Мадриднинг «Реал» клуби расмий сайти орқали баёнот эълон қилиб, Ла Лига президенти Хавьер Тебасни лавозимидан кетишга чақирди.
Бунга Тебаснинг Мадрид клуби раҳбарияти фаолиятини нацистлар режими тарғибот вазири Йозеф Геббельснинг усуллари билан таққослагани ва «Реал» клуб телеканали — Real Madrid Televisión’ни ушбу стратегиянинг воситаси деб атагани сабаб бўлди.
«Реал» клуби ўз баёнотида бундай қиёслашни мутлақо номақбул ва ўта жиддий ҳолат деб баҳолади. Клуб фикрича, Испания футболида иккита масъулиятли лавозимни эгаллаб турган шахснинг клуб, унинг раҳбарияти ва телеканалини обрўсизлантириш учун нацистлар режими тарғибот усулларига мурожаат қилиши қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир. Гап нацистлар мафкураси ҳақида эмаслигига аниқлик киритилиши ҳам Тебаснинг сўзлари ҳақоратомуз, маънавий жиҳатдан жирканч ва у эгаллаб турган лавозимга номуносиб эканини ўзгартирмайди.
Мадридликлар Тебаснинг баёнотларини унинг «Реал», клуб президенти ва клубга тегишли оммавий ахборот воситаларига нисбатан мунтазам давом этаётган ҳужумларининг навбатдаги кўриниши деб ҳисобламоқда. Клубга алоқаси бўлмаган журналистларнинг саволлари, репортажлари ёки фикрларидан фойдаланиб, «Реал»га айбловлар қўйиш ва уни учинчи шахсларнинг хатти-ҳаракатлари учун жавобгар қилиш мумкин эмаслиги таъкидланди.
Баёнотда «Негрейра иши» билан боғлиқ вазиятга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. «Реал» фикрича, Тебас ўзининг баёнотлари орқали клуб ва унинг телеканали томонидан ушбу иш юзасидан амалга оширилаётган қонуний ҳаракатларни шубҳа остига қўйишга уринмоқда.
Клубнинг таъкидлашича, Хавьер Тебас раҳбарлик лавозимларини эгаллаб турган икки ташкилот «Негрейра иши»нинг ўта жиддийлигига мос чораларни кўрмагани сабабли «Реал» тўғридан-тўғри УЕФАга мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Мадридликлар «Барселона» бир неча йил давомида ҳакамлар техник қўмитаси вице-президентига амалга оширган тўловлар юзасидан ҳар томонлама текширув ўтказилишини ва мусобақаларда ҳалолликни таъминлаш учун зарур чоралар кўрилишини талаб қилмоқда.
Шунингдек, «Реал» Испания футболида ҳакамлик тизими, федерациянинг бошқарув тузилмалари, назорат ва интизом органларини тубдан ислоҳ қилишга чақирди. Клуб бу жараён ўша даврда масъулиятли лавозимларни эгаллаб турган шахсларни алмаштиришни ҳам қамраб олиши керак, деб ҳисоблайди.
«Реал» фикрича, Ла Лига президенти ва Испания Қироллик футбол федерацияси вице-президенти бўлган Тебас ўз лавозимидан фойдаланиб, жиддий воқеаларни ҳар томонлама текшириш ва испан футболида зарур ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш ўрнига, клубни обрўсизлантиришга ҳаракат қилмоқда.
Баёнотда Тебаснинг бундай хатти-ҳаракатлари унинг бетарафлик, ҳурмат ва холислик тамойилларига амал қилмаётганини кўрсатиши айтилган. Клуб назарида, «Реал» ва шаффофлик ҳамда ислоҳотлар тарафдорларига нисбатан мунтазам ҳужумлар Испания футболига жиддий зарар етказмоқда.
«Реал» клуби Тебаснинг такрорий баёнотлари ва ҳаракатлари ҳурмат, бетарафлик ҳамда ҳалоллик тамойилларига асосланган ҳар қандай Европа спорт ташкилотида номақбул деб топилишини таъкидлади. Клуб фикрича, бундай хатти-ҳаракатлар уни эгаллаб турган лавозимларида қолиш учун касбий жиҳатдан нолойиқ қилиб қўяди.
Шу муносабат билан Мадриднинг «Реал» клуби Хавьер Тебасдан Ла Лига президенти ва Испания Қироллик футбол федерацияси вице-президенти лавозимларидан зудлик билан истеъфога чиқишни талаб қилди.
Клуб баёноти якунида ўз ҳуқуқлари ва обрўсини ҳимоя қилишда давом этиши, шу билан бирга, «Негрейра иши»нинг барча тафсилотларига ойдинлик киритилиши ва Испания футболида зарур ислоҳотлар ўтказилишини талаб қилиши билдирилди.













