Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Юрген Клоппни "Ливерпул"да нималар кутмоқда?

Баҳо:
+ | -

"Боруссия" Дортмунд собиқ устози Юрген Клоппнинг "Ливерпуль" бошқарувига тайинланиши ўтган ҳафтадаги энг диққатга молик воқеалардан бири бўлди. Немис мутахассиси ўзининг қизиққон табиати, шу билан бирга ноёб мураббийлик истеъдоди билан ном қозонган. Шубҳасиз, унинг АПЛда пайдо бўлиши кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди. Sports.ru сайтида эълон қилинган мақолада Клоппнинг мерсисайд клубидаги келажаги билан боғлиқ бир қатор таҳминлар илгари сурилган.

Мухлислар умиди

"Ливерпуль" раҳбарияти Брендан Рожерс билан ҳамкорликка нуқта қўйиб, бирданига икки муаммони ҳал этди: биринчидан, FSG (Fenway Sports Group – клубнинг америкалик хўжайинлари) ниҳоят 2010 ва 2012 йилларда ўзлари шартнома имзолашни истаган менежерга эга бўлди, иккинчидан, мухлислар ўртасида юзага келган норозилик кайфияти "ўчирилди".

Ҳозирги вазият иккала томон учун ҳам фойдали. Мавсум якунида жамоа Чемпионлар Лигасига йўл ола билмаса ҳеч ким Клоппдан хафа бўлмайди, аксинча жамоа кучли тўртликка кирса, ушбу натижа 2013/14 йилги иккинчи ўрин билан тенглаштирилиши мумкин.

"Ливерпул"да ҳамиша мураббий шунчаки оддий мураббийдан кўра кўпроқ моҳият касб этган. Унга нафақат шонли тарихга эга клубнинг, балки барча мухлислар ва бутун бошли шаҳарнинг анъаналари қўриқчиси сифатида қаралган. "Ливерпуль" мухлисларидек ўта талабчан ва қаттиққўл ишқибозларни топиш амри маҳол. Яхшигина маблағ сарфлаётган мерсисайдлик мухлислар "Норвич"га қарши 3 та ҳимоячи билан ўйнаб бор-йўғи 1:1 қайд этадиган жамоани эмас, қизиқарлироқ ўйинларни кўришни хоҳлашмоқда.

Менимча, кимдир Рожерснинг тенги йўқ нотиқ экани ёки унинг матбуот анжумани бетараф омма учун қизиқарли бўлгани ҳақида иддао қилмаса керак. Вақт ўтган сари унинг ўйиндан кейинги фикрлари ҳазил ва мемлар учун яхшигина туртки бўлиб хизмат қила бошлаганди.

Клопп бундай муаммоларга дуч келмаслиги аниқ. Чунки футболдан бироз вақт дам олган немис мутахассиси омма эътиборида бўлиш санъатини пухта ўзлаштирган.

Трансфер қўмитаси билан ишлаш

FSG трансферлар учун жавоб берадиган малакали мутахассисларга эга бўлиб, аслида у клубни янги бош мураббий тайинланиши билан юз бериши мумкин бўлган оммавий тозалашлардан муҳофаза қилади.

Трансфер қўмитаси – ёмон лойиҳа эмас, аксинча ижобий натижа тақдим қилиши мумкин. Аммо "Ливерпуль" билан боғлиқ вазиятда бундай фикр юритиб бўлмайди. Рожерс 2012 йили дунёнинг энг машхур клубларидан бирини қабул қилиши билан тарозининг минуслар палласи оғир келди. Брендан ҳар янги мавсум бошида назоратни янада кўпроқ ўз қўлига олишни сўрар, айнан трансферлардаги якуний қарорнинг етишмаётгани унга натижа қайд этишида камлик қилаётганини таъкидларди.

Клоппнинг фойдасига ишлайдиган бир жиҳат – унинг худди шунга ўхшаш қўмита билан муваффақиятли фаолият юритгани. "Боруссия"да у билан бирга ишлаган одамларнинг айтишича, Юрген ҳақиқатдан ҳам трансферларга аралашиш ва агентлар билан мулоқот қилишни ёқтирмайди.

Германиядаги таниқли журналистлардан бири Рафаэль Хонигштеинга кўра, Клопп даврида "Боруссия"га келган янги ўйинчиларнинг 90 фоизи мураббийнинг танлови бўлмаган, аммо шу билан бирга бирорта харид мураббийнинг розилигисиз амалга оширилмаган.

Ихтиёрида ким бўлса, ўша билан ишлашга мажбур

Агар Рожерс мавсум давомида эмас, балки ёзда вазифасидан озод этилганида бу қарор анча тўғридек кўринарди.

Эндиликда FSG ўзига янги харажатларни кафолатлаб қўйди (эҳтимол, бу воқеа қишдаёқ рўй берар). Тўғри, улар Рожерсга ҳам худди шундай имконият яратиб беришган. Аммо ёзда сотиб олинган футболчилар ишончни оқлай билмаса, бунда биринчи навбатда FSG ўзини айблаши лозим.

Клопп оддий ўйинчидан ноёб иқтидор эгасини юзага келтира олувчи футбол оламидаги кам сонли мутахассислардан бири.

Ҳозир "Ливерпул"да ўз салоҳиятини тўла-тўкис ишга сололмаган каттагина иқтидорлар гуруҳи жамланган. "Қизиллар"нинг трансфер сиёсатидаги энг асосий камчилик – бу жамоани тарк этган етакчининг ўрнини ўз вақтида ва тўғри тўлдира олмаслик. Ушбу муаммони немис мутахассисининг аввалги ва ҳозирги жамоасига хос "ҳислат" дейиш мумкин. Эҳтимол, жамоа ўйинини ҳар йили янги ўйинчи атрофида қуриш Клоппнинг ҳам жонига теккандир.

Юрген Клопп мавсум якунига қадар таркибни ўзгартириш ва ўзи истаётган ўйинчини сотиб олишга фақат январда қўл ура олади. Унгача эса ихтиёрида ким бўлса, ўшандан фойдаланиб туришга мажбур.

Эътиборлиси, "Ливерпул"даги бир қатор ўйинчилар немис мутахассиси учун жуда ҳам яхши таниш. Жумладан, унинг "Боруссия"си 2013 йили Бентекени сотиб олишга уриниб кўрган ва узоқ вақт Фирмино, Ориги ва Гомесни кузатиб келган.

Қолаверса, Клоппнинг "Ливерпул"да қандай ўйин услубини танлаши ҳозирда кўпчиликни қизиқтираётган саволлардан бири. Маълум бўлишича, Юрген "Боруссия"даги 235 учрашувда 4-2-3-1 тактикасини танлаган, шунингдек, 38 ўйинда 4-4-2 (ромб), 15 ўйинда 4-5-1, 11 ўйинда 4-4-2, 10 учрашувда эса 4-3-3 тактик схемасини афзал кўрган.

Ҳимоядаги муаммолар

"Агарки жамоа ўз дарвозасидан 62 та тўп олиб чиқса, бу ерда муаммо фақат ҳимояда эмас", - дея Клопп "Боруссия" ҳимоясидаги муаммолар хусусида фикр юритганди.

Жорий мавсумда "Ливерпуль" ҳимояда йўл қўйилган хатолар (8) бўйича АПЛ пешқадами бўлиб турибди. Рожерс даврида жамоа хавфли вазият ёки дарвозага зарба йўллаш билан тугаган жами 116 та хатога йўл қўйди.

Клопп "Боруссия"да футбол жамоатчилигига ўзининг "gegenpressing" (маъноси,  gegen – қарши, яъни прессинга қарши) услубини тақдим этганди.

Шунга ўхшаш манзарани "Барселона" ўйинида ҳам кузатиш мумкин, бунда футболчилар тўпни йўқотгани заҳоти кўпчилик бўлиб курашга қўшиладилар. Бундай прессинг вақтида жамоа 5 сония ичида тажокузкор прессинга киришади ва натижада рақиб қарши ҳужумни бошлай олмай, майдоннинг ўзига тегишли бўлган ҳудудда тўпни олдириб қўяди. Агар жамоа рақибдан тўпни олиб қўя олмаса, қисқа вақт ичида одатий ҳимояланиш услубига қайтади.

"Тўпни қайтариб олиш учун энг яхши фурсат бу уни йўқотган заҳоти курашга киришиш", - дея Клопп прессинг хусусида фикр юритганди.

Gegenpressing Клопп даврида темир интизом ва юқор жисмоний тайёргарликнинг асоси эди. Айниқса, бунга эришишда қишги танаффус вақтидаги испан қуёши остида ўтган тинимсиз машғулотлар муҳим аҳамият касб этган. Шу боисдан ҳам "Боруссия" чемпионтнинг иккинчи ярмида янада кучлироқ ўйин намойиш қилган.

Аммо АПЛда ҳеч қандай қишги танаффус бўлмайди. Унинг ўрнига жамоалар  Boxing day да майдонга тушадилар. "Ливерпуль" Рожерснинг 3 йиллик мураббийлик даврида мунтазам ўзининг энг юқори спорт формасига айнан чемпинатнинг иккинчи ярмида чиққан ва бунда ҳеч қандай танаффусга эҳтиёж сезмаган.

Ҳужумдаги муаммолар

Мерсисайдликлар айниқса, фақат ҳимоя ҳақида ўйлайдиган ўртамиёна жамоаларга қарши учрашувларда натижага эришолмай келмоқда.

Ҳатто Клоппнинг сўнгги мавсумида унинг "Боруссия"си "Ливерпуль" сингари бу каби муаммоларга рўбаро бўлмаган. "Боруссия"нинг 508 голидан фақат 39 таси пенальти ёки стандартлардан кейин киритилган. Ушбу кўрсаткич орқали Клоппнинг ўз футболчиларига рақиб ҳимоясини қай тариқа ёриб ўтиш мумкинлигини муаммосиз тушунтира олишини кўриш мумкин.

Маҳмуджон АЗИМОВ таржимаси

 

Манба: arena.uz
Киритилди: 14:03, 12.10.2015.
Ўқилди: 3357 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.