Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«Автобус» тўхтаб қолди ёхуд Моуриньонинг омадсизлиги тўғрисида

Баҳо:
+ | -

Лондоннинг «Челси» клуби Англия премьер-лигаси дастлабки беш турнинг нақ учтасида мағлубият аламини тотди. «Аристократлар» 1988 йилдан буён чемпионатни бу қадар қониқарсиз тарзда бошлашмаганди. Дарвоқе, бу Моуриньонинг фаолиятидаги энг ёмон натижа бўлиб турибди.

Португалиялик мураббий «Лейрия»­да иш бошлаган кезлари ҳам бу каби муваффақиятсизликка учрамаганди. «Реал», «Интер» ва «Челси» ҳақида-ку гапириш шарт эмас. Моуриньо 2007|2008 йиллар мавсумидаги омадсиз стартдан сўнг «Стэмфорд Бридж»ни тарк этишга мажбур бўлди. Чемпионлар Лигаси ҳам бундан мустасно эмасди. Аммо ўшанда ҳам олти турдан сўнг лондонликлар ҳисобида 11 очко бор эди. Ҳозир эса атиги 4 очко.

«Натижалар тобора ёмонлашмоқда, - деди Моуриньо «Эвертон»дан қабул қилинган мағлубиятдан сўнг. - Бу - фаолиятимдаги энг оғир давр».

Эътиборлиси, португалиялик мутахассис истеъфо ҳақида мутлақо ўйламаяпти.

«Челси»ни бошқариш учун менданда муносиброқ номзод бор, деб ўйламайман. Кетиш ниятим йўқ. Жамоамиз бунданда юксакроқ натижаларга лойиқ. Тўғри, жамоамизга барқарорлик етишмаяпти, лекин учинчи ўйинни бой берадиган даражада ёмон ўйнамаяпмиз. Футболчиларни айблаш ниятим йўқ, шундоқ ҳам ҳозирги ҳолат уларни тушкунликка солган. Ҳар бир баҳсда ғалаба учун ўйнаяпмиз, аммо бизга қатъиятлилик камлик қиляпти. Муваффақиятсизликлардан сўнг жамоадагиларнинг ўзига бўлган ишончи йўқолмоқда, асабийлик ва омадсизликнинг асосий сабаби ҳам шунда. Ҳозир ҳаммаси бизга қарши: деярли ҳар бир хато туфайли гол ўтказиб юбор­япмиз. Ўз навбатида, яратган имкониятларимизнинг ярмидан ҳам фойдалана олмаяпмиз. Ҳаракатлар қовушмаса, юқори натижаларга эришиш қийин кечади. Асосийси, бу мушкулотларни енгиб ўтишимизга ишонаман».

Нейсмитнинг «хет-трик»идан сўнг «аристократлар»нинг дастлабки турларда ўтказиб юборган голлари сони 12тага етди. Бу эса лондонликлар ҳар бир ўйинда ўртача ҳисобда 2,4та гол ўтказиб юборишаётганидан далолат. Бу эса қуйироқда жойлашган «Сандерленд», «Ньюкасл», «Сток Сити»нинг кўрсаткичидан ҳам паст. Бу - ҳимояси билан бемалол мақтана оладиган жамоанинг аҳволи! Эҳтимол мазкур муваффақиятсизликларни Куртуанинг муаммолари билан боғлаш мумкиндир: дастлаб дисквалификация, сўнгра жароҳат. Аммо ҳимоя чизиғи ўтган йилги оптимал таркибни ўзида мужассам этган: Зума балки Кэхиллни сиқиб чиқаргандир, аммо тажрибали Терри ва Иванович, иқтидорли Аспиликуэта ўз ўрнида. Сал олдинроқда тиришқоқ Матич бор. Аммо бу иш бермаяпти. Ҳимоядаги «автобус» ўрнини очиқ йўлак эгаллаган - ҳар иккинчи хато қимматга тушяпти. Оқибатда, рақиблар «Челси» дарвозасини 12 марта аниқ нишонга олишга улгурдилар. Бу эса умумий ҳисобда Моуриньо бошқаруви даврида ўтказиб юборилган голларнинг 9 фозини ташкил этмоқда.

Эътиборлиси, «Челси» 1988 йилдан буён бундай ёмон старт олмаганди. Ҳа, Роман Абрамович клуб эгалигини қўлга киритишидан аввал ҳам бу каби қониқарсиз натижаларга дуч келмаганди. Барчаси лондонликларнинг суперкубокдаги мағлубиятларидан сўнг бошланди, премьер-лигада эса вазият янада мураккаблашди. «Кўклар» ҳозирча уй учрашувларининг бирортасида ғалаба қозонишмади. «Стэмфорд Бридж»да «Кристал Пэлас»дан қабул қилинган мағлубият дард устига чип­қон бўлди. Тақвим Моуриньо жамоаси учун қулай эди, кучлилардан фақат «Манчестер Сити»га қарши баҳс олиб бориш кўзда тутилганди. Аммо «шаҳарликлар» принципиал рақибни аяшмади.

Дарвоқе, «Челси» 27 йил аввал ҳам дастлабки турларда «Ман Сити» ҳамда «Кристал Пэлас» билан ўйнаган, ўшанда ҳозиргидан ҳам озроқ - 3 очко билан кифояланганди. Тўғри, буларнинг бари чемпионшипда рўй берганди. Аммо якунда «аристократлар» 99 очко тўплаш орқали элита йўлланмасини қўлга киритишган. Ким билади, жорий мавсумда ҳам Моуриньо бошқараётган жамоа­ни ҳисобдан чиқаришга ҳали эртадир? Тўғри, премьер-лига тарихида 16-ўриндаги клубнинг пешқадамликка эришгани кузатилмаган. «Ҳозирча «Челси» амалдаги чемпион саналади, буни ёддан чиқармайлик. Биз ҳозирча бир нечта ўйинни бой бердик, ҳақиқий кураш ҳали олдинда», - дея танқидчиларни тинчланишга чақирди Моуриньо. Балки португалиялик мутахассис мураббийлик техникасини ишга солиб, янги мўъжиза ҳозирлаётгандир. Зеро, тўхтаб қолган чемпионлик «автобуси» олдинга юришни хоҳламаяпти.

Сафар яна қаридими?

САФАР ЯНА ҚАРИДИМИ?

 

Моуриньонинг 2007 йилги истеъфосига сабаб бўлган омиллар:

- суперкубок «МЮ»га бой берилди (1:1, пенальтилар серияси: 0:3);

- Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқич биринчи ўйинида «Русенборг»га мезбонлик қилган «Челси» дуранг билан кифояланди;

- Роман Абрамовичнинг жамоа ишларига аралашавериши Моу­ринь­о­­­­нинг эътирозига сабаб бўлди. Айниқса, Андрей Шевченконинг хариди мураббий хоҳишига зид келганди;

- клубнинг турнир жадвалидаги ўрни жамоа мутасаддиларига маъқул келмади;

- истеъфога чиқиш пайтида Моу­риньонинг «Челси» билан тузган шартномаси 2010 йилгача мўлжаллангани ҳисобга олинса, товон пули 8,1 миллион фунтни ташкил қиларди.

Режадаги кетма-кетлик: 50 йилдан кейин қўлга киритилган чемпионлик унвонлари - эски шартнома якунланмасидан янги, янада фойдалироқ келишувга эришиш -даромад.

Жорий йилда Моуриньони истеъфога чиқаришга туртки бўлиши кутилаётган омиллар:

- суперкубок «Арсенал»га бой берилди (0:1);

- Моуриньо Англия суперкубоги медалини трибунага ирғитди;

- португалиялик мутахассис жамоа шифокорларидан бири Ева Карнейро билан жанжаллашиб, уни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилди;

- иккинчи турда чемпионлик йўлидаги асосий рақиб - «Манчестер Сити»га йирик ҳисобда имконият бой берилди (0:3);

- ўтказиб юборилган голлар бўйича мавсумдаги энг ёмон кўрсаткич (5 ўйинда 12та гол);

- «Челси» 1986 йилдан буён илк марта олий дивизионда ёмон старт олди.

Моуриньони истеъфога чиқариш чиндан ҳам осон эмас. Англия суперкубогидан кейинги воқеалар содир бўлаётган бир паллада португалиялик мутахассис «кўклар» билан амалдаги шартномасини 2019 йилгача узайтаришга улгурди.

Янги келишувга кўра, Моуриньо премь­ер-лигада энг кўп маош олувчи мураббийга айланди. У эндиликда солиқ чегирмаларидан ташқари йилига 7,25 млн. фунт олади. Ўз-ўзидан, у истеъфога чиқса, товон пули 29 млн. фунт, яъни 39,4 млн. еврони ташкил қилади.

Бунақаси ҳаттоки Фабио Капеллонинг ҳам хаёлига келмагани аниқ. Мабодо «Челси»нинг ишлари келгусида ҳам юришмай, барчаси истеъфо билан якунланса, 2007 ва 2015 йиллардаги товон пулларининг умумий миқдори 50 млн. еврога етади. Бу эса бир мураббий учун рекорд кўрсаткич.

Режадаги кетма-кетлик: муваффақиятли мавсум - эски шартнома якунланмасидан янги, янада фойдалироқ келишувга эришиш - даромад.

Манба: Championat.com

ЎТКИРБЕК тайёрлади

Киритилди: 11:41, 20.09.2015.
Ўқилди: 4424 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.