Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Сергей Ковшов: «Андижон» ёшларини бошқариш мен учун қизиқ туюлди»

Баҳо:
+ | -

Мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш борасида кўзга кўринган мураббийлардан бири Сергей Ковшов жорий мавсумда “Андижон” ёшлар жамоасини бошқараётгани барчага яхши маълум. Ўз вақтида “Пахтакор” ўринбосарларини бир неча бор чемпион қилган Ковшов ўтган мавсумда “Нефтчи” ёшлари билан 2-ўринни эгаллаганди. Бу йил эса мураббий Андижонда фаолият олиб бормоқда. Чемпионатимизда биринчи давра баҳслари якунланди ва Ковшов билан “Андижон” ёшлар жамоасидаги фаолияти ҳақида суҳбатлашдик.

-Илгари “Пахтакор” ёшларини бошқариб бир неча бор чемпион қилгансиз. Ўтган йили “Нефтчи” ўринбосарлари билан яхши натижа қайд этдингиз. Бундай жамоаларда ишлаб ўртамиёна “Андижон” ёшларини бошқариш қийин бўлмаяптими?
-Йуқ, ундай бўлмаяпти. Аксинча, кучли жамоаларда ишлагандан кейин ўртамиёна клубни бошқариш қизиқарли бўлади. Тўғри, “Пахтакор” ўринбосарларини бошқариш осонроқ. Чунки у ерда академиядан иқтидорли болалар етишиб чиқади. “Нефтчи”нинг ҳам ёшлар жамоаси азалдан кучли. Қолаверса, ўтган йили Фарғонада яхши жамоа шакллантирдик. “Андижон”да ишлаш эса мен учун қизиқ туюлди. Албатта, ўринбосалар билан ишлашдан мақсад асосий таркибга футболчи етказиб бериш. Мен ҳам шу йўлда меҳнат қиляпман ва бу ўз мевасини кўрсата бошлади. Мисол учун, ёшлар жамоасида ўйнаётган Фарҳод Бекмуродов асосий таркибга кира бошлади ва Самарқандда илк бор майдонга тушди. Тез орада у асосий таркиб ўйинчисига айланишига ишонаман. Тез орада Парпиев, Ўктамов каби ёшлар ҳам шундай бўлиши мумкин. Маҳаллий ёшларни асосий таркибга кириши, тўғри йўлда ишлаётганимиздан далолатдир. Қолаверса, “Пахтакор”дек жамоа билан тенгма тенг ўйнаганимиз ҳам болаларда ўзига бўлган ишонч ортгани кўриниб турибди. Ўйлайманки, иккинчи даврада янада кўпроқ очко оламиз. Ёдимда, бундан уч йил аввал “Андижон” ўринбосарлари ҳам ғолиблик учун курашганди.

- Сиз бошчилик қилаётган ёшлар жамоасининг негазини маҳаллий ўйинчилар ташкил этади. Андижонда илк бор ишлаяпсиз ва бу ердаги ёшларнинг келажаги тўғрисида фикрингиз қандай?
- Андижондан ҳамиша яхши савиядаги футболчилар етишиб чиққан. Бу ерда футболни севишади ва иқтидорлар жуда кўп. Фақат бу ерда болаларни тарбиялаётган спорт коллежлари, академия ва футбол мактаблари билан яхши иш олиб бориш керак. Шунингдек, мусобақалар ташкил этиб чекка жойлардаги болаларни кўриш лозим. Ўйлайманки, Андижонда иқтидорли болалар кўп ва уларни жамоа учун муносиб тайёргарлашга ҳаракат қиламиз.

- Жамоангизни биринчи даврадаги иштироки бўйича умумий хулосаларингиз қандай?
-Биринчи даврада 13 очко жамғара олдик. Шунга қарамай, шогирдларимнинг иштирокидан кўнглим тўмади дея олмайман. Болалар биринчи давра охирларида ўсишга ҳаракат қилишди. Очко қўлга киритишимиз керак бўлган айрим учрашувларда уни бой бердик. Агар иккинчи даврада йўқотилган очколарни тиклай олсак, бемалол ўрта поғоналардан жой олсак бўлади. Жамоамизнинг ҳозирги ҳолатидан келиб чиқиб, биринчи даврани ўртача ўтди деса бўлади. Юқорида айтиб ўтдим, ҳали қилинадиган ишлар кўп. Шундай бўлса-да, ишлашда давом этган ҳолда камчиликларни бартараф этиб борамиз. 1996, 1997, 1998 ва 1999 йилларда туғилган иқтидорли болаларга эътибор қаратиб ўйнатадиган бўлсак, икки-уч йилда улар асосий таркибда ўйнайдиган футболчилар бўлиб етишишади. Агар шуларни қилсак, тўғри йўлдан кетаётган бўламиз. Шунда “Андижон” пул сарфлаб четдан ўйинчи олиб келмай, эътиборни ўз тарбияланувчиларига қаратади. Масалан, Расул Раҳмонов, Лочин Солиев, Иброҳим Отахонов жамоанинг ўз тарбияланувчилари ҳисобланишади.

-Ёзги танаффус ҳам бошланди. “Андижон” ёшларининг давралар оралиғидаги тайёргарлик режаси қандай?
- “Пахтакор” ўринбосарлари билан бўлган ўйиндан кейин футболчиларга 10 кунлик дам бердик. 10 июль куни йиғилиб иккинчи даврага шу ерда тайёргарлик кўрамиз. Иккинчи даврага муносиб ҳозирлик кўриш учун 20 кун етади деб ўйлайман. Тайёргарлик давомида агар имконини қилсак мусобақа ташкил этиб, вилоятдаги иқтидорли болаларни кўрамиз. Бизга маъқул келганларини ўринбосарлар сафига таклиф этамиз. Жамоамиз эшиги ҳамма учун очиқ. Керак бўлса ҳар бир чизиқда ёшларни синаб кўрамиз. Олий лигада кучли клубларда ўйнашни мақсад қилган футболчи дастлаб ёшлар жамоасида ўзини кўрсатиб ўсишга эриши керак. Андижонлик ёшларда бундай имконият бор. Ўзини кўрсатишни истаган ёшларни ёзги танаффусда жамоага жалб этамиз ва маъқул келган болаларни олиб қоламиз.

Манба: www.andijon-pfc.uz
Киритилди: 10:20, 11.07.2015.
Ўқилди: 2983 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.