Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Буюк КарКас можароси…

Баҳо:
+ | -

"Сизга ачинаман, жаноб Каспаров. Ҳаётингиздаги энг ажойиб кун ортда қолди…"

Каркас сўзи ҳар хил маънога эга. Руслар футболдаги дарвоза тўсинлари ва устунлари кесишган жойни каркас дейишса, бошқа миллатларда ҳам бу сўзнинг ўзига хос маънолари бор. Спортда эса каркас бутун бошли термин сифатида ўтган асрнинг саксонинчи йилларида кириб келган. 1986 йилда шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун икки Собиқ Иттифоқ вакиллари баҳс олиб боришлари керак эди: амалдаги жаҳон чемпиони Анатолий Карпов ва Гарри Каспаров. Қисқа қилиб айтганда КарКас…

Бу финални барча шахмат мухлислари ўзгача ҳаяжон билан эслашади. Ўша вақтда Карпов СССРнинг биринчи рақамли шахматчиси бўлиб, дунёда ҳам унга тенг келадигани йўқ эди. Каспаров эса ҳеч қандай қоидалар-у чеклашларни тан олмайдиган 22 ёшли йигитча. У журналистлар билан худди киноюлдузлар каби суҳбатлашар, ўзини ҳақиқий қаҳрамонлар каби тутарди. Финал ташкилотчиларининг кўпчилиги Карповнинг ғалабасини хоҳлашарди. Шу ўринда руслар ҳам.

Каспаровнинг норозиликлари сабаб уни дисквалификация қилишга қарор қилинди, бироқ ишга СССР раҳбарияти ва шахсан Горбачёв аралашгандан кейин финал ўтказилиши аниқ бўлади. Финалда Каспаров ғалаба қозонди ва шахмат тарихидаги энг ёш чемпионга айланди. Бу ҳақда Каспаров шундай эслайди: “Менга ҳар томондан халақит бермоқчи бўлишди, лекин мен финалга Карповдан яхшироқ тайёрлангандим. Руҳий ва жисмоний томондан яққол устун мен томонда бўлди. Миямда жуда кўп комбинациялар захираси бўлгани учун Карповни шошириб қўйдим. Бунинг устига ўша вақтда кайфиятим ҳам жуда яхши эди ва чампион бўлишимда бу жуда катта аҳамият касб этди. Ғолиблик унвонини топширишгандан кейин бир киши олдимга келиб “Сизга ачинаман, жаноб Каспаров. Бугун ҳаётингиздаги энг яхши кун ортда қолди”, деди. Ростдан ҳам бу ҳаётимдаги энг яхши кун эди”.

Лекин барчаси шу билан тугамади. Тўғрироғи, ҳаммаси энди бошланаётган эди… Финал баҳси тугаши билан ташкилотчилар уч ойдан кейин реванш ўйини бўлишини эълон қилишди. Бундан Каспаров ҳайратда қолди: “Ўйин тугаши билан уч ойдан кейин реванш баҳси бўлишини маълум қилишди. Мен ҳайрон қолдим, чунки реваншгача етиб келиш учун ҳам бир нечта ўйинларда ғалаба қозониш керак-да! Бир сўз билан айтганда Карпов мен билан реванш ўтказиш ҳуқуқига эга эмасди”.

Реванш ўйини 24 партиядан иборат бўлиши ва дастлабки 12 партия Лондонда, қолган 12 партия Петербургда ўтказилиши эълон қилинди. Лондонда бўлиб ўтган ўйинларда Каспаров 2:1 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Питерда эса ҳаммаси бутунлай ўзгариб кетди. Карпов дастлабки учта ўйинда ғалаба қозониб бутун дунёдаги шахмат ихлосмандларини шок ҳолатига тушириб қўйди. Каспаров бу ерда нимадир борлиги ҳақида ўйлай бошлади: “Карпов худди мен билан бир хил ўйлаётгандай ёки бўлмаса менинг қандай юришимни олдиндан билаётгандай эди. Бундай бўлишини тасаввур қилишнинг ўзи қийин”. Каспаровнинг жамоасида сотқин бор деган фикрга келинди. Жамоада ўша вақтда КГБ ходими бўлган одам ҳам бор эди ва хоинни аниқлаш унга буюрилди. Лекин энди бундан наф бўлмагани учун Каспаров тезда ўйин услубини ўзгартириш керак эканини англади. Жуда кам вақт қолган бўлишига қарамай Гарри бутунлай янги ўйин услуби билан орадаги фарқни тиклади. Унинг ўзи ўйиндаги 18-партия ҳал қилувчи бўлганини таъкидлайди: “18-партияда битта юриш билан Карповни бутунлай йўналишдан чиқариб юбориб, ғалаба қозонишимни англадим”.

Бу ғалабадан кейин шахматда ростакамига Каспаров эпохаси бошланди. Шахмат тарихида қанчадан-қанча буюк спортчилар ўтишган. Каспаров эса бу ажойиб спортнинг энг ёрқин юлдузларидан бирига айланди. У ўзининг жуда оғир, ҳеч қандай чеклов ва қоидаларни тан олмайдиган характерига қарамай ақл-заковати билан тенгсиз шахматчи бўлиб тарихда қолди.

КарКас можароси шахматчилар спортдан кетишгач ҳам давом этди. Энг қизиғи, Владимир Путин президентлиги вақтида Анатолий Карпов Россия давлат ДУМАсига депутат бўлиб сайланди. Каспаров эса бу тузумни ҳеч қабул қила олмай кескин норозилигини билдириб келади. Карпов рақибининг бундай ишларини ўз вақтида жазолашни “хуш кўради”. Ҳаттоки бир сафар Каспаров беш кун қамоқхонада ўтириб чиқади. Нима бўлгандан ҳам Каспаров ҳамда Карповнинг узоқ йиллик рақобатларидан спорт фақат ва фақат ютди. Бу рақобат шахматнинг яна ҳам оммалашишига сабаб бўлди…

Каспаров. Уни Сетан Томпсоннинг ёввойи йўрғасига ўхшатиш мумкин. Ундаги энергия ҳеч қачон тугамайдиганда ўхшайди. Интеллектуал телешоулардан бирида қатнашчиларга Каспаров ҳақида савол берилди: “Гарри Каспаров илк марта катта мусобақада қатнашаётганда барча ўйинларни тик турган ҳолатда ўтказган. Айтингчи, нима сабаб Гарри туриб шахмат ўйнаган?”. Билимдонлар турли хил жавобларни беришди: кимдир асабийлашганидан деди, яна кимдир рақибини асабийлаштириш учун деди, лекин ҳеч ким тўғри жавобни топа олмади. Жавоб эса қисқа ва кутилмаган бўлди: “Каспаров фаолиятини 7 ёшида бошлаган. Доскага бўйи етмагани учун у тик туриб ўйнаган…”.

Мана шу жавобнинг ўзи Каспаровнинг шахмат тахтига қандай кўтарилганини кўрсатиб турибди. Зеро, буюклар ҳеч кимга ўхшашмайди…

Ўткир Жалолхонов

Манба: stadion.uz
Киритилди: 08:00, 19.08.2015.
Ўқилди: 9183 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.