Футболнинг тобора ривожланиб бораётгани нафақат ўйинлар, балки унинг атрофидаги ташкилотчилик ишларига ҳам боғлиқ, албатта. Авваллари миллионлар ўйинига шунчаки, спортнинг бир тури сифатида қаралган бўлса, эндиликда у алоҳида йўналиш сифатида тан олинмоқда. Ташкилотчилик кучайди, инфратузилма ўсди. 100 йил муқаддам футбол ўйнаш учун 4та ёғоч устундан ясалган 2та дарвоза ҳамда унинг устига ўралган балиқчилар тўри кифоя қиларди. Энди эса миллионлар ўйини учун қадимги ҳукмдорлар саройини ёдга солувчи кўркам иншоотлар қурилмоқда. Жумладан, Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионини ҳам шундай иншоотлар сирасига киритиш мумкин.
Шунингдек, ташкилотчилик борасида ҳам эътирофга лойиқ ислоҳотлар амалга оширилди. Илгарилари 2та жамоа ўзаро келишиб, ўйнайверарди. Энди эса ҳар бир баҳс атрофида ўнлаб ва балки юзлаб тегишли масъуллар меҳнат қилишади. Учрашув кўнгилдагидек ўтиши учун стадионни ҳозирлаш, хавфсизлик масаласи, мухлисларга қулайлик, жамоаларга эса шароит яратиш, либослар... Шу жиҳатлардан бирортаси маромига етказилмаса, ўйиндан қоладиган таассурот шунга яраша, ҳаминқадар бўлиши турган гап. Қисқасини айтганда, футбол бошқаруви ва инфратузилма мукаммаллашиб, тобора мураккаблик касб этаётгани айни ҳақиқат.
Дейлик, сўнгги йилларда «учрашув комиссари» вазифаси жорий этилди. Бугун сиз билан айнан шу ҳақда суҳбатлашишга қарор қилдик.
УЧРАШУВ КОМИССАРИ
Бу вазифага тайинланган мутахассислар ўйин ташкилотчилиги билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилишади. ФИФА бу тажрибани анча вақтдан буён қўллаб келади. Масалан, ўз вақтида афсонавий Лев Яшин ҳам ўйинларга комиссарлик қилган экан. Демак, бу вазифанинг даврийлиги анча олдинга бориб тақалади. Аммо ушбу янгиликнинг Осиё, хусусан, ўзбек футболига кириб келганига кўп фурсат бўлгани йўқ. Масалан, ПФЛ баҳсларида фақат ўтган йилдан бошлаб комиссарлар фаолияти йўлга қўйилди.
Аслида комиссарнинг нима иш қилишини кўп ҳам тушунтириш шарт эмас. Бир сўз билан айтганда, у - алоҳида олинган бир учрашувнинг раҳбари. Стадион дейсизми, футболчилар, мураббийлар ва ҳакамлар учун яратилган шароитми - барча-барчаси унинг назорати остида бўлиши лозим. Комиссар учрашув ўтказиладиган шаҳарга камида бир кун олдин бориши, энг аввало, стадионни кўздан кечириши, сўнгра меҳмон жамоа учун яратилган шароитлар билан танишиши, меҳмонхона ва тамаддихоналарни кўздан кечириши шарт. Шунингдек, ўйиндан бир кун олдин ҳар икки жамоа вакиллари иштирокида ташкиллаштириладиган йиғилиш билан боғлиқ масъулият ҳам комиссарнинг зиммасида. У регламентга қатъий амал қилинишини ўз назорати остида ушлаб туради.
Масалан, ПФЛ қоидаларига кўра, мезбон жамоа меҳмонларни маълум шароитлар билан таъминлаши керак. Агарда бунга амал қилинмаса, меҳмонлар бемалол учрашув комиссарига шикоят билдиришлари мумкин. Бу талаблар регламентда кўрсатилганидан ошиб кетмаслиги керак, албатта. Комиссар шу тариқа мезбон жамоанинг қоидага амал қилишини таъминлайди. Бу эса ўз навбатида, футбол учрашувларининг янада сифатли ўтишига замин яратади. Бир сўз билан айтганда, комиссар - ўйиннинг хўжайини. У фақат учрашувнинг ўзига аралашмайди, холос. Бевосита баҳс бошлангач, раҳбарлик 90 дақиқа давомида ҳакамнинг қўлига ўтади. Ташкилотчилик билан боғлиқ барча масалалар эса фақат комиссар орқали ҳал қилиниши лозим.
ОФКда ҚАНДАЙ?
Комиссарлик ишининг Осиё футболидаги кўлами сўнгги йилларда тобора кенгаймоқда. Ҳозирги кунда ОФК бу ишнинг анча ҳадисини олган. Конфедерация доирасидаги бирорта ўйин комиссарлар бошқарувисиз ўтмаяпти. Бу ҳолат ўз навбатида, ўйин сифатига ҳам ижобий таъсир қилмоқда.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Осиё футболи жиддий ўсишга эришди. Масалан, БАА, Саудия Арабистони, Қатар, Япония, Жанубий Корея ва Хитойдаги ўйинларни томоша қилсангиз, ташкилотчилик аъло даражада эканини кўрасиз. Бу ишларда комиссарлик ишининг ҳам аҳамияти беқиёс, албатта. Шахсан ўзим хориждаги сафарлар чоғи нафақат жамоалар ва ҳакамлар, балки матбуот учун яратилган шароитларни кўриб, ҳавас қилгандим. Трибуналарда журналистлар учун барча қулайликлар муҳайё. Асосийси, ташкилотчилар шу билан чекланмайдилар. Матбуотчилар бирор нарсага эҳтиёж сезишса, стадионнинг деярли ҳар бир нуқтасида уларга ёрдам беришга шай турган ходимларга кўзингиз тушади. Бу ҳам регламентга киритилган муҳим жиҳатлардан бири бўлиб, комиссарлар амалда қандай бўлаётганини кузатиб борадилар.
ОФК - аста-секинлик билан бўлсада, ривожланишга интилаётган ташкилот. Табиийки, комиссарлик иши ҳам бутун қитъа миқёсида ёйилишига эътибор қаратилмоқда. Айнан Осиё футбол конфедерациясининг талабига кўра, ўзимизнинг ПФЛда ҳам ўтган йилдан эътиборан комиссарлик иши йўлга қўйилди. Аммо бу иш қай даражада самарали кечмоқда? Келинг, шунга ҳам бир назар ташлайлик.
ПФЛда
Албатта, бу борадаги ишларнинг дарҳол самара беришини кутиш нотўғри. Шунга қарамай, янгиликнинг илк учқунлари кўзга ташланаётганини инкор этолмаймиз. Айниқса, етарли тажрибага эга ходимлар бошқарган учрашувларда жамоалар учун қатор қулайликлар яратилди. Осиё даражасидаги ўйинларда ишлаш учун ўзбекистонлик комиссарларнинг жалб этилаётганлари ўзимизда ҳам ишнинг кўзини биладиган мутахассислар кўплигидан далолат. Масалан, ЎФФ ходимлари - Алим Арифов ва Санжар Ризаев ОФК ташкил этган учрашувларда ишлайдилар. Бу ПФЛнинг битта ютуғи, албатта.
Аммо шу билан бирга айрим камчиликлар ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Албатта, гуруч курмаксиз бўлмайди. Баъзи ўйинлар ташкилотчилигидаги камчиликлар дилни хира қилиши турган гап. Демак, ҳали бажарилиши лозим ишлар етарли. Шу ўринда ПФЛга оид баъзи жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтсак. Хўш, комиссарлик иши ОФК талабига кўра жорий этилган экан, нима учун бу тажриба ўзбек футболида етарлича самара бермаяпти? Ҳозир шу ҳақда бироз мулоҳаза юритсак. Зеро, айтадиган гаплар бисёр...
ФАРҚ
ОФК комиссарлик ишини йўлга қўяр экан, ушбу масалага бошиданоқ профессионал ёндашишга ҳаракат қилди. Натижада комиссарлар фаолияти билан боғлиқ бутун бошли тизим яратилди ва у борган сари мукаммаллаштириб борилмоқда. Ҳозир шу ҳақда оз бўлсада, тушунча беришга ҳаракат қиламиз.
ОФК комиссарлик ишига дуч келган инсонни тайинлайвермайди. Аввало, ташкилотга аъзо барча федерациялардан ўйинларни бошқариш лаёқатига эга номзодларни тавсия этиш сўралади. Аммо шу номзодлар ҳам шунчаки, комиссарликка та-йинланмайдилар, балки ҳар бири алоҳида синовдан ўтказилади. Табиийки, синов анча оғир бўлиб, ундан ўтишни ҳамма ҳам уддалайвермайди.
Яна бир томони, имтиҳонни муваффақиятли топширганлар ҳам дарҳол «комиссар» мақомини олмайдилар. Аниқроғи, дастлабки синовдан сўнг номзодлар шартли равишда комиссарлик ишига тайинланадилар. Яъни улар бир йил давомида синов тариқасида фаолият олиб борадилар ва ишни уддалай олган тақдирларида келаси мавсум яна бир марта имтиҳон топширадилар. Агар шундан ҳам ўтсалар, кейин тўлақонли иш бошлашлари мумкин. Яъни ҳар бир номзод аввало, минг чиғириқдан ўтади, шундан кейингина комиссарлик ишига тайинланиши мумкин.
Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Бундан ташқари, ҳар бир комиссар икки йилда бир марта аттестациядан ўтиши шарт. Мабодо кимдир ўз устида ишлашдан тўхтаб қолган ва футбол оламида рўй бераётган янгиликларни ўзлаштирмаётган бўлса, ўз ўрнини бошқаларга бўшатиб беради. Бу жойга кўз тикаётган номзод эса ҳар доим топилади. Шу сабабдан, ОФК комиссарлари мудом ҳаракатдалар ва ҳеч қачон тўхтаб қолмайдилар. Табиийки, бундай мутахассис бошқарган ўйин ташкилотчилиги аъло даражада бўлиши турган гап.
БИЗДА-ЧИ?
Тан олиш жоиз, ПФЛ айнан шу масалада оқсайди. Гарчи комиссарлик иши жорий этилганига 2 йил тўлаётган бўлсада, бу борада ҳеч қандай янгилик амалга оширилмади. Олий лиганинг ҳар бир ўйинига комиссар тайинлаш зарурати туғилганида, ПФЛ бу масалани ҳал қилиш учун жуда оддий йўл тутди - шунчаки, ташкилотда азалдан ишлаб келаётган ходимларни «комиссар» сифатида рўйхатга олди. Оқибатда ҳозир ПФЛда фаолият олиб бораётган деярли ҳар бир ходим «комиссар» мақомига эга. Ҳаттоки, келишилган ўйинларга қарши курашадиган қўмита раҳбари Аҳрол Иноятов ҳам шу ишга жалб қилинган. Бу ҳам майли, ПФЛ директори Фарҳод Магометовнинг шахсан ўзи комиссарлик қилаётганига нима дейсиз? Балки бунинг ҳеч қандай ёмон жиҳати йўқдир. Ўз ишидан таш-қари, комиссарликни ҳам уддаласа яхши-ку. Аммо бошқа бир масала кишини яна ўйлантиради. Ўз ишини профессионал тарзда амалга ошириши лозим бўлган ташкилот бош-қача йўл тутгани маъқул эмасми? Бу борада оламшумул ихтирога қўл уриш талаб этилмайди. Шунчаки, ОФК тажрибасини ўзлаштириш керак, тамом-вассалом.
Бизда ҳам ОФКдаги сингари ҳар бир вилоят федерациясидан ПФЛга номзодлар тақдим этилса ва улар билан тренинглар олиб бориб, ке-йинчалик имтиҳон ташкил қилинса, яхши эмасми? Ахир шу орқали яхши савиядаги комиссарларни аниқлаб олиш мумкин-ку. Ўшанда балки самарадорлик ҳам янада ортармиди? Ахир келишилган ўйинларга қарши курашадиган қўмита раҳбари ёки бутун бошли ташкилотга мутасадди шахс комиссарлик қилиб юрса, уларнинг асосий вазифаси билан ким шуғулланади?