Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Марадонага ўхшаган ва ўхшамаган Месси!

Баҳо:
+ | -

Месси ҳақида 6 йил олдин нималар ёзган эканмиз, бир кўриб чиқайликчи… Кўпгина фикрларимиз ўринли чиққанидан хурсандмиз. Баъзи масалаларда Леонель бизни доғда қолдирди. Яхшиси, ўқиб кўринг-да, олти йил олдинги Месси билан бугунги қирол ўртасидаги фарқларни чиқариб олинг!

 

МАРАДОНАГА ЎХШАГАН ВА ЎХШАМАГАН МЕССИ

“Умуман кутилмаганда, олдимизга бир болакай кириб келди. Кийимлари бошқача, ўзига унчалик қарамаган. Тўппа-тўғри менинг олдимга келиб: “Яхшимисиз, мен Лионель Мессиман!” деб ўзини таништирди. Бошқачароқ вазиятни кутган эканман, ҳайрон бўлиб қолдим. Ёшгина бола экан, лекин ўзини тутиши билан юлдуз эканлиги кўриниб турарди. Қанийди, ўзбек йигитларидан кимдир, дейлик Сервер Жепаровми, Одил Аҳмедовми, менинг олдимга бемалол кириб келса ва “Яхшимисиз?” деб, ўзини хотиржам таништирса… Мен бу ташрифдан умуман хафа бўлмасдим ва йигитларимизда ўзига бўлган ишонч пайдо бўлганидан бошим осмонга етган бўларди!”
Бу иқтибос ЎЗбекистон Футбол Федерацияси президенти Мираброр Усмоновга тегишли. Лионель Мессининг Тошкент сафаридан кейин айтилган самимий сўзлар. Ўзини эркин тутган ва ўзбек футболининг жонкуярига бемалол “яхшимисиз”, дея олган юлдуз ҳақиқатан ҳам ёш бола. Чиндан ҳам унинг ҳаракатлари болакайларни ёдга солади. Ростан ҳам, уни кўрганлар “Шу бола Месси бўлса керак!” демайди. Оддий, содда, кўзлари жовдираб турадиган болакай бугун дунёнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун курашга отланган. У билан замонавий футбол бевосита боғлиқ экани яққол кўриниб қолди. Месси деганда ҳамманинг кўзига кулгу югуради.
Биз бугун Лео ҳақида узундан узун достон ўқимоқчи эмасмиз.Унинг қаерда туғилганию, қайси клубларда донг таратгани ҳақида маълумотлар бериш ниятимиз йўқ. Бу жиҳатларни интернет сайтларидан ҳам ўқиб, билиб олишингиз мумкин. Биз эса Мессининг кўпчилик илғамаган баъзи қирраларини очишга уринамиз. Шунда шояд, аргентиналик вундеркин ўйинларини кузатаётганингизда, унинг хатти ҳаракатларини умуман бошқача кузатишни бошлайсиз.
Ўтган ой Роналдунинг ютуқлари ва камчиликлари ҳақида гапирган эдик. Бугунги суҳбатимиз Леонель Мессининг Диего Армандо Марадонага ўхшаш ва ўхшамаган жиҳатлари хусусидадир. Нега Мессини аргентиналик афсонага ўхшатишмоқчию, лекин бу ишни журъат билан амалга ошира олишмаяпти? Ушбу саволга жавоб топишга ҳаракат қиламиз. Дастлаб, келишиб олганимиздек, ўхшаш жиҳатлари ҳақида сўз боради.

Ўхшаш жиҳатлари

АРГЕНТИНАЛИК
Айтишингиз мумкин, туғилган юртнинг қандай алоқаси бор, деб. Йўқ, алоқаси бўлади. Агар икки футболчи АРГЕНТИНАдан бўлса. Аргентинада гўдакларнинг ўйинчоғи ёнғоқ ёки айқиполвонча бўлмайди. Уларга биринчи тортиқ этиладиган нарса кичкина копток бўлади. Ёнғоқ ўйнаган болани деярли “қизбола” деб масхара қилишади. Энг асосийси шуки, бу гўдаклар ёшликларида ўйнаган ўйинчоқларини ҳаётда ҳам ўйнаб ўтишади. Катта бўлганда ташлаб кетишмайди. Улар ҳаётлари футболга боғлиқ эканини ҳис қилиб яшайдилар. Шу боис ҳам, Аргентина тупроғида вояга етган футбол юлдузлари бутун дунёда ўзларининг овозларига эга. Тўп билан муомала қилиш санъати, тезкорлик ва жамоавий ўйин бу мамлакатда шаклланган. Табиийки, Мессини Марадонага ўхшатаётганлар ҳам, биринчи навбатда шу омилни ҳисобга олиб, қиёс этишяпти. Акс ҳолда, Марадонага кўпроқ ўхшайдиган италиялик ё англиялик футболчи бу борада кўп зикр қилинмайди. Айнан иккаласининг аргентиналик экани бир-бирига ўхшаш жиҳатларини очиб беради.

ТУҒМА ҚОБИЛИЯТ
Месси Марадонага ўхшаб туғма қобилият эгаси. 1987 йилнинг 24 июнида Росарио шаҳрида туғилган Лионель беш ёшиданоқ футбол билан ҳамнафас бўлган. Отаси футбол мактабида муаллиф бўлгани энг асосий омиллардандир. “Невелс Олд Бойз” жамоасида илк тўп тепиш таҳсилини олган Лео 11 ёшидаёқ тенгқурлари ичида ажралиб қолган. Марадонанинг босиб ўтган қадамлари ҳам деярли шунақа. Камера ва фото ривожланган бугунги кунимиздаги баъзи юлдузларнинг болалигидаги кадрлари топилмаслиги мумкин, бироқ кичкина Диегонинг тўп билан машқ қилаётганидаги кадрларини кўп кўргансиз. Месси ҳам мутахассислар эътибори деярли гўдаклигидаёқ тушган. Фақат битта фарқ борки, у Месси 11 ёшида “бўй ўсишдаги гормонлари етишмаслиги” касаллиги билан футболни умуман ташлаб кетиши мумкин эди. Унинг жозибадор ўйинларига маҳлиё бўлган “Ривер Плейт” маош тариқасида ойига 800 доллар таклиф қилгани муаммони бартараф эта олмасди. Шу боис, “Барселона” жамоаси агар у Испанияга етиб кела олса, ҳамма юмушни кўтаришини эълон қилди. Месси 12га кирар кирмас футбол олов рангда ёниб турадиган Испанияга етиб кела олди. Кўряпсизми, азизларим, Лионель ҳаддан ташқари ёшлик чоғидан ўзидаги қобилиятни сездира олган эди. Унинг келажакда буюк футболчи бўлиб етишишини каталонияликлар пайқаган эдилар. Марадонанинг ёшлик қисмати бутунлай Аргентинага боғлиқлиги билан ажралиб туради.

ЁШЛАР ЎРТАСИДАГИ ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ
Табиийки, туғма истеъдодларнинг кесишадиган чорраҳаси ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлади. Марадона деган ном катталар мундиалида порлашидан олдин ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида чарақлаган эди. Месси ҳам 2006 йилги ЖЧга боришидан олдин 2005 йили ёшлар ўртасида ўзининг ҳақиқий санъатини кўрсатди. Лионель Мессига Испания терма жамоасидан таклиф тушган эди. Лекин у юлдузлар фабрикаси ҳисобланадиган Аргентинада ҳам йўқолиб кетмаслигини эълон қилиб, ўз ватани либосини ихтиёр қилди. Ва жуда тўғри ишга қўл урганини таъкидлаш керак. “Барса”да порлаб бўлган Месси ҳали танилмаган тенгдошлари орасида нафақат тўпурар ва энг яхши футболчи бўлди, балки анчадан бери ушбу мусобақада кузатилмаётган ҳолат қаҳрамонига ҳам айланди: ҳар бир ўйиндан кейин ўзи тенги йигитлар Леонинг олдига келиб дастхатлар олишарди. Футболчилар олишарди!!!
Бу ҳолат Месси билан у қатнашаётган мусобақа қатнашчилари ўртасида жуда катта фарқ мавжудлигига далил эди. Шу боис ҳам, ўша йили Месси “Туттоспорт” ўтказган сўровга кўра, йилнинг энг яхши ёш ўйинчиси номини қўлга киритди. Ваҳоланки, у бу сўровда анчагина истеъдодли ҳисобланган Уэйн Руни, Криштиану Роналду ва Лукаш Подольскиларни ортда қолдириб кетганди.
Мессининг ёшлар ўртасида ажойиб ўйин кўрсатгани ва катталар ўртасидаги мундиалда деярли иккинчи таркиб ўйинчиси сифатида қатнашиши Марадонанинг ёшлигини эслатиб юборади. Диего ҳам 1982 йилги чемпионатда ўзининг ҳақиқий ўйинларини кўрсата олмаганди. Месси Германия яшил майдонларидаги беллашувларда бир гол муаллифи ва бир голга ассисент бўлса-да, кўнглидагидек қатнашмади. Мусобақа мезбонига имконият бой берилди. Ўхшашлик нақадар жиддий, а?

ТЎП БИЛАН МУОМАЛАСИ (ПАС, ЗАРБА)
Месси ва Марадона номлари кесишадиган учинчи чорраҳа шак-шубҳасиз майдондаги ҳаракатлар. Лео Диего сингари финт устаси, тўпдан ажралгиси келмайдиган йигит. Машҳур “Marca” нашри ўтказган тадқиқотга кўра, Лионелнинг Испания чемпионатидаги илк мавсумида “Хетафе” дарвозасига йўллаган голи Марадонанинг 1986 йили Англия дарвозасига киритган голига ўхшаб кетар экан. Ўйинчиларни алдаш, тўп билан муомала ва дарвозабонни ҳам доғда қолдириб, бўш қолган дарвозани ишғол этиш деталларигача бир-бирига ўхшаш эди. Айнан мана шу голдан сўнг Марадона Мессини ўзининг навбатдаги вориси эканлигини эълон қилди. Месси ўзининг ёшлигини эслар экан шундай дейди: “Мен ёшлигимдаёқ Марадонага ҳавас қилардим. Унинг жарима тўпларидан рақиб дарвозасини ишғол этишини эмас, балки рақибларини алдамчи ҳаракатлари билан алдаш услубини суярдим. Бир куни “Барса” ёшлар таркибида ўйнаётганимда, худди шу ишни такрорладим. Мен деярли Марадона бўлиб ўйнаб бердиму, рақибларим менга нисбатан бошқачароқ муомала қилиб юборишибди. Охирги ҳимоячи доғда қолганига чидаёлмай, орқадан оёғимга тепди. Ўнг оёғим синди, икки ой футболсиз қолдим. Умид қиламанки, бошқа бу воқеа такрорланмайди”.
“Хетафе” дарвозасига урилган гол ҳақида шундай дейди: “Мен ўз йўлимда Паредес, Начо, Алексис, Беленгер, Луис Гарсия ва дарвозабон Кортесни ожиз қолдириб, бўш қолган дарвозани ишғол этдим. Ишонаверинг, бунақа слалом ҳар куни ва ҳар кимга насиб этавермайди. Энг қизиқ томони шундаки, ўша куни голим ҳаддан ташқари чиройли бўлганидан, гол бўлган тўп кимошди савдосида 5400 долларга сотиб юборилди…”
Энди айтишингиз мумкин, Мессининг голи қандайдир Испания кубоги баҳсида киритилган, Марадона эса жаҳон чемпионатида ва кимсан, Англия дарвозасига йўлланган, бу қиёс тўғримикан? Биз, ҳа, деймиз, сабаби, Диего Мексикадаги голини 26 ёшида йўллаган, Лео эса эндигина бор-йўғи 21 ёш.

“БАРСЕЛОНА”
Охирги ва муҳим ўхшаш жиҳатлардан бири “Барселона”! Фақат кичкинагина фарқ бор, Марадона “Барса” либосини энг омадсиз мавсумда кийган, Месси эса бу жамоанинг юраги ҳисобланади. Марадона танилгач, ҳамманинг кўз ўнгида афсонага айланаётган даврда келган ушбу клубга, Месси эса мажбурий суратда келиб қолган эди “Ноу Камп”га. 13 ёшида “Камп” ноу” ўйингоҳига кириб, майсанинг устида юриб кўрганида, ич-ичидан ғалати бўлиб кетганини эслайди Месси: “Наҳотки, мен шундай жамоадаман? Наҳотки, мен “Барса” либосини кияман? Наҳотки…” Бу саволлар Леога уйқу бермас эди. Охир оқибат унинг орзулари рўёбга ошди ва бугунги кунда унга “Барселона” эмас, “Барселона”га у керак бўлиб қолди. Мухлислар Мессининг ўйинидан қониқиш ҳосил қилиб, ҳатто кимсан Роналдиньонинг клубни тарк этишини талаб қилишди. Ваҳоланки, ҳали-ҳалигача Лео бразилиялик футбол афсунгарининг ўйинларидан карахт эканлигини таъкидлайди.
— Мендан кўпинча компьютер ўйинларидаги Роналдиньо кучлими, ёки ҳаётдагисими, деб сўрашади, – дейди Месси бу борада фикр билдирар экан. – Мен компьютердаги Ронни фантастик ўйинчи, дейман. Кейин, озгина ўйланиб тураман-да, ҳаётдагиси бетакрор, деб жавоб бераман. Ишонаверинг, мен ўзим унинг машғулотларини кўрганман, унинг ҳаракатларини ер шарида ҳеч ким такрорлай олмайди.
Марадона учун “Барселона” Европага кириш йўлакчаси бўлган. Месси учун Европанинг ўзи. Дунёнинг ўзи. Лекин шу икки иқтидор эгаси қиёс қилинганда, истасак ҳам, истамасак ҳам, “Барселона” чорраҳасида бир тўхтаб ўтмасак бўлмайди.

Ўхшамаган жиҳатлари

ҚАНОТДА ЎЙНАШИ
Диего Армандо даври билан бугунги кун футболи кескин фарқ қилади. Замонавий футболда ҳужумчи ортида ҳаракат қиладиган ва деярли бутун ўйинни бошқарадиган диспетчерлар деярли йўқ. Ҳатто қисман шу соҳанинг вакили ҳисобланадиган Зидан ҳам кўпроқ қанотга ихтисослашиб ўйнарди. Мессининг Марадонадан фарқ қиладиган томони, у ўнг қанотда ўйнайди. Тўғри, амплуаси ёзилганида ҳужумчи деб ёзилади. Бироқ, каталонияликлар уни ўнг қанотда ўйнашга ўргатиб бўлишди. 2008 йилги Олимпиадада Месси истаган жойида ўйнади. Бунга мураббий рухсат берган. Лекин муҳим ўйинларда барибир Лео ўнг қанот вакилига айланиб бўлганини исботлаб қўйди. Бугунги кун футболи тезлашиб кетган. Марадона сингари бутун ўйинни бошқаришга имкон бермайди. Месси ҳам ана шу ҳолатлардан келиб чиқиб, индамайгина қанот ишларини мукаммал бажармоқда. Шу боис, Аргентина терма жамоаси ўйинларини диққат билан кузатсангиз, унга шу юмушдан бошқасини топширишмаяпти. Бунинг устига, бугунги Аргентинага Марадонанинг ўзи бош мураббий бўлган. Марадона ҳар ҳолда Мессининг имкониятларини яхши билади ва ўзи билан фарқ қиладиган жиҳатидан унумли фойдаланади. Эҳтимол, шунинг учундир, Месси ўз интервьюларида: “Мен биринчи Месси бўлиб қолишни хоҳлайман, иккинчи Марадона деган таърифга қўшила олмайман, чунки Марадонани такрорлаб бўлмайди!” деяётгандир?! Мессининг ўйин услубини Марадонадан кўра, Гарринчага қиёс қилсак ўринли бўлади.

ЕТАКЧИЛИК ХУСУСИЯТИ ЙЎҚЛИГИ
Месси ҳали ёш дерсиз? У ҳали озгина улғайсин, бу ҳусусиятга эга бўлсин, дерсиз? Хато қиласиз. Чунки Лео бундан кейин шу характерида қолади. Етакчилик футболчининг тажрибасидан келиб чиқадиган жиҳат эмас, балки қонига сингган туйғу бўлади. Марадона кичкина болалигидаёқ қаерда ўйнаса ўзининг биринчи рақамли футболчи эканини сезиб ўйнаган. Бошқаларни ҳам шу ҳисга ишонтиришга уринган. Терма жамоасини майдонга олиб чиқаётганда Батистута, Канижа ва бошқа бир қатор юлдузларга қарата қўлларини мушт қилиб, жипслашишга тарғиб қилган Марадонанинг қиёси Мессида умуман кўринмайди. Лео ўзининг ишини индамай қилади. Кўзидан сезилиб турадики, етакчиликка даъвоси ҳам йўқ. “Барселона” ўйинлари гарчи унинг ҳаракатлари устига қурилган бўлса-да, Месси керак пайтда умуман йўқолиб қолиши ҳам мумкин. Диего эса энг ёмон ўйинларида ҳам, тўп оёғига бўйсунмаган баҳсларда ҳам ўзининг етакчилигини номига бўлсин, бировга топширмаган. Айнан мана шу жиҳатнинг йўқлиги келажакда Мессидан ҳам бус-бутун Марадона чиқмаслигига далил бўлса, ажаб эмас.

ЎЙИННИ ЕЛКАСИГА ОЛА БИЛМАСЛИГИ
Бу жиҳат ҳам етакчиларга хос бўлади. Месси Аргентина терма жамоасида ҳали бу ишга таклиф этилмади. Аммо “Барса”да кўп бора синовдан ўтди. Айниқса, ўтган йили Роналдиньосиз қолган каталонияликларни ЧЛ ярим финалига олиб тушганида намоён бўлиб қолди. “Манчестер Юнайтед” юлдузлари Мессига финт қилишга имкон беришди, ўнг қанотида мухлислар олқишига сазовор бўлишга имкон беришди, бироқ Роналдиньо бўлишга рухсат беришмади. Диего Армандо финт қила олмаган кунлари ҳам ўйинни елкасидан тушириб юбормаслик учун уринарди. Мен шахсан унинг “Спартак” – “Наполи” ўйинидаги ҳаракатларини эслайман. Энг ёмон ўйинларидан бири бўлган, бироқ, шу куни ҳам “Спартак”ка мухлислик қилганимдан Марадонанинг важоҳатидан бутун ўйин қўрқиб турганман. Унга тўп берманглар, деб бақириб ўтирганим ҳамон ёдимда.

ЖАРИМА ТЎПИНИ ТЕПМАСЛИГИ
Марадона деганда жарима тўплари, бурчакдан узатиб берилаётган тўплар кўз ўнгимизда гавдаланади. Лекин Месси асосан финтёрлиги билан ном қозонган. Тезкорлиги билан ажралиб туради, керак пайтда тўпни шерикларига узатиб бериши билан донг таратган. Марадона эса жуда тезкор ўйинчи бўлмаган, бироқ диспетчерлик масаласида беназир бўлган, дея оламиз. Шунингдек, тўпни рақиб дарвозасига йўллаётганда чизма муҳандисларидан ҳам аниқ ҳаракат қилган. Мессида охирги зарбани йўллашда катта муаммо бор. Дарвозанинг олдигача ҳайрон қоларли даражада олиб келиши мумкин, бироқ сўнгги паллада аянчли зарба йўллайди. Шунинг учун ҳам Роналдунинг ҳаракатлари кўпинча футбол клипларидан ўрин олгану, Мессиники тушиб қолган. Чунки португалиялик юлдуз сўнгги зарбани жуда аниқ йўллайди. Ҳатто яқинда Роберто Карлос ҳам бу зарбаларга ҳайрон эканлигини айтиб ўтди. Месси агар қиёс қилинаётгандек Марадона бўлмоқчи эрса, шак-шубҳасиз ушбу кемтик ўринини тўлдириши керак. Балким бундай ҳолатга келишига, Месси ўзининг кумири сифатида бус-буткул Марадонани эмас, балки Пабло Аймарни эътироф этгани сабабдир?! Аймарда ушбу камчиликлар яққол кўзга ташланиб турарди.

ЖУДАЯМ ОДОБЛИЛИГИ
Энг асосий жиҳатга етиб келдик. Футбол юлдузи бўлиш учун инсон ё ҳаддан ташқари одобли бўлиши керак, ёки телба ролини бажариши лозим. Тўғри, мен футболчиларни одобсиз бўлишга ундамайман. Лекин бахтга қарши, даҳоларнинг ҳаётини дақиқ кўз билан ўқисак, шунга амин бўламизки, уларнинг даҳо бўлишига туртки бўладиган жиҳати айнан шу масаладир. Сократес файласуфлиги билан ҳаммани ҳайрон қолдиради, Росси машғулотни бир тийинга олмаслиги билан. Роналдо ва Зидан хотиржамлиги билан мухлислар тўплашган, Марадона, Стоичков кабилар ўйинда асабийлашиши, натижа учун жонини ҳам берворадиган даражада фидоийлик қилиши билан донг таратишган. 1982 йилги мундиалда Диего Марадона бор-йўғи 22 ёшда бўлган. Лекин ўша мусобақанинг ўзидаёқ Марадона қизил карточка олиб, майдонни катта ўйинчилардек важоҳат билан тарк этиши, унинг келажакда хоҳлаган ишини бажарадиган юлдуз бўлишига далолат эди. Бугунги қаҳрамонимиз биринчи тоифага тегишли. У Роналдиньодан финтни ўргангану, ҳамма нарсани унутиб юбориш хусусиятидан дарс олмаган. У Марадонанинг хатти ҳаракатларига ошуфтаю, лекин унинг жиззакилигини хуш кўрмайди. У жаҳон футболида қизил карточка олмаган даҳо бўлиб қолишни истайди. Ҳатто Зиданни ҳам қуюшқондан чиқарадиган вазиятларга эътибор бермаслиги билан ажралиб туришни истайди. Ўзининг интервьюларида ҳам шундай дейди: “Мен оддий ўйинчиман, менга мураббий нима қилишим кераклигини кўрсатган. Шундан ошиғини қилмайман. Агар гол урсам, жамоамники бўлади. Агар муваффақиятсизликка учрасак ҳам, бутун жамоаники бўлади!”
Марадона бундан 25 йил олдин бу хусусда бошқачароқ фикр билдирган: “Мен боримни ташлайман. Агар жамоам ютқазадиган бўлса, бутун айбни менга тўнкашсин. Мабодо ғалаба қозонадиган бўлса, менинг ҳиссам борлигини ҳам унутмасин!”

Мана шунақа гаплар. Месси ва Марадона сиймолари ўртасида анчагина кесишган ва кесишмаган нуқталар бор. Шу пайтга қадар, жуда кўп “Марадона-II”лар ҳақида гап-сўзлар бўлди. Бироқ, уларнинг биронтаси ишончларни оқлашмади. Худди “иккинчи Пелелар” сингари. Биз ҳам Месси ўз йўлини излашини, келажакда фақат Месси бўлиб қолишини истардик. Чунки тажриба шуни кўрсатадики, фалончининг нусхаси бўлишдан кўра ўзининг асли бўлиб яшаш осонроқ ва маъқулроқ экан.

Хайрулло Ҳамидов (Ушбу мақола 2009 йили “Чемпион” газетасида чоп этилган)

Манба: gol.uz
Киритилди: 21:46, 28.09.2015.
Ўқилди: 5431 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.