Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Беҳруз Каримов тўп сураётган Швейцариянинг “Лугано” клуби УЕФА Конференциялар лигаси умумий босқичи 1-турида Сербиянинг “Црвена Звезда” жамоасини ўз майдонида қабул қилди.
Учрашув 3:2 ҳисобида мезбонларнинг ғалабаси билан якунланди.
Баҳснинг 25-дақиқасида Альбиан Айети “Лугано”ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бироқ 32-дақиқада Тими Эльшник мувозанатни тиклади.
Иккинчи бўлимда белградликлар устунликка эришди. 67-дақиқада Раде Крунич меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Шунга қарамай, “Лугано” мағлубиятдан қутулиб қолди. 84-дақиқада Дерек Монкада ҳисобни тенглаштирди.
90-дақиқада эса Анто Гргич пенальтини аниқ амалга ошириб, мезбонларга ғалаба келтирди. Шу тариқа, Беҳруз Каримов тўп сураётган жамоа мусобақадаги дастлабки уч очкосини қўлга киритди.
Каримов Швейцария клубининг асосий таркибида майдонга тушди ва 73-дақиқада алмаштирилди. Ушбу учрашув Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси учун еврокубоклардаги дебют баҳси бўлди.
УЕФА Конференциялар лигасининг кейинги турида “Лугано” 22 октябрь куни сафарда Испаниянинг “Хетафе” клубига қарши майдонга тушади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 21:45 да бошланади.













