Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: «Мени йиғлатган воқеалар...»

Баҳо:
+ | -1

Мен журналист бўлишим билан бир қаторда мухлисман ҳам. Менинг ҳам ўз суюкли жамоаларим ва футболчиларим бўлган. Мен ҳам кимгадир қаттиқ мухлислик қилганман. Мухлислик қилишим баробарида яхши кўрган ўйинчиларим муваффақиятсизликка учраганида, кўзимдан ёш ҳам оққан. Алам қилган. Ҳатто телевидение орқали гапираётганимда ҳам, ўйинни холис шарҳлашга уринсам-да, ич-ичимдан суюклиларим билан йиғлаганман. Ичимда бўлса ҳам йиғлаганман. Бугун ана шу ходисаларнинг энг асосийларини эсга олгим келди. Сизлар билан баҳам кўргим кўлди ўша аламли дақиқаларни!

7. Рауль Гонсалеснинг ноаниқ пенальтиси...

2000 йилги Европа чемпионати эди ўшанда. Раҳматли Давлат ака иккимиз шарҳлаган дастлабки ўйинлардан бири. Устозим мени кимга мухлислик қилишимни билар эдилар, шу боис, Рауль тўпга яқинлашаётган пайтида шарҳни ўзимга қўйиб бердилар. Мен қўрқа-қўрқа: “Ишқилиб Роберто Баджонинг куни бошига тушмасайди”, дедим. Бу гап башоратчиликдан эмас, азбаройи қўрққанимдан, Раулга мухлислик қилганимдан чиқиб кетди оғзимдан. Рауль ҳам “ишончим”ни оқлади ва ўз фаолиятидаги энг аламли зарбаларидан бирини йўллади. Испания у пайтлари чорак финалдан қайтишга ўрганган жамоа эди, кейинги босқичга Францияни ўтказиб юбориб, уйга равона бўлди. Рауль терма жамоа таркибида ҳеч қачон ҳеч қандай соврин ола билмади!

6. Белановнинг ноаниқ пенальтиси...

1988 йилги Европа чемпионати финали... Бу баҳс кўпчиликка Марко ван Бастеннинг фантастик зарбаси билан эсда қолгандир, менинг хотирамда Игорь Белановнинг ноаниқ пенальтиси билан сақланиб қолган. Бир ўйинда собиқ иттифоқ терма жамоаси ҳужумчиси учта вазиятни кўкка совургани ҳамон ёдимда. Уч метрдан гол ура олмагани, дарвоза устунини пойлагани ва пенальти... Мен ўшанда Голландияга мухлислик қилмаганман, шу боис на Гуллитнинг бош билан йўллаган суперзарбасидан ва на ван Бастеннинг аср голидан ҳайратга тушганман. Мен у пайтлари анча ёш эдим, ўйиндан кейин йиғлаганман. Алам қилган, Лобановский жамоасини ҳаддан ташқари яхши кўрардим, узр!

5. Бекхэмнинг қизил карточкаси...

1998 йилги мундиал плей-офф баҳслари жуда қизиқарли кечган, айниқса Аргентина ҳамда Англия терма жамоалари ўртасидаги баҳс. Ўша ўйинда Майкл Оуэн ўз фаолиятидаги энг фантастик голини йўллаган. Аммо ажойиб Англия айёр Аргентинадан ўта олмаган. Ҳозирда “Атлетико”ни бошқараётган Симеоне ажойиб Бекхэмни “ўйиндан чиқариб юборган”. 
Ҳа, ҳакам қизил карточка кўрсатгунига қадар айнан аргентиналик муғомбир ўзини жабрланувчи кўрсатиб, англиялик юлдузга йўқ жойдан қизил карточка олиб берганди ўшанда. Такрорий лавҳалар эса бечора Бекхэмнинг ҳеч қандай қўполлик ишлатмаганини кўрсатар эди... Буёғига тушунарли, бир ўйинчи кам Англиянинг пенальтилар сериясида бардоши етмади. Англия юлдузини бир йил кейинги ЕЧЛ финали қутқариб қолди, акс ҳолда у миллат душманига айланаёзганди!

4. Шевченконинг ноаниқ пенальтиси...

Мен яхши кўрган юлдузлардан яна бири Андрей Шевченко 2005 йилнинг 25 майида ўз ҳаётидаги энг катта хатолардан бирига қўл урди: Юлдузларга теккан касаллик – пенальтилар сериясида сўнгги зарбага яқинлашди. 
Шахсан мен учун ЕЧЛ финаллари ичидаги энг қизиқарли ўйин шу бўлган, азизлар! Ўзингиз ўйланг, биринчи бўлимда 3:0 ҳисобида олдинда бораётган “Милан” иккинчи бўлимда 3та гол ўтказиб юборса... ва ўйин охирида Андрей деярли бўш қолган дарвозани нишонга ола билмаса... Ҳалигача польшалик Дудекнинг тўпни қандай қилиб қайтариб юборганини тушуна олмайман. Ўша вазиятда русларнинг ажойиб шарҳловчиси Владимир Маслаченко: “Бугун “Милан”нинг куни эмас, бу жамоа гол ура олмайди”, деган эди. Пенальтилар сериясида охирги зарбага яқинлашган Шевченкога эса ёлворганди: “Нега сен келасан, ахир ура олмайсан-ку, кўзларинг айтяпти, Андрюша!” деганлари ёдимда...
Зарба ва “Ливерпуль” ЕЧЛ ғолиби! Шевченкога қўшилиб, мен ҳам кўз ёши қилиб олгандим.

 3. Марадонанинг кўз ёшлари...

Ҳа, 1990 йилги ЖЧ финали энг жирканч финал ҳисобланади. Бутун чемпионат давомида финалгача катта қаршиликлар билан етиб келган Аргентина ва Марадона охирги баҳсда ҳакамлар томонидан янчиб ташланди. Италия яшил майдонларида ва келиб-келиб Неаполдаги стадионда скуадро адзуррани мағлуб этган Аргентинани европаликлар шундоқ қолдиришмасди. Ўйин эсимда: Диегога қулоғини қимирлатгани қўйишмаган, Аргентина терма жамоаси учрашувни тўққиз ўйинчи бўлиб якунлаган, ягона гол эса ҳакамнинг жуда катта хатоси билан белгиланган пенальтидан киритилган. Хуллас, ўша куни телекамералар олтин медал эгаларини эмас, балки кумуш медални бўйнига тақишни ор қилган Марадонани кўпроқ кўрсатишган эди. У билан қўшилиб жуда кўпчилик, жумладан мен ҳам йиғлаганман!

2. Зиданнинг четлатилиши...

Яна бир афсонавий юлдузнинг фаолияти ҳам оригиналлигича қолади. Балким Зиданнинг футбол билан шундай суратда хайрлашуви кейинчалик кўпчиликка маъқул келгандир, бироқ ўйин бўлаётган пайтда манзара ва ҳолат буткул бошқача эди. Айёр Матерацци учрашув давомида Зиданнинг асабига тегиб юрди ва охири мақсадига етди. Албатта, мақсадига етиши учун кўкрагини қалқон қилиб тутиб беришига ҳам тўғри келди. Зидан финал ўйинида, сўнгги дақиқаларда, Францияга ҳар томонлама керак бўлган пайтда майдонни ташлаб кетди. Кубокнинг олдидан ўтиб кетар экан, бир қараб ҳам қўйди... Кўпчилик ўшанда сезганди ҳам: бу кубок энди Италияга йўл олади-ёв! Барибир Ҳожибой қизиқнинг гапи эсга тушаверади...

1.  Роберто Баджонинг ноаниқ зарбаси...

Мен 1994 йилги Жаҳон чемпионатини фақат аламлар билан эслайман. Тўрт йил олдин финал куни йиғлатилган Марадона бу мусобақада ўртадаёқ четлатилди ва Аргентина финалгача етиб кела олмади. Финалгача ҳақиқий қаҳрамон вазифасини бошқа юлдуз - Роберто Баджо бажарди. Плей-офф баҳсларида терма жамоасининг тўқсон фоиз голини урган Роби финал куни антиқаҳрамонга айланди. Унинг биргина зарбаси бу юлдузни бир умр ПЕНАЛЬТИ деган сўз билан ёнма-ён келишига сабаб бўлди. Баджо бу чемпионатдан кейинги мусобақада гарчи пенальтиларни аниқ амалга оширган ва термасининг халоскорига айланишда давом этган бўлса ҳам, ҳеч ким 94-мундиални эсдан чиқара олмасди. 20-аср футболидаги энг аламли манзаралардан бири эди бу: Ноаниқ зарбангдан кейин атрофингда рақиблар чемпионликни нишонлашса, сен Ер юзида бир ўзинг қолиб кетганингни ҳис қиласан. Ўша кунги Баджо шундай ҳолатда қолганди. Мен бу манзарани ҳеч қачон унута олмадим ва ким пенальтига яқинлашса, албатта мана шу буюк иқтидор эгасини ёдга олдим: Роберто Баджо! Италия футболининг энг машҳур ва энг бахтсиз юлдузи... Ўша кунни эслаётган тенгдош мухлис бўлса, эҳтимол кўзига ёш олгандир, мен ҳам унга қўшилдим!!!

Хайрулла Ҳамидов

Манба: www.uff.uz
Киритилди: 10:14, 28.06.2015.
Ўқилди: 13783 марта.
Фикрлар: 22 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.