Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Гол уришни унутаётган ҳужумчиларимиз

Баҳо:
+ | -

Фуболни голлар безайди. Голни эса асосан ҳужумчилар уришади. Форвардлардан энг аввало, вазиятларни тўғри баҳолай олиш, голни олдидан сезиш талаб этилади. Жорий мавсум олий лига ўйинларида ҳамон тўп кирита олмаётган бир қатор ҳужумчилар бор. Айримлари мавсум бошланганидан бери голлари сонини оча олмаган бўлишса, бошқалари қачон тўп киритганини эслай ҳам олишмаяпти. Танаффус узоқ вақт чўзилиб кетмоқда. Хўш, бу омадсиз ҳужумчилар кимлар? Буни қуйида билиб олишингиз мумкин.

Лочин СОЛИЕВ

(«Андижон»)

Бир вақтлари Бахтиёр Ҳамидуллаевнинг издоши бўлиши кутилган Лочин Солиев сўнгги пайтларда гол урмай қўйди. Бунга футолчининг етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаётганлиги ҳам сабабдир. Ҳар ҳолда жамоага Анвар Бердиев келганидан сўнг ҳужум чизиғида кучли рақобат юзага келди. Қолаверса, Абдулатиф Абдуқодиров ҳам борлигини унутмаслик керак. Шундай вақтда Солиевга ўйин амалиёти кам тегмоқда. Барибир, у яратилган вазиятларни голга айлантириши ҳамда ҳужумчига хос хислатини кўрсата олиши даркор. Буни эса футболчи ҳозирча уддалай олмаяпти. Жамоа ҳужумларини асосан Бердиев якунламоқда. Буни қарангки, ўтган мавсум мобайнида умуман ўйин амалиётига эга бўлмаган ҳужумчи ўзига билдирилган ишончларни голлари билан оқлай бошлади. «Андижон»нинг давралар оралиғида амалга оширган энг яхши харидларидан бири бўлмоқда.

Умуман олганда, «Андижон» сафар ўйинларида асосан бир ҳужумчи билан ҳаракат қилмоқда. Жамоа ҳимоявий ўйин услубини афзал кўрмоқда. Уйда эса аксинча, нохуш вазият ҳукмрон. Шу боис Солиев ҳам гол уролмаётгандир? Кўрамиз, унинг голсиз серияси қачонгача давом этаркин?

Алишер ХОЛИҚОВ («Қизилқум»)

Олий лига тўпурари бўлган Алишер Холиқовнинг қандай ҳужумчи эканлигини кўпчилик яхши билади. Сўнгги йилларни «Қизилқум» сафида ўтказаётган Холиқов ҳам гол урмай қўйди. Тўғри, у олий лиганинг 20-турида «Насаф»  билан ўйин (1:2)да пенальтидан тўп киритишни уддалади. Унинг сўнгги голи ҳозирча шу. Қолаверса, қаршиликлар билан ўйинга қадар Холиқов ҳужумчи сифатида гол ура олмаётганди. Анча вақт майдонни юқори кайфиятда тарк этмаганлиги боис, пенальти тепиш ҳуқуқини олган бўлиши ҳам мумкин. Навоийликларда Баҳриддин Ваҳобов тўпурарлигини кўрсатмоқда. У жорий мавсумни ўта юқори савияда давом эттирмоқда. Давралар оралиғида Наврўзбек Алимов, Виктор Клишин сингари ҳужумчилар таклиф этилди. Табиийки, бундай ўзгаришлар сабабли, Холиқовга бўлган ишонч бироз камайди. Шунга қарамай, жамоа мураббийлар штаби ҳар бир ўйинда Алишерга имконият тақдим қилмоқда. Бироқ у гол уришнинг уддасидан чиқмаяпти. Унинг юлдузлик онлари ортда қолган кўринади.

 

Зоҳир ҚЎЗИБОЕВ

(«Машъал»)

Ўтган мавсумда элитада дебютини ўтказганига қарамай, Қўзибоев сермаҳсуллиги билан бошқалардан ажралиб турганди. Яъни, тўп киритиш бўйича бошқа амплуадошларига ўрнак бўлганди. Агар Геворкян охирги турларга келиб, голлари сонини кўпайтирмаганида, Қўзибоев олий лигадаги биринчи мавсумидаёқ тўпурар номини олиши ҳеч гап эмасди. Унинг ўзида шундай имконият туғилганди. Жорий мавсумда жамоа сардори сифатида шерикларини майдонга олиб чиқаётган ҳужумчи гол уришдан тўхтаб қолди. Мавсум бошида киритган тўпларини инобатга олмаганда, Зоҳирда ҳам жимлик юзага келди. Бунга нима сабаб бўлаётганлигини жамоа бош мураббийи Александр Хомяковнинг ўзи ҳам матбуот анжуманларида бир неча маротаба таъкидлаб ўтди. Айтиш керак, бугунги кунда жамоанинг аксарият голлари ёшлар томонидан урилмоқда. Зафар Тўраев, Хумоюн Муртазоев яхши ўйнаган ҳолда тўп киритишда давом этишмоқда. Қолганлар ҳақида бундай фикр билдириш қийин.

 

Анвар РАЖАБОВ

(«Бунёдкор»)

Мавсумни «Сўғдиёна»да бошлаган тажрибали ҳужумчи Анвар Ражабов бир нечта голлари билан жиззахликларни хурсанд қилганди. Кейинчалик жамоани кўплаб футболчилар тарк этишди. Уларнинг орасида Ражабов ҳам бор эди. «Бунёдкор»дан чақирув олганидан сўнг пойтахтда қўним топган бухоролик ҳужумчи ҳамон голсиз сериясига барҳам берганича йўқ. Тўғри, оралиқ танаффус вақтида назорат ўйинларида кўплаб тўплар киритишни уддалади. Расмий ўйинларга келганда эса, Анвар ўзини намойиш қила олмаяпти. Сергей Лушан ҳам ҳар бир ўйинда Анвар Ражабовдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилиб, унга имконият тақдим қилмоқда. Элдор Шомуродовнинг соясида қолиб кетмоқда. Чиндан ҳам ёш форвард тўпурарлик маҳоратини намойиш этаётган бир паллада Ражабов захирада қолмоқда. Гол урмаганидан кейин, бош мураббий бошқасига имконият беришга ҳаракат қилади-да.

Отабек ИСРОИЛОВ
(«Нефтчи»)

Жорий йилги чемпионат ўйинларида ҳамон гол ура олмаётган ҳужумчи биринчи даврани «Бухоро»да ўтказди. Биласиз, бу жамоа ҳужумчини катта умидлар билан таклиф этганди. «Нефтчи»даги чиройли ўйинлари билан танилган Отабек «Бухоро»да умуман ўзини кўрсатишнинг уддасидан чиқмади. Оқибатда, биринчи даврадан кейин клуб раҳбарияти у билан хайр­лашди. Чунки гол урмаган футболчи кимга керак? Якунда, фарғоналиклар сафига қайтган Отабек бу ерда ҳам гол ура олганича йўқ. Унга имконият берилмоқда. Дастлабки тўпини киритишга келганда эса Исроилов оқсамоқда. Бу қачонгача давом этиши номаълум. Иқтидорли дея таърифланган футболчининг рақиб дарвозасини ишғол эта билмаслиги ачинарли, албатта.

Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 23:31, 28.09.2015.
Ўқилди: 3671 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.