Кириш Регистрация
13/05 00:00 Страсбур 2-1 Метц
13/05 00:00 Клермон 0-1 Лион
13/05 00:00 Нант 1-2 Лилль
13/05 00:00 Монпелье 0-2 Монако
13/05 00:00 ПСЖ 1-3 Тулуза
13/05 00:00 Ренн 1-1 Ланс
13/05 00:00 Марсель 3-1 Лорьян
13/05 00:00 Бетис 3-2 Альмерия
13/05 19:00 Сурхон 1-1 Динамо
13/05 19:00 Насаф 0-0 Бунёдкор
13/05 21:30 Лечче 0-2 Удинезе
13/05 23:45 Фиорентина 2-1 Монца
14/05 00:00 Астон Вилла 3-3 Ливерпуль
14/05 00:00 Барселона 2-0 Реал Сосьедад
14/05 19:00 Локомотив - ОКМК
14/05 22:30 Осасуна - Мальорка
15/05 00:00 Тоттенхэм - Манчестер Сити
15/05 00:30 Реал Мадрид - Алавес
15/05 01:00 Жирона - Вильярреал
15/05 22:30 Севилья - Кадис
15/05 22:30 Райо Вальекано - Гранада
15/05 23:45 Брайтон - Челси
16/05 00:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл
16/05 00:00 Реймс - Марсель
16/05 00:00 Ницца - ПСЖ

Асоссиз танқид - ғийбатга қиёс

Баҳо:
+ | -

Ютуқни эътироф этиш осонроқми ёки нуқсонни танқид қилиш? Албатта, четдан туриб фикр билдириш мушкулот туғдирмайди: хоҳ салбий бўлсин, хоҳ ижобий. Аммо шуни унутмаслик жоизки, ҳар қандай мақтов замирида руҳий рағбат ётади, шу тариқа муайян шахсни келгусидаги улкан ғалабалар сари илҳомлантириш мумкин. Салбий фикрлар эса аксинча, ўз олдига юксак мақсадларни қўйган киши ҳафсаласини пир қилиб, уни тушкунликка етаклаши турган гап. Хўш, агарда муайян шахс шаънига ёғдирилаётган танқидлар асоссиз бўлса-чи? Бор меҳр ва маҳоратини зиммасидаги ишга сафарбар этаётган одамнинг ҳаракатлари қадр топмаса-чи? Бундай босим ҳар қайси кучли инсоннинг ҳам силласини қуритиши табиий. Сўнгги йилларда Ўзбекистон миллий термаси устозларининг бошига айнан шундай қисмат тушаётгани инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айланиб бормоқда. Оқибатда бу ҳолат бош жамоамизнинг расмий ўйинлардаги натижаларига ҳам таъсир кўрсатмай қолмаяпти...

Ёдингиздами, Вадим Абрамов термамиз бошқарувини қўлга олган кезлари ўртоқлик ўйинларидаги мағлубиятлар кескин қораланганди. Кейинчалик ушбу мутахассис Осиё кубоги-2011даги ёрқин ўйинлар орқали барча танқидлар ўринсиз эканини исботлади. Шунда ҳам вазиятга нотўғри ёндашганлар топилди. «Чорак финалда бизга кучсиз рақиб учради, мана, ярим финалда ҳақиқий салоҳиятимиз кўринди» қабилида фикрлар дамба-дам янгради. Кейин ЖЧ-2014 саралаш баҳслари ўзбек футболи тарихида ўчмас из қолдирди: Япония термаси таслим этилди. Шунда ҳам Вадим Карленовични мақтовга лойиқ кўрганлар камчиликни ташкил қилишди, уни қўллаб-қувватлаш ёддан чиққанди. Охир-оқибат, бу лоқайдлик ўз сўзини айтди: саралашнинг кейинги босқичи омадсиз бошланди - Эрон термасига қарши ўйин бой берилди. Воқеаларнинг кейинчалик қай тахлит ривож топгани мухлисларга кундек равшан...

Сўнгра бош мураббий ваколати иккинчи марта Миржалол Қосимовга ишониб топширилди. Айнан шу мутахассис танқидлардан азият чекканлар рўйхатида пешқадам. Хўш, унинг шаънига йўлланган салбий фикрларнинг барчаси ҳам асослимиди? Нима эмиш, ливанликларга қарши сафар баҳсида дуранг қайд этилмаганида ёки кореяликлар билан ўйин бой берилмаганида, термамиз мундиалга чиқарди. Шундай паллаларда Қатар ва Эрон майдонидаги мураккаб ўйинларда қўлга киритилган ғалабалар иккинчи даражага тушди-қолди. Қийинчилик билан эришган ғалабаси ёддан чиқиб, омадсиз иштироки учун тинмай танқид эшитаверадиган кишидан яна ижобий натижа кутиш адолатданми? Қосимов айнан шундай ҳолатга тушди. Бир мақсад йўлида бирлашишни мақсад қилган мутахассисни қўллаб-қувватловчилар кўп эмасдилар. Якунда барчаси биргина қарор билан барҳам топди - истеъфо!

Кейинчалик ўта масъулиятли вазифанинг кимга топширилиши кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳар ким ўз номзодини илгари сура бошлади. Буни қарангки, Ўзбекистон термаси бош мураббийлигига Самвел Бабаян лойиқ кўрилди. Бу албатта, кутилмаган тайинлов эди. Шундай қилиб, мундиал йўлланмасини қўлга киритиш миссиясини бажаришдек масъулиятли вазифа «Пахтакор» менежери зиммасига юклатилди. Кимга шодлик, кимга қайғу...

Самвел Вячеславовичнинг бош мураббийликка тайинланишидан то ҳозирга қадар ўтган вақт шуни кўрсатмоқдаки, унинг терма жамоадаги фаолияти ҳам асоссиз танқидлардан холи бўлмайди. Биринчи навбатда, янги бош мураббийнинг Яман ва Филиппин термаларига қарши ўйинларга танлаган таркиби кенг муҳокама қилинди. Бу борада ҳам танқидчилар фаоллик кўрсатишди. Асосий урғу Александр Гейнрихнинг терма жамоага чақирилишига қаратилди. Фаолиятини Қозоғистонда давом эттираётган ҳужумчини Ўзбекистон термасида ўйнашга муносиб, деб билувчилар камчиликни ташкил қилишди. Амалда эса, яманликларга қарши баҳсда айнан Саша урган гол ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Аммо на Гейнрих эътироф этилди, на уни бош жамоага қайтарган Бабаян...

Бу ҳали ҳаммаси эмасди. Филиппин термасининг хориж футболчилари билан бойитилган таркиби кўнгилларга ғулғула солди, яманликларга қарши баҳсдаги камтарона ғалаба Манилада муваффақият қозониш имкониятини хавф остига солгандек туюлди. Аммо Ўзбекистон термаси сафардан ишончли ютуқ билан қайтди. Икки ўйинда - 6 очко. Аммо бу натижа аҳамиятини йўқотгандек, гўё. Чунки ушбу ғалабалардан кейин ҳам термамиз мураббийлар штаби, хусусан, Самвел Бабаяннинг боши танқидлардан чиқмади. Кимдир янги бош мураббийни «Пахтакор»га меҳр қўйганликда айбласа, бошқа биров таркиб нотўғри тузилганидан зада. Вадим Абрамовнинг матбуот анжуманидаги чиқиши эса дард устига чипқон вазифасини ўтади. «Локомотив» устозининг фикрига шахсан ЎФФ президенти муносабат билдирди, шу боис, бу масалага ортиқча тўхталиш ножоиз. Лекин Бабаянни терма ўзагини «Пахтакор» футболчиларидан тузаётганликда айблаш нотўғри. Нега дейсизми?

Сир эмаски, Ўзбекистон миллий термаси асосини хориж клубларида тўп суришаётган легионерларимиз ташкил қилишади. Шундай экан, таркибнинг «шерлар» ҳисобига тўлдирилаётгани ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз. Мисол учун, Филиппин термаси билан баҳсни олайлик, ким ортиқча эди? Андреевми, Сергеевми, Кримецми ёки Лобанов? Тўғри, Лобанов икки ўйин натижасига кўра, танқидга лойиқ футболчилар орасида биринчи ўринда турибди. Агар Бабаян кейинги ўйинларда ҳам унинг хизматига мурожаат этишни жоиз топса, танқидлар ёмғири остида қолиши турган гап. Дарвозабон - ярим жамоа. «Пахтакор» посбонининг эса бу вазифани уддалай оладиган даражага чиққунча бироз меҳнат қилишига тўғри келади. Бошқалар эса Бабаяннинг ишончини тўла оқлашди. Андреев ёмон кўринмади, Сергеев «дубль» қайд этди, Кримец эса Анзурга шерикликни қойиллатди. Аммо барибир, Самвел Вячеславовични айбдор сифатида кўрсатаётганлар топилмоқда.

Юқоридаги фикрлар муайян шахсни оқлаш мақсадида билдирилмади. Мақсад - Абрамов, Қосимов ёки Бабаяннинг ёнини олиш эмас. Аксинча, миллий терма жамоамиз бошқарувида ким ишлашидан қатъий назар, унинг меҳнатини ҳурмат қилиш, мураббийлар штаби ва футболчиларни янги ғалабалар сари руҳлантиришга даъват этиш.

Асоссиз танқид халқимиз орасида қораланадиган иллатлардан бири - ғийбатга қиёс. Ғийбатни эса асосан ғаламислар тарқатишади. Октябрь ойида термамизни масъулиятли ўйинлар кутиб турибди. Насиб қилса, Баҳрайн термаси ҳам, КХДР футболчилари ҳам мағлуб этилади. Асосийси, ишончга таянсак, бас. Шу тариқа бош жамоамиз мураббийлар штаби, футболчиларимизга илҳом бахш этишимиз мумкин. Бу ўринда, футбол жамоатчилигини ўз хусумати домига тортишга уринаётганлар ғоясидан воз кечиш муҳим. Бабаян терма жамоа бош мураббийлигига лойиқ кўрилдими, демак, кейинги ўйинларда уни тўла қўллаб-қувватлашимиз шарт. Таркибни «Пахтакор» аъзолари ҳисобига тўлдирадими, кўпчилик ёқтирган ўйинчилардан воз кечадими, айрим клублардаги футболчилардан «сайёҳ» сифатида фойдаланадими - бу унинг иши. Ўз ғоялари билан терма жамоани мундиалга олиб чиқишга ишонаётган паллада уни ёлғиз қолдириш адолатданми? Мақсадимиз жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш экан, нега энди бир мақсад йўлида бирлашмаслигимиз керак?

Яна бир бора такрорлаймиз, бу мақолада айнан Бабаяннинг терма жамоамиз бош мураббийи лавозимида ишлаётганидан келиб чиқиб, фикр юритилмади. Мазкур вазифани бажараётган ҳар бир шахсни қўллаб-қувватлаш даркор. Мураббийлар алмашаверадилар, ишқибозлар эса ўзгармайдилар, уларнинг орзу-умидлари ўз кучини сақлаб қолади. Мақсадимиз - мундиал йўлланмаси. Уни қўлга киритмоқчи эканмиз, асоссиз танқидлардан воз кечиб, ғалабаларни эътироф этишни ҳам ўрганайлик.

Манба: "Интерфутбол" газетаси

Ўткир Умаров

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 17:09, 03.10.2015.
Ўқилди: 2995 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.