Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Франциялик машҳур футболчининг тарихи

Баҳо:
+ | -

У мана, тўлиқ бир асрнинг учдан бир қисмига тенг вақтдан буён ҳаёт ва ўлим ўртасида турибди. 2007 йилнинг 28 апрели. Ницца. Франция чемпионати доирасидаги «Ницца»-«Осер» ўйини бошланиш арафасида. Икки киши - Лоран ва Фредерик мухлисларнинг ол-қишлари  остида майдон марказига бориб, тўпга рамзий зарба беришади. Айнан шу лаҳзада «Стад дю Рей» стадиони трибунасида ўзгача баннер кўзга ташланади: «Жан-Пьер Адамс ҳамон бизнинг сафимизда». Лоран ва Фредерик кўз ёшларини зўрға тўхтатиб қолишади, ахир бу олқишлар ва илиқ сўзлар 33 йилдан буён кома ҳолатида ётган қадрли оталарига бағишланганди. Лекин бир дақиқалик сукут сақлаш ортиқча. Чунончи, Жан-Пьер аслида ҳали ҳаёт.

«Кичик оҚ бўри». Адамс 1948  йили Сенегал пойтахти - Дакар шаҳрида туғилган. Футбол унинг қонида бор эди: амакиси Александр  Диадиу машҳур клуб - «Жанна д~Арк» сафида ўйнаган. Жан-Пьернинг ўзи ҳам болалигидан тўп ортидан югуришга бошқача меҳр беради, бироқ ота-онаси унинг спорт фаолиятидан умид қилишини-да қатъиян тақиқлаб қўйишади. Бунда улар Диадиунинг футбол ўйнаб, бири икки бўлмаганию, камбағалликда ҳаёт кечиришини дастак қилиб олишганди. Хуллас, Жан-Пьер бошланғич синф­ларда ўқиётган пайт соатлаб дарс тайёрлашга маҳкум эди. Шу ҳаракатларига яраша, болакай мактаб дарсларини яхши ўзлаштиради. Лекин ота-онаси унинг Сенегалда талаб даражасида таълим ололмаслигини тушунишарди. Шунинг учун Жан-Пьер 10 ёшга тўлгач, уни Франциянинг қоқ маркази - Луара департаментига юборишади. Натижада африкалик болакайни фарзандсиз оилалардан бири хурсандчилик билан ўз қарамоғига олади. Шундай қилиб, Жан-Пьер маҳаллий католиклар мактабига қатнай бошлайди. Эътиборлиси, Журданлар оиласи болакайнинг тана рангига заррача аҳамият бермайди. Қолаверса, у мактабда тезда ўзига яхши дўстлар топади. Оддий айтганда, болалар африкалик йигитчани илиқ кутиб олишади. Эҳтимол, ҳаммага унинг очиқкўнгил эканлиги, тўғрисўзлиги маъқул келгандир. Жан-Пьер тарихда ҳам худди шундай муҳрланган: кўплаб суратларда беўхшовгина катта гавдасига қарамай, дўстсевар болакайдек кўринади. Чунончи, доимо суратга хандон отиб кулганча тушган. Айтганча, мулойимлиги, гавдасининг катталиги ва танасининг ранги туфайли мактабда уни ҳазил тариқасида «Кичик оқ бўри» лақаби билан сийлашган экан.

 

АвтоҲалокатдан омон Қолиш. Адамс кейинчалик бўш вақтлари иш билан банд бўларди. Яъни ўқиш баробарида ота-онасига моддий ёрдам бериш ниятида резина фабрикасида меҳнат қиларди. Шунингдек, футболни ҳам унутмаганди. Аниқроғи, турли маҳаллий жамоаларда тўп сурарди. Бу қизиқиши бора-бора ҳаётининг мазмунига айланади. Журданлар оиласи ўсмирга унинг асл ота-онасидан фарқли ўлароқ, таъсир ўтказишни истамайди. Бироқ энди тақдирнинг ўзи қаршилик қилади: 18 ёшли Жан-Пьер «Фонтенбло» клуби сафидаги ўйин чоғи тиззасидан жиддий жароҳатланади. Бу унинг спорт фаолиятига батамом тўсиқ қўйиши ҳам ҳеч гап эмасди. Бироқ ҳаётга қувноқ қарайдиган ва сабрли Адамс оғир имтиҳонни матонат билан қарши олади. Афсуски, орадан яна бир йил ўтгач, умидли футболчи сифатида кўзга ташланган Жан-Пьер тақдирнинг навбатдаги синовига дуч келади. У бу сафар автоҳалокатга учрайди. Адамс шунинг оқибатида энг яхши дўсти, футболчи - Гай Бюдони йўқотади. Ўзи эса турли даражадаги тан жароҳатлари олади.

Тез орада Адамсни ҳарбий хизматга чақиришади. У ўз взводида нафақат баҳодирларга хос қуввати, балки тўпни яхши ҳис этиши билан ажралиб турарди. Хуллас, Жан-Пьер армия спорт мусобақаларининг доимий иштирокчисига айланади. Хусусан, футбол турнирлари унинг учун ўзини намоён этишга яхши имконият эди. Қисқаси, ҳарбийлар ўртасидаги шундай турнирлардан бирида қудратли ҳимоячи «Ним» клуби эътиборини қозонади. Кўп ўтмай, аскар йигит профессионал футболчига айланади. Бундай кескин ўзгаришдан сўнг унинг ҳаётида гўзал малласоч - Бернадетт пайдо бўлади. Бир неча йиллик танишувдан сўнг Жан-Пьер қизнинг ота-онасидан унинг қўлини сўрайди. Бироқ Бернадеттнинг онаси африкалик йигитни куёв сифатида кўролмайди. Оддий айтганда, у тўйга тиш-тирноғи билан қаршилик қилади. Бироқ кейинчалик Адамс­нинг Бернадеттга муносабати, умуман, ҳар бир воқеага босиқлик билан ёндашишини кўриб, ўз фикрини ўзгартиради. Шундан буён бу жуфтлик қалин ришталар билан боғланган бўлиб, ҳеч қачон ажрашмаган.

 

Табиатнинг буюк Қудрати. Жан-Пьер «Ним»да дарҳол асосий таркиб аъзосига айланиб, жамоанинг мавсум-72да 2-ўринга кўтарилишига муносиб ёрдам беради. Яна 1-2 йил ичида эса бақувват ҳимоячи Франциядаги барча ҳужумчилар учун ҳақиқий «бетон» даражасига чиқади. «Ним»нинг мустаҳкам ҳимоясида табиатнинг буюк қудрати ўз сўзини айта бошлаганди, - деган эди «Нант»нинг собиқ ҳужумчиси Анхель Маркос. - Ҳар мавсум айнан шу клубга тўқнаш келишдан чўчирдим. Айнан Адамс туфайли». Жиддий равишда кучайган африкалик ўша мавсумнинг ўзида Франция миллий жамоасидан таклиф олади. Унинг термадаги дебюти тақдир иноятига кўра, Африка жамоаси билан ўртоқлик ўйинига тўғри келади. Ўшанда у Мариус Трезор ўрнига тушганди. Тез орада Адамс ва Трезорни бир-бирларисиз тасаввур қилиш ҳам қийин бўлиб қолади. Ушбу жуфтлик ўша йиллар сайёрамиздаги энг яхши футболчилардан бири саналган кимсан Франц Беккенбауэрнинг мақтовига ҳам эришганди. Кейинчалик матбуот ушбу даҳшат уйғотувчи марказий ҳимоячилар тандемига «Қора гвардия», деб  ном беради. Адамс ва Трезор айнан шу лақаб билан Франция футболи тарихига киришганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

Адамс 1973 йили «Ницца» сафига қўшилади ва фаолиятидаги энг яхши дамларни бошидан кечиради: 144та ўйинда 17та гол ва Франция чемпионати-1975|1976даги кумуш медаль. Айтганча, «Ницца» ўшандан буён ҳали бунчалик юқори кўтарилгани йўқ.

Афсуски, Адамс 70-йилларнинг иккинчи ярмидан сўнг ўйин бобида жиддий орқага кета бошлайди. «Ницца» билан хайрлашиб, «ПСЖ»га ўтган футболчи Парижда ҳам жароҳатга йўлиқади. Қолаверса, фаолиятининг бошида лат еган тиззаси яна тинчлик бермайди. 1982 йилга келиб афрофранцуз клубсиз қолади ва қисқа муддатли мураббийлик курс­ларида ўқиш учун Дижонга йўл олади. Таҳсилнинг 3-куни Адамс тиззасида мислсиз оғриқ сезади, лекин чидашни маъқул кўради. Эртасига оғриқ янада кучайгач эса, барчасига қўл силтаб, тиббий кўрикдан ўтиш учун қўшни Лионга боради. Таҳлиллардан сўнг жарроҳлик амалиёти зарурлиги маълум бўлади. Адамс вақт йўқотишни истамасди ва дарҳол операцияга розилик беради. Аниқ кун ҳам белгиланади - 17 март. Эрталаб Бернадетт ўзини нохуш сезади, миясини қандайдир хавотир чулғаб олганди. Операция арафасида телефон орқали эри билан боғланганида, у ўз одатига кўра, хотиржам ва меҳрибон эди: «Ҳаммаси яхши, хавотир олма». Бу унинг суюкли эридан эшитган охирги сўзлари бўлиб қолди. Аслида Жан-Пьер хотинига қайта қўнғироқ қилишга ваъда берганди. Бироқ бир неча соат ўтса ҳамки, телефон жирингламасди. Бернадетт бошқа сабр қилолмайди ва ўзи телефон рақамларини теради. Бироқ қайта-қайта қўнғироғи жавобсиз қолаверади. Натижада қандайдир кўнгилсизлик юз берганини ҳис этиб, ўзи шифохонага йўл олади. Қабулхонага кирибоқ, беихтиёр бақириб юборади: «Врачни чақиринг. Дарҳол!»  Кейин эса... Кейин Адамснинг кома ҳолатига тушганидан хабар топади. Маълум бўлишича, анестезиолог бир вақтнинг ўзида 8та операцияни назорат қилган ва беморларга дори миқдорини белгилашда адашиб кетган экан. Боз устига, Адамснинг ҳолатига ёрдамчи врач қараб турган ва анестезиолог хатосини сезмаган. Натижада Жан-Пьернинг нафас олиши қийинлашади - бронхоспазм. Хуллас, фақат мўъжизага умид боғлаш мумкин эди...

 

33 йилдан буён эрининг тепасида... Бернадетт 5 кун кўз ёши тўкканча Жан-Пьернинг ёнидан бир қадам нари кетмайди. «Унинг  палатага кириши мумкин эмас, бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ»  қабилидаги гап-сўзларни ҳаттоки, эшитишни ҳам истамасди. Кейинчалик Адамсга жавоб беришади. Бернадетт эса, эрининг қачондир кўзини очишидан умидвор. Бироқ орадан 33 йил ўтдики, ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Бечора аёл ўша пайт 2 нафар фарзанди билан деярли ҳеч қандай сармоясиз қолганди. Ҳа, Жан-Пьернинг собиқ клублари - «Ним» ва «ПСЖ», шунингдек, Франция футбол федерацияси турли хайрия ўйинлари ташкил этиш билан ёрдам беришди. Бернадетт орадан маълум вақт ўтгач, шифокорлар устидан судга арз қилишга ҳам мажбур бўлди. Фақат 7 йиллик тортишувлардан сўнг врачларни беихтиёр жароҳат етказганликда айбдор, деб топишди. Бироқ Барнадетт бундан енгил тортмади. У ҳар куни суюкли эрини ювинтиради, меҳрибонлигини ҳамон давом эттирмоқда. «1982 йилнинг 17 мартида вақт тўхтаб қолган, - дейди  Адамс хоним.      - Ҳеч нарса ўзгармаяпти. Жан-Пьер 70 ёшга яқинлашиб қолди, бироқ у қаримаяпти. Дейлик, сочига оқ ҳам тушмади, ҳисоб!» Эвтаназия (ҳаётни тўхтатиш амалиёти) ҳақидаги таклифларга эса, меҳридарё аёл табиийки, қатъийлик билан жавоб беради: «Бу аҳмоқлик ва ақлга сиғмайди».

Жан-Пьер аллақачон бобо бўлган. Унинг тўнғич ўғли - Лоран 1996 йили «Ним» билан шартнома тузганди, бироқ футболчилик фаолияти ўхшагани йўқ. Франция терма жамоаси эса, жаҳон ва Европа чемпионатларида зафар қучди. Дакарда туғилган яна бир футболчи - Патрик Виейра чинакам юлдузга айланди. Бироқ Жан-Пьер Адамс буларнинг барчасидан бехабар. Ҳаёт тўхтовсиз ҳаракатда, у эса 1982 йилдан буён қимирламай ётибди...

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:45, 27.09.2015.
Ўқилди: 3307 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.