Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Бизда ҳамма нарса бўлиши мумкин?!

Баҳо:
+ | -

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси халқаро турнирда иштирок этиш учун Словакияга жўнаб кетди. Аҳамиятлиси, Европа мамлакатида ўтказилаётган мусобақада мезбонлардан ташқари, фақат осиёликлар иштирок этар экан. Январь ойида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига ҳали қуръа ташлангани йўқ. Катта эҳтимол билан Словакияда бизга рақиблик қиладиган Саудия Арабистони, БАА ва Иордания термаларининг бири қитъа биринчилигида ҳам рақибимиз бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, турнирнинг фойдали жиҳатлари кўп. Лекин биз бугун бошқа масала ҳақида сўз юритмоқчимиз. 

Бош мураббийи бўлиб ҳам унга ёлчимаётган бечора терма жамоа!
Келинг, тушунмовчилик бўлмаслиги учун ҳаммасини бир бошидан бошласак. ЎФФ миллий ва олимпия терма жамоамиз бош мураббийларини кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида ўтказган матбуот анжуманида Бабаян бош, Жалилов олимпиячиларимиз устози сифатида таништирилганди. Самвел Вячеславовичга Равшан Ҳайдаров ва Деян Журжевич, Виктор Романовичга эса, Дилшод Нуралиев ёрдам бериши ҳақида маълумот берилганди. Ўша йиғилишда аниқ бир айтилган гап шуки, Журжевич нафақат миллий, балки бошқа термаларга ҳам масъул инсон этиб тайинланганлиги айтиб ўтилганди. Ўтган ҳафта олимпиячиларимиз Словакияга жўнаб кетгани ҳақида юқорида айтиб ўтдик. Маълум бўлишича, термамизни Европага катта мураббий Дилшод Нуралиев олиб кетган. Сабаб сифатида Жалиловни миллий терма жамоа мураббийлари билан ишлаётгани келтирилган. Биз терма жамоаларимизни бир штаб қўл остида, бир услубда шаклланишига қарши эмасмиз, лекин барча терманинг олдига жиддий вазифа қўйилган. Тўғри, тушунамиз, 3 ва 8 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган Яман ҳамда Филиппинга қарши ўйин Самвел Бабаян учун жиддий синов бўлади. Бундай муҳим беллашувда Виктор Романовичдек тажрибали мутахассисни миллий терма жамоада бўлиши яхши, бироқ олимпиячиларимизчи? Уларни ким ўйлайди? Демак, бизда ҳамма нарса бўлиши мумкин эканда?! Терма жамоа битта йиғинга, яна ҳам аниқроғи, янги бош мураббий билан бўладиган илк йиғинга бош мураббийсиз кетса! Бу нима дегани! 

Миллий термамиз чиптага эга чиқиш учун узоқ йўлни босиш керак. Қолаверса, шахсан мен Яман, Филиппин тўсиғидан ўтишимизга ишоняпман, керак бўлса, Виктор Жалиловсиз ҳам. Виктор Романович ҳозир кўпроқ олимпия терма жамоасига керак. Бир йилда уч мураббий, турли таркибларни кўраётган олимпиячиларимизга янги мураббийларнинг иш услубига мослашишларига ҳам вақт керак. Термамиз Шуҳрат Мақсудов бошчилигида Осиё чемпионатида ҳеч нарса қила олмаганини кўрдик, унинг ортидан саралаш баҳсларида Бахтиёр Ашурматов ҳам бирор нарсани қойиллатгани йўқ. Омад туфайлигина қитъа биринчилигига чиқдик. Энди Осиё чемпионатига жиддий тайёргарлик кўрмасак бўлмайди. Акс ҳолда январда қийналиб қоламиз. Ҳар ҳолда миллий термамизни “ушлаб” турган легионерлар эканлигини бугунги кунда ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Олимпия термасида легионерлар йўқ, улар олий ва биринчи лигада тўп тепишяпти. Чемпионатиимизнинг аҳволини барча билади. Энг асосийси, Словакиядаги турнир олимпиячиларимизнинг том маънодаги биринчи жиддий йиғини эди. Шунинг учун ҳам Виктор Жалилов бош мураббий сифатида Европага йўл олса мақсадга мувофиқ бўларди. Истайсизми-йўқми, ёрдамчи мураббий бош мураббийнинг ўрнини боса олмайди. Барибир уларнинг дунёқараши турлича бўлиши аниқ.

Ўша таништирув анжуманида бундан кейин миллий билан олимпия терма жамоаси бир вақтда йиғин ташкил қилиши айтилганди. Биринчи йиғин ҳам, иккинчиси ҳам бир вақтда ўтказилди. Миллий терма жамоамиз йил охирига қадар жаҳон чемпионати саралаш босқичида бир қатор ўйинларни ўтказади. Табиийки, ҳар бир ўйин олдидан йиғин ташкил қилинади. Ўз-ўзидан ўша вақтда олимпиячиларимиз ҳам йиғин ўтказади. Сабаби, январга тобора оз вақт қолмоқда. Керак бўлса, Виктор Жалилов ўз шогирдлари билан миллий терма жамоадан-да, кўпроқ йиғин ўтказиб, уларни бир ўйин услубига мослаштириши шарт. Агар Виктор Романович бир вақтда ўтказиладиган йиғинларда ҳар доим миллий терма жамоа билан бўладиган бўлса, унда олимпиячиларимиз нима қилади? Йўқ, агар Терма жамоалар маркази фақат шу икки ўйин учун Жалиловни олиб қолди, дейдиган бўлсак, унда Бабаян ҳозирданоқ Виктор Романовичсиз ишлашга кўниккани маъқул эди. Мабодо Яман ва Филиппинга қарши баҳсларда омадсизликка учрасак, табиийки, келаси ўйинларда ҳам Самвел Вячеславович Виктор Романовичнинг ёрдамига эҳтиёж сезади. Балки мураббийларнинг режаси бошқа бўлса керак? Аниқроғи, миллий терма жамоамиз Яман, Филиппин тўсиғидан ўтса, бор эътибор Олимпия термасига қаратилади. Яъни, Самвел Бабаян ўзи бош бўлган ҳолда олимпия термасини ҳам назорат қилади. Шу тариқа ҳар иккала қуён ҳам “отилади”. Лекин бу таваккалга ўхшайди. Агар таваккал иш бермаса, охири нима бўлиши барчамизга маълум. 

Бизни ҳайрон қолдирган яна бир жиҳат шуки, Виктор Жалилов олимпия термаси устози сифатида фаолияти кўрсатиш билан бир вақтда “Пахтакор”да ҳам ишлаб келмоқда. Самвел Бабаян “шерлар” билан хайрлашди, аммо Виктор Романовиччи? Бу қоида унга тегишлимасми? Жалиловни олдида ҳам Бабаянникидан кам бўлмаган масъулиятни вазифа турибдику!? У ҳам кўпроқ олимпиячиларимиз ҳақида бош қотирса бўлмайдими? Ваҳоланки, олимпиячиаримизнинг аввалги устози Бахтиёр Ашурматовга ҳам бир неча марта шу талаб қўйилганди: ё терма жамоа ёки “Навбаҳор”. Якунда ЎФФ уни истеъфога чиқариб қўя қолди. Жалиловни “Пахтакор”дан кетишига асосий сабаб, жамоага Бабаяндан кейин унинг ўрнини тўлиқ босадиган мураббий келмаганидир. Агар жамоада Самвел Вячеславовичнинг ўзини хотиржам қила оладиган мураббий ишлаганида ҳам Романовични клубда қолиши мантиқсизлик эди. Балки бу Жалиловни “Пахтакор”да мураббий сифатида ишламаётгани билан изоҳланар, аммо бу сабаб бўла олмайди. Хуллас, январь ойига қадар 4 ойгина вақт қолди. Виктор Жалилов шу қисқа давр ичида эътиборини олимпия термасига қаратса ва шогирдлари билан Рио йўлланмасини қўлга киритса, албатта хурсанд бўлар эдик.

Фурқатбек НИШОНОВ

Манба: www.arena.uz
Киритилди: 04:57, 02.09.2015.
Ўқилди: 6580 марта.
Фикрлар: 15 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.