Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Александр Чивадзе: «Катта лейтенант эдим»

Баҳо:
+ | -

Александр Чивадзе - Грузия футболи тарихида ёрқин из қолдирган футболчилардан бири. Таниқли мутахассис Валерий Лобановский собиқ иттифоқ терма жамоасини бошқарган пайтда бош жамоа таркибидан Тбилисининг «Динамо» клубидан фақат у ва Тенгиз Сулаквелидзе жой олишарди. Чивадзе фаолиятини якунлаш арафасида турли соҳаларда фаолият олиб борди. Аммо у Грузия халқи учун ўша содда Саша бўлиб қолган. Собиқ иттифоқ терма жамоасининг собиқ сардоридан яқинда россиялик ҳамкасбларимиз интервью олишди. Суҳбат давомида Чивадзе уларни кубок эгалари кубогидаги ғалабадан сўнг Тбилисида қандай кутиб олишгани, ўз яқинлари ва устози Нодар Ахалкаци ҳақида қисқача сўзлаб берди. Қуйида ўша мулоқотни бироз қисқартирлган ҳолда, эътиборингизга ҳавола этяпмиз.

- Москвага биринчи ташрифингиз сиз учун эсда қоларли бўлганми?

- Автобуснинг бузилиб қолганлигини айтяпсизми? Ўшанда биз - футболчиларга стадионга таксида етиб олишимиз учун 5 рублдан беришган. Аммо  йўлбошловчимиз пулни тежаш мақсадида, ўйингоҳга бизни метрода олиб борганди. Ўшанда жуда қизиқарли ҳолат юз берганди.

- Айтинг-чи, сиз тўп сурган Тбилисининг «Динамо» клуби муваффақиятларида бош мураббий Нодар Ахалкацининг тутган ўрни қандай бўлган? 

- Ахалкаци буюк мураббий эди, футболчиларнинг феъл-атворларини яхши биларди. Грузинларга нисбатан илиқ муносабатда бўларди. У бир неча йиллар давомида «Динамо» (Тбилиси)ни шакллантиришда астойдил меҳнат қилди. Кейинчалик Нодар Парсадановични Константин Бесков ва Валерий Лобановский бошқараётган собиқ иттифоқ термасига таклиф этишди. 1979 йилги Чемпионлар Кубоги доирасидаги Англиянинг «Ливерпуль» клубига қарши кечган учрашув ҳеч эсимдан чиқмайди. Биринчи ўйиндан аввал бизни Англия элчихонаси вакиллари кутиб олиб (кулимсирайди), ўз дарвозамиздан кўп тўп  ўтказиб юбормаслигимизни таъкидлашганди. Ўшанда «Динамо» ўзига юклатилган вазифани аъло даражада бажарганди, яъни сафарда 1:2 ҳисобида имкониятни бой берган бўлсакда, ўз майдонимизда мерсисайдликларни йирик -3:0 ҳисобида мағлубиятга учратгандик.

- Айтишларича, Ахалкаци тартибсиз футболчиларни дарров жазога тортмай, қулай вақт келишини кутган экан. Улар устозимиз ҳеч нарсани билмади, деган хаёлга борганларидагина, керакли жазони тайинлаган экан. Шу гаплар ростми?

- Нодар Парсаданович ҳақиқий руҳшунос эди, кимга қандай муносабатда бўлишни биларди. У доимо бизга кўпроқ мутолаа қилиш кераклигини уқтириб, классик мусиқалар ва адабиёт фанларини яхши ўзлаштиришимизга ёрдам берган. Ўзи муҳандислик инс-титутида аъло баҳога ўқиган. Бундай инсон билан бирга ишлаш катта бахт.

- Манучар Мачаидзе Нодар Ахалкацининг ўйин услубидан қониқмай, клубни тарк этгани ростми?

- Ахалкаци 1976 йили клубни бошқарган. Ўшанда Мачаидзе жамоа сардори бўлган. Ўша мавсумда бронза, бир йилдан кейин кумуш медалларини қўлга киритиб, ниҳоят, 1978 йили мамлакат чемпионлигини тантана қилдик. Шунингдек, 1979 йили мамлакат кубоги соҳибига ҳам айланганмиз. Манучар клубимизнинг етакчи ўйинчилардан бири эди. У қандай қилиб, Ахалкацининг футбол сабоқларидан бош тортганини тушунмайман. Менимча, гап бошқа жойда. Манучарнинг футболга бўлган қараши ўзгача, Ахалкацининг тактикасидан тубдан фарқ қиларди. Бироқ бу муаммо унинг кетишига сабаб бўла олмасди.

- «Динамо»ни Европа кубок эгалари кубогидаги зафардан сўнг Тбилисида қандай кутиб олишган?

— Дюссельдорфдан тўғридан-тўғри рейс бўлмагани туфайли, Тбилисига   Шереметьево аэропортидан учганмиз. Аэропортда одам ҳаддан зиёд кўплигидан, ҳатто онамни ҳам қўйиб юборишмаган экан. Тбилиси аҳли ушбу ғалабадан ниҳоятда мамнун эди. Бизга бундай ҳодиса фақатгина 9 май куни содир бўлиши мумкинлигини айтишганди. Энг асосийси, финал ўйинида осетиялик - Володя Гуцаев ва абхазиялик - Виталик Дараселия гол уришганди. Ўшанда Грузия халқи бир жойга йиғилган пайт эди.

—Дюссельдорфдаги учрашувни неча марта телевизор орқали кузатгансиз? Айтишларича, Грузияда мазкур ўйинни ҳар йили такроран намойиш этишар  экан...

— Ҳа, деярли ҳар йили кўрсатишади. Вақт шу қадар тез ўтяптики буни сезмайсан киши. Ахалкаци, Асатиани, Кипиани, Дараселия, Гиви Нодиялар афсуски, энди орамизда йўқ... Яқин йиллар давомида кўпгина яқинларимдан айрилдим. Лекин ҳозирда фарзандларимизнинг бир-бири билан аҳиллиги мени жуда ҳам қувонтиради.

— Собиқ иттифоқ даврида футболчиларга токарлик ва чилангарликдан бошқа ҳар қандай касбни беришган. Сизлар нима билан шуғуллангансизлар?

— «Динамо»нинг бошқа клублари каби биз ҳам ички ишлар вазирлигига боғланган. Мен катта лейтенант эдим. Лекин бу ҳеч нарсани англатмаган. Ҳозир аниқ эслайман: ҳа, 250 рубль ҳамда спорт фахрийи бўлганим учун яна қўшимча 20 рубль маош қўшиб беришарди.

— ЖЧ-86 мусобақасига боргансизу, майдонга тушмагансиз. Бунга нима сабаб бўлган?

— Мексикага мундиал бошланишидан анча олдин бориб, у ерда кўплаб ўртоқлик учрашувлари ўтказганмиз. Шундай ўйинларнинг бирида жароҳат олдим ва гуруҳ босқичидаги барча баҳсларни захира ўриндиғида кузатишга мажбур бўлдим. Орадан анча вақт ўтгач, Котэ Махарадзе матбуот анжуманида менинг эртанги ўйинда майдонга тушишимни айтган. Бироқ Симонян эртасига хонамга кириб, «Саша, биз кечаси билан сен ҳақингда бош қотирдик. Балки яна бироз захирада кутарсан?», - деди. Ўшанда ҳеч ким «плей-офф» баҳсида бельгияликларга имкониятни бой беришимизни кутмаганди. Лобановский ҳам: «Кейинги бос­қичга бемалол йўл оламиз, Дания Испанияни мағлуб этади ва сен кейинги учрашувга тўлиқ тайёр бўласан», - деганди. Афсуски, ўша турнирда омадимиз юришмади ва ўз имкониятимиз даражасида иштирок этолмадик.

Акмалхон Эшонхонов тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:11, 21.09.2015.
Ўқилди: 3777 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.