Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Абадий Кайзер 70 ёшда

Баҳо:
+ | -

Немис футболининг биринчи рақамли тирик афсонаси - Франц Беккенбауэр 70 ёшга тўлди. Ушбу тарихий шахс ҳақида кўплаб асарлар ёзилган, фильмлар яратилган, уни бутун дунё танийди. Шундай бўлсада, юбилейи арафасида  Сhampionat.com сайти томонидан тайёрланган мақолани эътиборингизга ҳавола этишни ўринли, деб билдик.

У навқиронлик йиллари можаролардан олисроқ юришга интиларди. Энди бу борада хавотирга ҳам ўрин йўқ. Боиси, Франц Беккенбауэр - Германия учун чинакам даҳо! Бу буюк шахс хусусида етарли тасаввур ҳосил қилиш учун «Википедия»га мурожаат этишнинг ҳожати йўқ. Шунчаки, ЖЧ-90 финал беллашуви видеотасмасини бошидан охиригача кўриб чиқиш кифоя: Римдаги «Олимпия» стадиони узра чўмган зимистонни ёритган мушаклар ёғдуси, ғалабадан сармаст мухлисларнинг шовқин-суронлари, уларнинг олқишлари остида фахрий айланани амалга ошираётган Германия терма жамоаси ва бўм-бўш бўлиб қолган яшил майдон узра сайр қилиб юрган ёлғиз кимса - қўлларини чўнтакларига тиқиб олган ўйчан қиёфадаги Франц Беккенбауэрнинг бахтиёр чеҳраси... У ҳаётидаги энг йирик муваффақиятни айнан шу тарзда - ёлғизликда қарши олишга аҳд қилганди. Таажжубки, кўплаб юксак савияли жамоаларни шакллантирган немис заминида тўп сурган аксарият футбол афсоналари салбий хислатлардан ҳам холи бўлишмаган, чинакам халқ фарзанди даражасига кўтарила олишмаган. Масалан, Хельмут Ран  ичкиликка берилган бўлса, Лотар Маттеус иғвогар мақомини олган, Пауль Брайтнер миллий мадҳияни ижро этишдан бош тортган, Штефан Эффенберг эса ахлоқсиз йигит бўлган... Ҳа, бу ўлкада халқ меҳрини қозониш - осон эмас. Немис футболи тарихида фақат икки киши - адолатпарвар Фриц Вальтер ва Франц Беккенбауэргина шундай юксак эътирофга сазовор бўлишди. Ёш Францнинг айнан Вальтерга тақлид қилгани ҳам бежиз эмас.

Кайзернинг мукаммаллик ва абадийлик сари босиб ўтган йўли ҳам ўнқир-чўнқирлардан иборат. «Ёшлик - бебошлик» деганларидек, маъшуқасининг ҳомиладор эканлигини билиб, унга уйланишдан бош тортган 18 ёшли Франц ўсмирлар терма жамоасидан қувғин қилинади. Фақат бош мураббий Деттмар Крамернинг кафолати туфайли футбол олами буюк ҳимоячи маҳоратидан баҳраманд бўлди. Акс ҳолда, Беккенбауэр қандайдир бошқа соҳани танлармиди? Қизиғи, Кайзер лақабини ҳам шунчаки, тасодифан олганди - ташқи кўринишидан Бавария қироли Людвиг IIга ўхшагани учун журналистлар уни шундай улуғлашган. Қирол нечоғли олифта ва такаббур бўлса, Франц ҳам мухлислар ва журналистлар наздида айнан шундай эди. Дейлик, ҳар сафар беллашувлардан кейин жамоадошларининг либослари лой-тупроққа беланса, Францнинг майкалари топ-тозалигича қоларди. Гарчи у ҳимоя чизиғида ўйнасада, ўз вазифасини адо этиши учун майдонга йиқилишининг ҳожати йўқ эди - юксак маҳорат ва техника эвазига бошини тик тутган ҳолда, фақат қулай вазиятдаги жамоадошларини қидирар, тўпга умуман қарамасди. Четдан назар ташлаган кишига бу чиндан ҳам, ўта такаббурликдек кўринарди.

Шунга қарамай, ноёб иқтидор соҳиби 20 ёшидаёқ ЖЧ-66 финалига чиққан терма жамоасининг ёрқин ўйинчиларидан бирига айланганди. Ҳал қилувчи баҳсда бош мураббий Хельмут Шён унга Бобби Чарльтонни қўриқлаш вазифасини топширади. Шу тариқа германиялик мураббий энг қўпол тактик хатоликка йўл қўяди - унинг жамоасида тезкорлик йўқолади, Беккенбауэрнинг кўмагисиз олдинги чизиқ вакилларининг ўйинлари қовушмайди. Қандай вазият юзага келиши мумкинлигини олдиндан ҳис этадиган Франц рақиб ҳужумчисини қўриқлаш билан банд бўлмаганида, эҳтимолки, керакли пайт керакли нуқтага етиб келиши ва ҳал қилувчи баҳс тақдирини ўзгартириши мумкин эди. Ҳа, Германия финални фақат Товфиқ Баҳромовнинг хатоси туфайлигина бой берган эмас.

Беккенбауэрга чексиз шон-шуҳрат ва машҳурлик келтирган жиҳат шуки, унинг фаолияти сўнгги 100 йил ичида Германия оғишмай амал қилиб келаётган қоида - ўз хатоларини тан олиш ва тўғрилаш билан ҳамоҳангдир. Англияда йўл қўйилган хатолик 1974 йили такрорланмади - Йохан Кройффни Франц эмас, Берти Фогтс қўриқлади. Лекин Беккенбауэр кейинчалик мураббий сифатида яна шундай хатодан жабр чекди - ЖЧ-86да Лотар Маттеус  рақиб ҳужумчиси билан банд бўлгани туфайли бундестимнинг чизиқлари ўртасидаги мувозанатга путур етди. Тўғри, 4 йилдан кейин Кайзер бу машъум хатони тўғрилади. Италиядаги футбол тожи Франц учун 3-соврин эди. У дастлабки чемпионликни 1954 йили мухлис сифатида нишонлаганди. Иккинчисини эса Мюнхенда футболчи сифатида қўлга киритди. Учинчи чемпионлик ҳам «Олимпия» стадионида, фақат Мюнхендаги эмас, балки Римдаги стадионда қайд этилди. Футбол афсонаси тўртинчи буюк ғалабасини 2000 йилнинг 6 июлида қайд этди. Яъни Германия «заявка»сининг раҳбари сифатида ЖЧ-2006 мезбонлик ҳуқуқини она ватанига тортиқ этди.

Кайзер Жанубий америкалик қирол - Пеледан фарқли ўлароқ, ўз номига доғ туширмаслик учун сиёсатдан воз кечди. Тўғри, у ҳозир ҳам жуда фаол, фахрий президент, фахрий раис, фахрий аъзо сифатида турли маҳкамаларда елиб-югуради. Лекин шаънига мос келмайдиган ишлардан йироқда. Асосийси, ҳамон озода ва бежирим либосларда, бошини тик тутганча мағрур одимлайди. У - абадий Кайзер!

1983 йили футболчилик фаолиятини якунлаган Беккенбауэр энг совриндор юлдузлардан биридир. У Германия чемпионатида 5 марта, мамлакат кубогида 4 марта ва Европа Чемпионлар кубогида 3 марта зафар қучган. Германия миллий жамоаси сафида эса жаҳон ва Европа чемпиони бўлган. Қолаверса, у ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида жаҳон чемпионлигини қўлга киритгани билан мақтанишга ҳақли.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:42, 19.09.2015.
Ўқилди: 2259 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.