилган бўлса ҳам, уни кўргим келмади. Бундан ҳеч нарса ўзгармайди-ку! Мағлубиятга сабаблар кўп. Аввало, селекция тизими, асосий таркибни аниқлашда бир ёқлама қараш бор. Очиқроқ айтсак, тарафкашлик, кимнидир ёқтирмаслик бордек. Терма жамоадаги ҳужумчилар муаммосини Гейнрих, Бикмаев, Абдухолиқов ва гарчи «Пахтакор» захирасида ўтирган бўлса ҳам, анча ҳаракатчанлиги билан ишқибозлар эътиборига тушган Баҳодир Пардаев ёрдамида ҳал қилиш мумкин. Лекин уларни бош мураббий чақириши керак. Қосимовга бу футболчиларнинг ўйин услуби ёқмайдими ёки бошқа сабаб бор - буниси бизга қоронғу. Шоҳруҳ Гадоев «Бунёдкор» - «Насаф» учрашувида зўр ўйнади. У Акмал Шораҳмедовдан ҳар қанақасига ўтиб кетаверганидан «Бунёдкор» ишқибозлари ҳам қарсак чалиб юборишди. Аммо терма жамоанинг Эрон ва КХДРга қарши ўйинларида бошланган мавсумнинг энг омадсиз футболчиси номига асосий даъвогар Сардор Рашидов майдонга тушди. Айримлар Сардорнинг майдонга туширилганини уни руҳий қўллаб-қувватлашга  йўйишди. Аммо унутмайлик, МТЖ кимгадир руҳий кўмак берадиган жой эмас. Бу ерда энг муносиблар ўйнашлари керак.

2. Шу пайтгача Миржалол Қосимовни кўп ҳимоя қилдим. Болаликда футболчи бўлишни орзу қилардим. Кумирим Қосимов эди. Унга ўхшаб терма жамоага сардорлик қилишни истаганимни яширмайман. Қосимовнинг футболчилик фаолияти жуда ажойиб ўтди. Мураббийликда эса сал бошқачароқ. Яъни клубда ишлари яхши. Терма жамоада бунинг акси бўляпти. Футболчи Қосимовга ҳурмат унинг ишдан олинмаслигига сабаб бўлмаслиги керак. Ишини эплай олмаганида Марадона Аргентина миллий жамоасидан, Али Даи Эрон термасидан бўшатилди. Менимча, Қосимов ҳам терма жамоа бош мураббийлигини топшириши керак. Натижаларда мураббийнинг айби борми? Жамоа ютқазяптими, сўзсиз, мураббий айбдор. Демак, нималарнидир ўзгартириш вақти келди. Лекин бу амалга ошадими? Миржалол Қосимов истеъфо берадими? Агар истеъфо сўраса, Мираброр Усмонов уни қабул қиладими? Бу саволларга биз жавоб беролмаймиз...

"ИнтерФУТБОЛ"  газетаси, 23 июнь, 49-сон

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 17:09, 27.06.2015.
Ўқилди: 5892 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.