Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ўзбек футболининг келажаги қаерда?

Баҳо:
+ | -

Ўзбек ва туманли ўлка футболини ўзаро таққослаш мумкинми? Йўқ, албатта. Бири дунёда етакчилардан бўлса, иккинчиси... Ҳа, майли, яхшиси, ўзбек футболини таҳлил қилмай турайлик, ҳар ҳолда, келажакдан умид бор-ку. Вақти келиб мундиалларда иштирок этармиз, футболчиларимизга Месси ва Роналду даражасига чиқиш насиб қилмаса-да, «МЮ» ёки «Челси»да сафида тўп суриш имконияти туғилар. Ҳозирча  ўзбек ва инглиз футболини ўзаро солиштиришдан тийиламиз. Эътиборингизга ҳавола этилаётган мақоламиз эса, икки мамлакат футболи ўртасидаги тафовутга бағишланади.

ЎЗБЕК ФУТБОЛИ

Футболимиз муаммолари хусусида сўз очилганда, биринчи навбатда, Ўзбекистон чемпионатига эътибор қаратиш одатий ҳолга айланган. Терма жамоага муносиб футболчилар етишиб чиқмаётгани айнан олий лига савиясининг пастлиги билан изоҳланади. ПФЛ шаънига ёғдирилган гапларни тўплаб, бир тошга айтсангиз, ёрилиб кетиши ҳеч гап эмас. «Кучли чемпионатдан - кучли терма жамоа сари» қабилидаги шиорга амал қилиш вақти келмадимикан? Ахир Ўзбекистон миллий термаси мағлубиятларини ички чемпионатнинг кучсизлигига йўйишга ўрганиб қолдик-ку. Бу - бизнинг позициямиз. Бош жамоамиз 1994 йили Хиросима майдонларида эришган ғалабани ҳисобга олмаганда, расмий мусобақаларда фақат статистика учун қатнашиб келяпти, ахир.

 

ИНГЛИЗ ФУТБОЛИ

Қизиқ жиҳати, Англия термаси ҳам 1966 йилда жаҳон чемпиони бўлгач, ўтган вақт мобайнида мундиал ғолиблиги иштиёқида ёнмоқда. Бироқ ҳозирги Англия термаси ўртамиёна жамоага айланиб қолган. Бирор мусобақада иштирок этиши арафасида қандай натижа билан ортга қайтишини тахмин қилиш қийин эмас. Айтайлик, Бразилиядаги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаёқ иштирокини тўхтатган Англия термасининг ўрнига бошқа бирор жамоани қўйиб кўрайлик. Мисол учун, Уэльсни. Бирлашган Қироллик шаънини ҳимоя қилувчи бу терма яхшироқ натижа кўрсатиши мумкин эди. Жилла қурса, гуруҳда Коста-Рика термаси билан дуранг ўйнаш, Италия ва Уругвайга ютқазиб, изза бўлиш эҳтимоли пасаярмиди?! «Футбол ватани» сўнгги вақтларда шундай шармандагарчиликлар гирдобига тушиб қолмоқда.

 

ЎХШАМАЙДИГАН ЖИҲАТЛАР

Келинг, энди гапнинг индаллосига ўтиб, инглиз ва ўзбек футболининг бир-бирига ўхшамайдиган жиҳатларига тўхталсак. Худди биздаги сингари, туманли ўлкада ҳам терма жамоанинг омадсизликлари кўп муҳокама қилинади. Фарқи шундаки, Ўзбекистон терма жамоасининг омадсизлиги ички чемпионат савиясизлигига боғланса, Англияда «Премьер-лига ғалабаси - терма жамоанинг мағлубияти» қабилида қарашлар мавжуд.

Дарҳақиқат, кучли таркибга эга инглиз клублари Чемпионлар Лигасида мунтазам иштирок этиш баробарида ғолиблик учун асосий даъвогарлардан саналишади. Ҳамма бало шундаки, инглиз клубларида асосий ишни легионерлар амалга оширишади. «Челси»нинг чемпион бўлишида бельгиялик Эден Азарнинг хизматлари беқиёс. Кот-д`ивуарлик Яя Туре ўйин борасида оқсаган кезлари «Манчестер Сити»нинг чемпионликдан умид узгани ҳам айни ҳақиқат. 3-ўрин эгаси - «Арсенал» ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлаверади. «Тўпчилар» ҳар доим легионерлар ҳисобига кун кўришади.

Бу - ҳозирги инглиз футболининг асосий муаммоси. Кучли легионерлар премьер-лигани қай даражада юксалтираётган бўлсалар, Англия терма жамоаси ботқоқлик сари шунча илдам одимламоқда. Зеро, маҳаллий футболчилар легионерлар касрига ўз клублари асосий таркибидан четда қолиб кетишяпти. Маълумотларга кўра, премьер-лигада асосий таркибда майдонга тушадиган инглиз футболчилари сони 50 фоизга ҳам бормас экан. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, бундай ҳолатда терма жамоадаги рақобат ҳақида гап бўлиши мумкинми?

 

БИЗГА ДАХЛ ҚИЛМАС ФОЖИА ЁХУД ОСИЁДА НИМА ГАПЛАР?

Бу гапларни бежиз келтирмадик. Биламизки, Англия футболидаги фожианинг ўзбек футболига дахл қилмаслиги аниқ. Сабаби аён: Эден Азар ёки Яя Туре даражасидаги футболчиларнинг олий лигада ўйнаши тасаввур оламининг ҳар қандай сарҳадларини-да ошиб ўтадиган фантастик фильмга қиёсланади. Ривалдо Ўзбекистонда ўйнаган кезлари нафақага чиқиш арафасида эди. Шунга қарамай, унинг футболимиз равнақи учун озми-кўп хизматлари сингди. Энди бундай юлдузларни жалб этиш орзуга айланиб қолди, чорловимизга «Лаббай», дея жавоб қайтарадиганларни топиш эса амри-маҳол. Шу нуқтаи назардан, инглиз клубларининг қисмати хавфидан халос этилганмиз. Легионерлар ҳисобига ички биринчиликни кучайтиришнинг терма жамоага фойдасизлиги Осиё мисолида ҳам ўз исботини топди. Хитой ва араб клублари тимсолида кўриб турибмиз-ки, кучли чемпионат ҳар доим ҳам кучли терма жамоага асос бермас экан. Ана, араб клубларида кимлар ўйнашмади, дейсиз - Гвардиоладан тортиб, Асамоа Гьянгача. Шунингдек, Хитой чемпионати ҳам Фредерик Кануте, Николя Анелька ва Дидье Дрогба каби номлар билан яқиндан танишишга улгурди. Бу йил айниқса, «Гуанжоу Эвергранд» клуби «қутурмоқда». Хитой жамоаси бошқарувини ўз қўлига олган «Бунёдкор»нинг собиқ устози Луис Фелипе Сколари юлдуз футболчиларни йиғиш билан банд. Хўш, шу тариқа Чин ўлкаси термасини кучайтириш мумкинми? Ижобий жавоб бериш мушкул. Ўз навбатида, бунинг аксини исботловчи мисоллар ҳам талайгина.

Масалан, 25-30 йилдирки, Туркия чемпионатига  юлдузларни жалб этиш анъана тусини олган. Аммо терма жамоа дунё грандлари қаторига киришни уддалай олганича йўқ. Аслида туркларда маҳорат ҳам, шижоат ҳам етарли, потенциал юқори. Айнан шу потенциални юзага чиқаришда доимо муаммолар туғилади. Туркияда ҳам худди Англиядагидек ички чемпионатда маҳаллий футболчиларга эҳтиёж кам. Шуни инобатга олган ҳолда айтиш мумкинки, турклар Европа ёки жаҳон чемпионати ғолиблигини ҳозирча орзу қилишади, холос.

 

НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Энди гапнинг индаллосига ўтсак. Хўш, мавжуд вазиятда қайси йўл ўзбек футболи ривожига хизмат қилади? Тўғрисини айтганда, бу иккилантирадиган савол эмас, аниқроғи, бизда жавоб бор. Ҳаттоки, буни амалда қўлламоқдамиз ҳам.

Юртимизда болалар футболига катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари мундиалда қатнашиш тажрибасини ўзлаштиришди. Энди нав-бат бош жамоамизга келди. Бундай сиёсат Германия терма жамоаси ғалабаларига асос яратганди. Ёдингизда бўлса, немислар асрлар алмашувидаги инқироздан сўнг, энг аввало, болалар футболига эътиборни кучайтиришни бош мақсад сифатида белгилаб олишганди. Натижаси барчага маълум. Мюллеру Озиллар ўша эътибор самараси ҳисобланади. Биз ҳам қачондир ўз Озилларимизга эга бўлишдан умидвормиз...

 

ЎФФдаги  ижобий ИСЛОҲОТЛАР

Албатта, немисларнинг ишлаш тизими тубдан фарқланади. Ўзбекистонда ҳам бу борада қўл қовуштириб турилгани йўқ. Аксинча, диққатга молик ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, бу йилдан эътиборан ЎФФ ташаббуси билан 13 ёшгача бўлган болалардан натижа талаб қилинмаслиги белгиланди. Энди ёш иқтидор эгаси рақибларини кетма-кет алдаш, дарвоза томон узоқдан зарба бериш чоғи хатога йўл қўйса, мураббий унга нисбатан қўпол муносабатда бўлмаслиги керак. Зеро, асосийси натижа эмас. Мазкур талабни менсимаган мураббийларни футболдан четлатиш мақсадга мувофиқ. Футбол оддийгина «пас» беришдан иборат эмас. Келажак авлод футболчилари нафақат тактик, балки техник жиҳатдан ҳам кучли бўлишлари керак. Жисмоний барқарорлик бўйича эса африкаликларни ҳам ортда қолдиришлари шарт.

Ўтган вақт мобайнида ЎФФ шаънига кўплаб танқидлар янгради. Уларнинг айримлари асоссиз бўлса, бошқалари... Аммо ўз навбатида, сўнгги пайтлар федерация томонидан амалга оширилаётган ижобий ишларни ҳам эътироф этиш жоиз. Масалан, ўсиш даври футболига хос бўлган «ёш сурдириш» иллатига қарши кескин кураш бошланди. Энди бирор футболчининг ёши кичрайтирилгани аниқланса, у тўп сурадиган жамоа мураббийи лицензиядан маҳрум қилинади. Бундай жазо турини қўллаш орқали мазкур иллатни илдизи билан қўпориб ташлаш имконияти туғилади. Акс ҳолда, футболимизга тааллуқли суҳбатларнинг асосини «эрта сўнган юлдузлар» мавзуси эгаллаб олиши аниқ...

 

ЯНА БИР ЯХШИ ГАП

Хабарингиз бор, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-20) Янги Зеландияда ўтказилган жаҳон чемпионатида қатнашди. Ёшларимиз эришган натижадан кўнглимиз тўлди. Ҳар ҳолда,  яна бир марта чорак финал забт этилди. Мухлислар орасида бу фикрни қўллаб-қувватламайдиганлари ҳам бор, албатта. Чунки Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги жамоа гуруҳдаги дастлабки икки ўйинда Гондурас (3:4) ва Германия (0:3) термаларидан мағлубиятга учради. Фақат Фижи устидан қозонилган йирик ҳисобдаги ғалаба (3:0) туфайлигина гуруҳ босқичи ортда қолдирилди. Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг нимчорак финалда австрияликларга қарши (2:0) кўрсатган ўйини эса таҳсинга сазовор. Сенегал термасига қарши кечган чорак финал баҳси ҳам тенг курашлар остида ўтди. Африка вакилининг атиги бир тўп фарқи билан ғалабага эришиши ҳам фикримизнинг яққол далили. Асосийси, Равшан Ҳайдаров шогирдлари кўзларида ўт чақнади, ҳар бир футболчида куч ва шижоат, ўзгача қатъият сезилди.

Бундай ғалабалар эртанги муваффақиятларимизга дебоча ясашидан умидвормиз. Забиҳилло Ўринбоев, Элдор Шомуродов, Достонбек Ҳамдамов сингари йигитларнинг катта саҳнага кўтарилишлари ЎФФ томонидан болалар футболига берилаётган эътибор самарасидир. Ҳар ҳолда, бизнинг маблағлар Хитой ёки араб футболида бўлгани сингари хорижлик легионерларга сарфланмаяпти. Мақсадимиз - ўзга юрт чарм тўп усталари хизматига боғланиб қолмаслик. Футболимизни ўзимиздаги ёш иқтидорлар ҳисобига кучайтириш учун имкониятлар етарли. Асосийси, келажакдаги муваффақиятларимизни таъминлаб берадиган ўйинчиларни аниқлаб, тарбиялай олсак, кифоя.

"ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:03, 11.07.2015.
Ўқилди: 7615 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.