Биринчи лига жамоаларининг уй стадионлари ҳақидаги таништирувимизни давом эттирамиз. Гарчи таништирувимизда фотолар кам бўлаётган бўлса-да, мухлисларга манзур бўлаётгани ҳақида эшитдик. Бу албатта бизни хурсанд қилмасдан қолмайди. Бугун "Хотира-79" жамоасининг иккинчи уйи бўлмиш "Пахтакор" стадион ҳақида тўхталамиз.
Биз Уйчи туманига сафар уюштирганимизда стадионинг кириш қисмида қурилиш ишлари давом этаётган эди. Маълум бўлишича, қурилиш ишлари жадаллашгач клуб иккинчи босқичдан бошлаб рақибларини Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” ўйингоҳида қабул қилмоқда. Уйчидаги стадион реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
Марказий “Пахтакор” стадиони тумандаги БЎСМга қарашли. Стадион марҳум “пахтакорчилар”нинг хотирасига номланган. Стадионнинг кириш қисмида ҳар бир марҳум футболчининг номи битилган махсус тахтачалар борлиги эътиборимизни тортганди. Табиий қопламали майдоннинг ўлчами 104га 67 метрни ташкил қилади. Айни вақтда 3 минг ишқибоз стадионда бемалол ўйин кўриш имкониятига эга. Маълум бўлишича, реконструкция ишлари давомида трибунада ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилади. Ўриндиқлар сони 5 мингтагача етказилади. Қолаверса, трибунанинг устки қисми ёпилиши ҳам режалаштирилган. Айтганча, трибуна стадионинг фақат бир томонида. Қолган томонларда футболчи ва ҳакамларнинг ечиниш хоналари жойлашган. Яна бир тарафда эса, юқорида таъкидлаганимиздек, қурилиш ишлари давом этяпти.
Бизга берилган маълумотларга кўра, стадион, аниқроғи, БЎСМни реконструкция ишларига ҳукуматимиз томонидан 2 миллиард 600 миллион сўм ажратилган. Реконструкция давомида стадионнинг таблоси ҳам ўзгартирилиши мумкин. Чунки ҳозир стадионда қўлбола табло ишлаб турибди. Қурилиш давомида катта спорт зал ва БЎСМнинг маъмурий биноси ҳам қайта ишга туширилади. Жамоа тарбияланувчилари ҳам асосан БЎСМ ўқувчилари бўлгани боис, мактаб билан клуб бир-бирига узвий боғлиқ.
Уйчида меҳмон бўлганимизда ечиниш хонаси кўнгилдагидек эмаслигига гувоҳ бўлгандик. Тўғри, иссиқ сув учун махсус ускуна ўрнатилган, иссиқ сув ҳам бор. Бироқ умумий маънода ечиниш хонасининг ҳолатини мақтаб бўлмасди. Реконструкция ишларидан кейин вазият ўзгаришига ишонамиз.
Стадионда прожекторлар бор. 6та устунга жойлаштирилган 4тадан лампочкада бемалол қуёш қорайганидан кейин ҳам ўйин ўтказиш мумкин. Ҳар ҳолда бизга шундай маълумот беришди. Аммо биз ёзнинг қоқ чилласида, Рамазон ойида ҳарорат 40дан баланд бўлиб турган вақтда Уйчида меҳмон бўлганимизда учрашув қуёш ботишидан салкам ярим соат олдин якунланганди. Энди аҳволни тасаввур қилинг. Футболчилар жуда иссиқда тўп суришга мажбур бўлган эди. Жамоа раҳбариятига ўйин вақтини кечроққа суришни сўраганимизда ўзлари хоҳлашса-да, тумандаги масъул ташкилотлар бунга рухсат бермаслигини айтишганди. Шундай бўлса-да, ўйинни бир амаллаб ярим соатга кечиктиргандик.
Ўйлашимизча, келаси йил барча муаммолар бартараф этилади ва “Хотира-79” рақибларини замонавий стадионда қабул қилишади.