ФИФА раҳбари Йозеф Блаттер футбол бўйича Россияда бўлиб ўтадиган 2018 йилги жаҳон чемпионати ва Қатар мезбонлик қиладиган 2022 йилги ЖЧ ўйинлари учун чипталар сотиш ҳуқуқини беришда ўз лавозимидан фойдаланган ҳолда порахўрликка қўл ургани гумон қилинмоқда. Бу ҳақда ФИФАнинг порахўрликка қарши кураш қўмитасининг собиқ аъзоси Александр Врагга асосланиб, L'Equipe хабар берган.
Хабарда айтилишича, Блаттер чипталарни тарқатиш ҳуқуқини ўз қариндоши Филипп Блаттер фаолият кўрсатадиган Match Hospitality компаниясига берган. Бу компания эса тегишли тендерда иштирок этмаган ҳам.
Бироз олдинроқ, Бразилия полицияси Match Hospitality компанияси 2014 йилги мундиал учун чипталар сотилишида ноқонуний равишда иштирок этганидан шубҳаланганди. Рио-де-Жанейро полицияси 2013 йилда мундиал учун чипталар сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳни бартараф этган, бу гуруҳ ФИФА томонидан ажратилган чипталарни "қора бозор"да сотгани аниқланганди.
Швейцария ҳукумати 24 сентябрь куни ФИФА президенти Йозеф Блаттерга нисбатан жиноий иш қўзғатганди.
Шунингдек, ФИФАнинг ахлоқ бўйича қўмитаси ҳам унга нисбатан текширувлар бошлаган.
Блаттер яқин вақт ичида ўз хоҳиши билан ишдан кетмаса, мажбуран кетказилиши айтилган.
ФИФА раҳбари УЕФА президенти Мишель Платинига ноқонуний тарзда 2 млн швейцар франки ўтказиб берганликда гумон қилинмоқда.
Шунингдек, ФИФА президенти Йозеф Блаттер унинг фаолияти билан боғлиқ тергов тугагунгача Швейцария ҳудудида қолишга мажбурлиги хабар қилинган.
Маълумот учун, Блаттер 1998 йилдан буён ФИФАга раҳбарлик қилиб келади. У 2015 йилнинг 29 май кунида бешинчи марта президентликка сайланган, лекин кўп ўтмасдан ташкилотдаги можаролар туфайли ўз лавозимини муддатидан аввал тарк этишини эълон қилганди.