"Барселона"нинг қишки трансферлар ойнасига оид режалари борасида янги маълумотлар пайдо бўлди. Клуб бош мураббийи Ханс-Дитер Флик ва спорт директори Деку жамоанинг қайси позициясини кучайтириш масаласида ҳозирча ягона тўхтамга кела олмаяпти.
Журналист Хуан Хесуснинг хабар беришича, германиялик мутахассис жамоанинг ўнг қанот ҳимоясидаги мавжуд вазиятдан қониқиш ҳосил қилмоқда. Флик ушбу позицияда Жюль Кунде ва Эрик Гарсиянинг имкониятларидан фойдаланмоқда.
Бироқ клуб спорт директори Деку бу позицияни янада кучайтириш зарур деб ҳисоблайди.
Айни пайтда португалиялик функционернинг трансфер рўйхатида "Тоттенхэм" ҳимоячиси Педро Порро ва "Ливерпуль" футболчиси Жереми Фримпонг бор.
Флик эса қишки трансферлар ойнасида жамоага янги марказий ҳимоячи олиб келишни афзал кўрмоқда. Унинг фикрича, айнан марказий ҳимоя чизиғини кучайтириш устувор вазифа бўлиши керак.
Қайд этилишича, томонлар ушбу масала юзасидан музокараларни давом эттирмоқда, аммо ҳозирча умумий келишувга эришилмаган.
Эслатиб ўтамиз, "Барселона" Испания Ла Лигасининг дастлабки саккизта турида юз фоизлик натижа қайд этиб, 24 очко билан мусобақа жадвалида пешқадамлик қилмоқда.













