Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Давид Луис: «Менинг ҳаётдаги асосий қаҳрамоним — отам!»

Баҳо:
+ | -

Ўзига хос жингалак соч турмаги, кескин ҳаракатлар, ҳимоядаги ишончли ўйин ва Чемпионлар Лигасида жамоасини кейинги босқичга олиб чиққан гол муаллифи. Гап ким ҳақида кетаётганини сезгандирсиз. Бу «ПСЖ» клуби ва Бразилия терма жамоасининг асосий футболчиларидан бири Давид Луиздир. Мазкур футболчининг ҳаёти ҳам айримларники каби жуда машаққатли кечган. Ҳатто бир пайтлар футболчи бўлишдан умидини узишига ҳам бир баҳя қолган экан. Хуллас, бугунги саҳифамизда Давид Луизнинг ҳаётига оид қизиқарли маълумотларни келтириб ўтамиз.

ЁШЛИКНИНГ ЗАЛВОРЛИ ОНЛАРИ
Давиднинг ота-онаси педагог бўлишган. Шу боис кўп вақтини мактабда ўтказишган. Давид эса таътилга боришни истар, аммо бунинг имкони йўқ эди. Чунки ота-онаси уйда бўлмаган пайтларда у сингилларига жавобгар бўларди. Сингиллари физиотерапевт бўлишни истар, бу борадаги билимларини ошириш эса Давиднинг зиммасига юклатилганди. Давид эса кунини футбол ўйнаш билан ўтказарди. Шундай бўлса-да, оиласига бўлган масъулиятини сира унутмасди.

ОТАСИНИНГ ОРЗУСИНИ БАЖАРГАН ЎҒИЛ
Давиднинг отаси ўз орзулари рўёбини Давидда кўришни истарди. Ладислау Мориньо ўз вақтида «Белу-Оризонте» жамоасида ўйнаган ва Бразилия терма жамоаси сафида тўп суришни орзу қиларди. Давид эса отасидан ибрат олишга ҳаракат қилди. У отасининг орзуларини амалга оширди, у бугунги кунда Бразилия терма жамоасининг асосий ўйинчиларидан бири ҳисобланади.

У отаси ҳақида шундай дейди: «Отам ҳар доим менинг кумирим бўлган. У жуда кўп пул топмаса-да, барибир, футбол ўйнайверарди. У бир пайтлар юқори дивизионда — «Aтлетико Минейро» сафида ҳам тўп сурган. Отам — ҳаётимдаги энг асосий қаҳрамон. У 20 йиллик орзусини амалга оширди, яъни оиласининг ҳаётини яхшилай олди. Отам мен учун дунёдаги энг зўр футболчи. Мен футбол ўйнай бошлаганимда у орзуларини менга бағишлади, мен эса бу орзуларни амалга оширишга мажбур эдим ва мажбуриятимни уддалай олдим».

НООДАТИЙ ТУРМАК
Португалиянинг «Бенфика» жамоасида ўйнаб юрганида Давиднинг карьераси энг юқори чўққисига чиқа бошлайди. Шунингдек, айнан Португалияда ўйнаб юрган кезларида соч турмагини бугунги кўринишга келтиради. Бунга қайсидир маънода совуқ ҳарорат ҳам сабаб бўлганди. Чунки 2007 йил қишида Лиссабонга учиб келган Давид бу ернинг совуқ ҳавосига чидай олмади ва бошини совуқдан асрашнинг антиқа йўлини топди.

Айни кунда биз Давид Луисни жингалак сочларсиз тасаввур қила олмаймиз. Луис соч турмагини шундай изоҳлайди: "Мен сочимни ўстира бошлаганимда атроф қаҳратон совуқ эди. Сочимни ўстириб, янги турмакка эга бўлганимдан кейин кўпчилик кўринишим мукаммаллигини йўқотганини айта бошлади. Яқинларим сочимни олдиришимни исташади, аммо мен ҳали бу ҳақда ўйлаб кўрмадим".

ЭНГ ҚИММАТ ҲИМОЯЧИ
Давид Луиc — айни кунда дунёнинг энг қиммат ҳимоячиси ҳисобланади. Франциянинг «ПСЖ» клуби у учун Лондоннинг «Челси»сига нақ 49, 5 млн евро тўлаган. У айни дамда француз клуби ва Бразилия терма жамоасининг асосий ҳимоячиларидан бири ҳисобланади.

САБР-ТОҚАТДА ТЕНГСИЗ
Бразилиялик ҳимоячи атрофдагиларнинг диққат марказида бўлишни истайди, суратга тушишни ёқтиради. Оммавий ахборот воситалари ходимлари ва мухлислардан ҳеч қачон ўзини олиб қочмайди. Шунингдек, ўз мухлисларига расмларини тарқатиш ва дастхат беришдан сира чарчамайди. Қолаверса, кимнидир соатлаб кутишга тайёр. Камдан-кам ҳолларда асабийлашади.

БОЛАЛАРГА МУҲАББАТ
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Луис болаларни жуда ҳам яхши кўрадиган футболчилар сирасига киради. Болалар Давиднинг жону дили. У ҳеч қачон болалар билан суҳбатлашишдан қочмайди, ҳатто жажжи мухлислари билан ҳам узоқ вақт гаплашишдан эринмайди. Бу унинг расмларида ҳам ўз исботини топади.

Давид Луис жиянларини жуда яхши кўради ва ҳар доим улар билан футбол ўйнайди, бундан завқ олади. Луис болалар ҳақида шундай дейди: «Болалар жуда беғубор ва орзулари осмон бўлади. Энг муҳими, улар тўғрисўз. Ҳатто бир марта болакайлардан бири «Сурат учун раҳмат, аммо сен менга ёқмайсан, мен бошқа футболчининг мухлисиман», ҳам деган. Бу шунчаки ажойиб, ўзига хос. Ана шундай ҳақгўй болаларни кўрганимда қувониб кетаман».

САЛОМАТЛИК ВА ТИНЧЛИК ЭЛЧИСИ
Ўтган йили футбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказилишидан олдин тинчлик ва саломатликка бағишланган кампания ўтказилганди. Давид Луис ана шу кампанияда фаол иштирок этди. У иммун танқислиги синдроми, юқумли касалликлар ва урушларга қарши олиб борилган фаолиятда муҳим аҳамият касб этди.

СПИРТЛИ ИЧИМЛИКЛАР ДУШМАНИ
Бундан бирмунча вақт олдин Луисга яхшигина пул эвазига реклама ролигида суратга тушишни таклиф қилишди. Аммо футболчи бу таклифни рад этди. Чунки реклама спиртли ичимликка оид эди. Давид спиртли ичимларни ҳеч қачон тарғиб қилмаслигини таъкидлади. У бу иши билан ёш спортчиларга чинакам ибрат намунаси бўла олади.

УЙДАН УЗОҚДА, ФУТБОЛГА ЯҚИН
Давидни 14 ёшлигида «Сан-Паулу» ёшлар жамоасига олишмаган. Бунинг сабаби эса унинг бўйи жуда паст эди. Ўша кунларни Луиснинг оиласи табассум билан қарши олади. Аммо ўша вақтда футболчининг карьераси хавф остида эди. У отасининг орзусини амалга ошириш учун мақсадидан воз кечмади. Ота-онасидан уйидан 36 соатлик йўл бўлган Салвадор шаҳрига кетишга рухсат сўради. Айнан шу шаҳарда у катта футболдаги биринчи қадамларини қўйди.

«БОЛАКАЙЛАРГА ЎРНАК БЎЛАЙЛИК»
Давид Луис ҳаётидаги қизиқарли воқеаларни эслашни хуш кўради. «Футболчи сифатида энг кулгили воқеа қуйидагича бўлган. Лиссабондаги кийим дўконларидан бирида юрганимда бир аёл мени тўхтатиб, «Раҳмат сизга», деди. Мен ажабланганча «Нима учун?» деб сўрадим. Шунда у «Бир ҳафта олдин берган интервьюнгизда меҳр-муҳаббат, оиладаги ўзаро муносабатлар ҳақида гапирдингиз. Фарзанд ота-онасини яхши кўриши кераклигини таъкидладингиз. Сиз ажойиб инсонсиз, ўғлим сизнинг ашаддий мухлисингиз. У интервьюнгизни эшитганидан кейин биринчи марта мени яхши кўришини айтди», деди. Шунда тушундимки, биз кимларнингдир ҳаётини ўзгартириб юборишимиз ҳам мумкин экан. Чунки мухлисларимиз, айниқса, болакайлар биздан ўрнак олишади. Демак, биз нафақат майдонда, балки, майдондан ташқарида ҳам ибрат олса арзигулик инсон бўлишимиз керак.

Интернет материаллари асосида НИЗОМ тайёрлади.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 13:26, 29.08.2015.
Ўқилди: 4222 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.