Вилоятимиз иккинчи лигаси “А” гуруҳида иштирок этаётган Шахрисабзнинг “Хисор” жамоаси 1-давра учрашувларини кўнгилдагидек ўтказмади, жамоа мағлубиятлар гирдобига тушиб қолди.
Воҳалик футбол мухлисларига маълумки, бир вақтлар ушбу жамоа нафақат вилоятимизда балки мамлакатимизда таниқли жамоалардан бири эди. Афсуски, кейинги пайтларда жамоанинг мавқие жуда тушиб кетди. Жамоада ҳозир ҳам жонкуяр ўйинчилар бор, уларда жамоанинг олдинги ҳолатига олиб чиқиш истаги жуда кучли. Шу муносабат билан футболчилар Шахрисабз футбол федерациясига жамоа мураббийи Суҳроб Азизовни ўз лавозимидан озод этишларини сўраб мурожаат қилишди.
Раҳбарият мурожаатни ўрганиб чиқиб, Шахрисабз футбол мактабида 2002 йилда туғилган ўсмирларга мураббий қилаётган, вақтида ”Насаф”, ”Нефтчи”, “Машъал” ва бошқа номдор жамоаларида фаолият юритган, воҳалик футбол мухлисларига яхши таниш бўлган Шуҳрат Асадовни иккинчи даврадан “Хисор” жамоасининг бош мураббийи этиб тайинлади.
Шуҳрат Асадов жамоа бош мураббийи сифатида дастлаб ўз шогирдларини Николай Лапа мураббийлигидаги “Машъал” академияси тарбияланувчиларидан иборат бўлган “Машъал А” жамоасига қарши майдонга олиб тушди.
Ўзгаришдан руҳланган жамоа футболчилари ҳам ўзларининг янги устозини уялтириб қўйишмади. Улар мубораклик тенгдошлари устидан ғалаба қозонишди.
“Хисор” жамоаси навбатдаги тур учрашувини ўз майдонида Қаршининг “Олимпия” жамоасига қарши ўтказади.
Жамоа ўз мухлислари ишончини қайтарган ҳолда ва янги бош мураббий билан зафарли юришларини давом этира олишадими… буни албатта вақт кўрсатади.
Шуни айтиш жоизки, Шахрисабз азалдан футболчилар юрти ҳисобланади, бу ердан ажойиб футбол усталари етишиб чиққан бунга мисол тариқасида Зафар Холмуродов, Шухрат Асадов, Алишер Юсупов, Шухрат Мухаммадиев, Темур Жўраев, Азамат Бойқобилов каби футболчиларни келтириш мумкин. Биз ҳозир ҳам ва бундан кейин ҳам бу юртдан ана шундай ажойиб футболчилар етишиб чиқишига шубҳа қилмаймиз.
Бугунги кунда “Насаф” футбол мактабида ҳам тажрибали мураббийлардан футбол сир-асрорларини ўрганаётган Шахрисабзлик ёш футболчилар кўпчиликни ташкил этади.
Катта ишонч билан айтиш мумкинки, бобокалонимиз Амир Темурдек буюк инсонни тарбиялаб вояга етказган Шахрисабз юртидан келажакда ҳам ўзбек футболида ўз сўзини айтадиган ўғлонлар кўпдан-кўп етишиб чиқади.
Иқтидорларга бой бўлган Кеш шаҳри аҳли бундай фарзандлари билан қанчалик фахрлансалар арзийди.
Бугунги кунда олий лиганинг “Олмалиқ” жамоасида фаолият юритаётган ажойиб инсон, журналист, бир неча йиллардан буён юртимиз футболи ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Бахтиёр Ширинов ҳам мана шу диёр фарзанди ҳисобланади.
Воҳалик футбол ихлосдмандлари “Хисор” жамоаси тақдирига бефарқ эмаслар.
“Хисор” жамоасининг олдинги мавқеи тикланишига албатта ишонамиз! Олға Кешликлар!
Фахриддин ЧОРИЕВ.