Қитъамизда ЖЧ-2018 ва Осиё кубоги-2019 қўшма саралаш босқичи ўйинлари бошланиб кетган. Айни паллада 40та жамоа 8та гуруҳга бўлинган ҳолда саралашнинг 2-босқичида иштирок этишмоқда. Гуруҳ ғолиблари ва 2-ўринни эгаллаганлар орасида энг яхши кўрсаткичга эга бўлган 4та терма жамоа ЖЧ-2018 саралашининг кейинги босқичига ўтиш билан биргаликда Осиё кубоги-2019 (мезбон — БАА) йўлланмасига эга бўлади.
Шу ўринда битта жиҳатга ойдинлик киритиб ўтиш лозим. Саралашнинг "F" гуруҳида иштирок этиши керак бўлган Индонезия ФИФА томонидан дисквалификация қилинган. Шу боис бу гуруҳда 4та жамоа қолган. Савол: бундай нотенглик пайтида гуруҳларда 2-ўринни эгаллаган жамоаларнинг рейтинги қай тартибда тузиб чиқалиди?
Бунда қолган гуруҳларда 2-ўринни эгаллаган термаларнинг ўз гуруҳларида 5-ўринни банд этган жамоа билан ўзаро ўйинлари чиқариб ташланади. Шундан сўнг 2-ўриндаги жамоаларнинг рейтинги тузилади ва энг яхши кўрсаткичга эга бўлган 4та жамоа ЖЧ-2018 йўлланмаси учун курашни давом эттиради. Мисол учун, Ўзбекистон иштирок этаётган "H" гуруҳида Яман сўнгги ўринни эгалласа, гуруҳда 2-ўринни эгаллаган жамоанинг яманликлар билан 2та ўйиндаги натижалари ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайди.
Аввало, Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штаби гуруҳда 1-ўринни эгаллаш учун ҳаракат қилишига шубҳа йўқ. КХДРга ютқазиб қўйганимиздан кейин ҳар эҳтимолга қарши 2-ўрин билан ҳам кейинги босқичга чиқиш вариантини ҳам кўздан қочирмаслик керак. Бунинг учун эса регламентинг ушбу бандини билиш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Якуний босқичда 12та жамоа 6тадан иккита гуруҳга ажратилади. Ўйинлар "уй-сафар" тизимида ўтказилади. Гуруҳларда 1 ва 2-ўринни эгаллаган жамоалар Россияда ўтадиган Мундиал йўлланмасини қўлга киритади. Учинчи ўринни эгаллаган жамоалар ўзаро плей-оффда иштирок этиб, қитъалараро плей-оффда қатнашадиган жамоани аниқлаб олишади.