Италиялик мутахассис Антонио Конте вакиллари «Манчестер Юнайтед» раҳбарияти билан алоқаларни қайта тиклаб, клуб бош мураббийлиги лавозимига қизиқиш борлигини тасдиқлади. Мутахассис «Олд Траффорд»да иш бошлашга ва дарҳол вазифага киришишга тайёр. Бу ҳақда TEAMtalk хабар бермоқда.
Конте ўтган мавсум якунида «Наполи»дан кетганидан буён ишсиз қолмоқда. Аввалроқ италиялик мураббий янги мавсум бошланишини кутиб, жамоа билан мавсумолди тайёргарликни ўтказишни афзал билган. Бироқ ҳозирда унинг позицияси ўзгарган.
Манбага кўра, Конте тарихий клуб ҳақида гап кетган тақдирда мавсум ўртасида ҳам жамоани қабул қилиб олишга қарши эмас. У яқиндаги интервьюсида ўзининг аввалги даражасига қайтишни истаган ва бой тарихга эга клубни бошқаришга тайёрлигини билдирган.
Агар «Манчестер Юнайтед»га тайинланса, италиялик мутахассис қишки трансферлар ойнасида жамоани кучайтиришни талаб қилади. Хусусан, у уч нафар янги футболчининг харид қилинишини истамоқда.
«Манчестер Юнайтед» жорий мавсумда Англия Премьер-лигасининг олтита учрашувида атиги олти очко жамғарган. Жамоа, шунингдек, Лига кубогидан «Брайтон»га мағлуб бўлиб чиқиб кетди. Сешанба куни эса Чемпионлар лигасида «Атлетико»дан мағлубиятга учради.
Қайд этиш жоиз, Конте 2026 йил ёзида ҳам «Манчестер Юнайтед»ни бошқаришга қизиқиш билдирган. Бироқ клуб эгалари — INEOS раҳбарияти Майкл Кэррикка ишонч билдиришда давом этган.













