Бу сафарги Копа Америка бир йил олдинги Жаҳон чемпионатига ўхшамади. Колумбия Бразилия майдонларида кўрсатган ўйинини кўрсата олмади, Мексикани ҳеч ким тушунмади, Бразилиянинг эса чорак финалда қоқилаётганини ҳеч ким сенсация демай қўйди. Умуман, турнирда Перу терма жамоаси ғалаба қозонганда ҳам, буни ҳеч қандай ғалати жойи бўлмас эди. Аммо, бир йил олдинги Жаҳон чемпионати ҳамда бу йилги Америка Кубоги финалини худди бир киши ёзгандек.
Чилида ажойиб футболчилар авлоди шаклланди. Бу футболчилар катта ғалабаларга муносиб эканини турнир исботлади. Бутун турнир давомида чилиликлар ёрқин ва қувноқ ўйин намойиш эта олишди ва уларнинг якуний ғалабаси борасида саволлар йўқ. Умуман, ғолиблар муҳокама қилинмайди. Чили ҳам, ниманидир муҳокама қилишга сабаб қолдирмади.
Финал якунланди, ўйин тугади, аммо ахборот оламида яна ўша манзара – бош соврин турган жой ёнидан хомуш ўтиб кетаётган Мессининг сурати бутун дунё ахборот агентликлари, йирик спорт нашрларининг муқовасини безади. Бутун дунё футбол оламида муҳокама қилишга арзигулик воқеалар тиқилиб ётибди. Биз эса, доимгидек бирини иккинчиси билан солиштириш билан оворамиз. Мессининг фамилияси бор жойда албатта, мухлислар икки лагерга ажралади ва яна ўша Марадонанинг деярли 30 йил олдинги Жаҳон чемпионатидаги ғалабаси эсланади. “У жаҳоннинг барча даврлардаги энг яхши ўйинчиси эмас”, “Месси яна терма жамоасини шохсупага етаклай олмади”, “Ўзи, терма жамоаси билан бирон нима юта оладими?”, - таниш сарлавхалар ва тортишувлар..
Келинг, унинг турнирдаги иштирокини эслаймиз. Месси турнирни юқори савияда эмас, шунга яқинроқ, боринг ана 5 баҳога эмас, 4 баҳога лойиқ ўйин кўрсатди. Ўз терма жамоаси иштирокидаги ўйинларнинг ярмида жамоасининг энг яхши ўйинчиси бўлди. Ҳаммадан олдин рамзий терма жамоалардан ўрин олди. Майдондаги ҳатти-ҳаракатларни (гол, пас, аниқ тўп оширишлар, дриблинг, тезлик, ва бошқа фойдали ҳаракатлар) баҳолаб борувчи статистик компания натижаларига кўра, Лео турнирнинг энг яхши ўйинчиси бўла олди – 7.96, балл. Яъни, унинг бутун ўйин давомида бажарадиган фойдали иш ҳажмини турнирда иштирок этган ҳеч бир футболчи бажара олмади. Кўпчилик айтаётгандек, турнирда ўзини кўрсата олмаган футболчининг ушбу статистикаси, ўйин давомида “Мессини кўрмадингизми?” дея савол бераётган айрим томошабинларнинг фикрини ўзгартира олмайди, албатта. Турнирнинг энг яхши футболчиси совринидан воз кечгани эса – бу шунчаки эмоция, мағлуб бўлган инсоннинг ҳис-туйғулари. Месси ўйлаб, ўйлаб бу совриндан воз кечиш ҳақида қарор қабул қилгани йўқ. Умуман, турнирнинг энг яхши футболчиси совринини ғолиб жамоа футболчисига бериш ҳар қандай турнирда тўғрироқ вариант бўлар эди. Бу сафар ҳам шундай қилиш керак эди, аммо ташкилотчилар бу сафар ҳам энг осон йўлини танлашди.
Ўйиннинг сўнгги дақиқаси тугаб бораётган бир пайтда, Месси-Лавесси комбинициясини Игуаин голга айлантирганида ҳам, Месси борасидаги саволлар, муҳокамалар тўхтамаган бўлар эди. Бундай саволлар ҳеч қачон тўхтамайди.
Аргентина бир йил олдин финалда ғалаба қозона олган бўлганида ҳам Месси Марадона қилган ишни қила олмаган бўлиб қолаверарди. Месси буюк ватандошининг 29 йил аввал қилган хунарини ҳеч қачон такрорлай олмайди. Марадона қўйиб кетган бу планкани забт этишни Месси кеч бошлади. Бир йил олдин Месси 27 ёшда эди, Марадона эса боши узра Мундиал кубогини кўтарганида 26 ёшда эди. Тушунарсизми?
Биз ҳозирги замоннинг энг зўрларини аввалги замонларнинг энг зўрлари сояси билан қўрқитамиз. Ҳар бир замоннинг ўз кумири бўлишини, 20 йил олдинги футбол ҳозиргиси билан фарқ қилишини эса ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Индивидуал совринлар, рекордлар, клуб сафидаги совринлар сони бўйича Лео афсонавий ватандошини аллақачон ортда қолдиргани истаймизми, йўқми, факт. “Эл Классико” аудиториясининг сони эса, Жаҳон чемпионатининг муҳим ўйинлари аудиториясидан кўп эканини ҳам ўзингиз билмаган фактлар ва рақамлар орасига қўшиб қўйишингиз мумкин.
Замонамизнинг энг яхши футболчиларидан бирининг ўз терма жамоаси учун соврин ютиб бера олмаётгани – кулиш, ёки муҳокама учун асос, ёки тендеция эмас. Бу – фожеа. Худди Криштиану Роналду, Златан Иброхимович ва Гарет Бэйл сингари топ ўйинчилар ўз терма жамоалари учун ҳеч нарса юта олмаётгани каби. Юқорида номи тилган олинган футболчилардан исталган бири Испания ёки Германияда туғилган бўлганида, аллақачон унинг фамилияси олтин ҳарфлар билан футбол тарихидаги энг, энг, энг футболчи сифатида тарихга мухрланган бўлар эди. Аммо, тан олинг, Хави ёки Мюллер Аргентина, Португалия, Швеция ёки Уэльс терма жамоаларини ғалаба сари етаклай олмаган бўлар эдилар.
Лионель Месси жаҳон чемпионатини юта олмайди, жаҳон чемпионатини Аргентина терма жамоаси ютиши мумкин. Худди 1986 йили жаҳон чемпионатини айнан Аргентина терма жамоаси ютгани каби. Месси шунингдек, Марадонинг 29 йил олдин қилган ишини ҳам такрорлай олмайди. Ҳали фаолиятини якунламаган Месси билан 29 йил олдинги Марадонани таққослашда бу фактор етарли бўла оладими? Аргентина терма жамоасининг сўнгги икки йил ичида икки йирик турнир финалига етиб бораётганичи? Ёки Аргентина 1990 йилдан бери (25 йил!) катта туринирларнинг финали у ёқда турсин, ярим финалига ҳам етиб бормаганини унутдикми? Иккинчи ўрин – мағлубият дегани. Аммо, Аргентинанинг сўнгги 25 йилликдаги натижалари олдида икки финал ёмон натижа эмас, ёки нотўғрими?
Аргентинанинг Копа Америка финалидаги мағлубиятининг асосий айбдори ким, биласизми? Бу Игуаин эмас. Тевесни майдонга туширмаган Мартино ҳам эмас. Кўнгилдагидек, юқори савияда ўйин намойиш эта олмаган Месси ҳам эмас. Асосий айбдор – Чили терма жамоаси.
Чили терма жамоасининг ҳеч бир ўйинчиси Мессидан индивидуал тарзда устун эмас. Аммо, жамоа сифатида Чили Аргентинадан устунлигини ўйинда намойиш этди. Чилининг ғалабасини инкор этмайдиган оддий сабаб, шундай эмасми? Лекин бу сабабни негадир кўп жойда ўқиганим, эшитганим йўқ.
Финал ўйинининг хотимаси сифатида Мессининг хомуш юзи эмас, Алексиснинг хурсандчиликдан бақираётгани мантиқли якун эмасмиди? Барча муқоваларда Мессининг мағлубитдан сўнгги сурати эмас, Алексис ёки Видальнинг кубокни кўтараётган ҳолатдаги сурати туриши керак эмасмиди. Бу ўзи кимнинг ғалабаси, Чилиними ёки Мессини?!